ИМОМЛИК – БУЮК МАСЪУЛИЯТ

        Имом, инсонларни тўғри йўлга бошловчи ёки эзгу ишларга йўллайдиган шахсдир. Пайғамбарлар, уламолар ва солиҳ кишилар хайрли ишларнинг имоми ва пешвосидир. «Имом» арабча сўз бўлиб, тўғри йўлга бошловчи, пешво маъносини билдиради. Шунингдек, ўзида савоб ишларни мужассам қилган инсон маъносини ҳам англатади. Демак, бир сўз билан айтганда, имом кишиларни эзгу мақсадлар сари етакловчи ва ҳидоятга йўлловчидир. Қуръони каримда айни шу маънони ифода этувчи бир қанча оятлар бор. Жумладан,

«Эсланг, Иброҳимни бир неча сўзлар билан Робби имтиҳон қилганида, уларни мукаммал адо этди. Шунда (Аллоҳ): «Албатта, Мен сени одамларга имом (пешво) қиламан», деди…»(Бақара, 124 оят).

     Оят мазмунидан шундай хулоса чиқариш мумкинки, имомлик вазифаси юқори мартабадир. Иброҳим (алайҳиссалом) кўп имтиҳонлардан муваффақиятли ўтганларидан кейин Аллоҳ таоло иноят қилиб, имомлик вазифасини ато этган. Бундан ҳар қандай кишига имом деб эргашиб бўлмаслиги ҳам маълум бўлади. У катта синовлардан ўтган, етук салоҳият ва иқтидор соҳиби каби улуғ фазилатларга эга солиҳ киши бўлиши лозим. Имомнинг масъулияти ва вазифаси ҳам оғир бўлади.

    Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, жамиятимизда «имом» ва «имомлик» тушунчалари кўп қўлланилади. Уларни айнан инсонларни Қуръони карим ва ҳадиси шарифда белгилаб берилган кўрсатмаларга оғишмай амал қилишга чорловчи, хайрли ишларга ундовчи ва юртда кечаётган ислоҳотларни онгли тушунувчи киши маъноларида ишлатамиз. Юқорида айтилганлардан келиб чиққан ҳолда, имомлик нафақат диний, балки дунёвий, ижтимоий мазмунга ҳам эга эканини эътибордан чиқармаслик керак. Ҳақиқатан ҳам, «имом» сўзи ижтимоий жараённинг бориши ва йўналишига ҳисса қўшувчи, халқ пешвоси деган маънони билдиради.

Имомлар бу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратишлари керак. Энг олдин улар имомликнинг мансаб ёки талашиладиган амалдорлик эмас, балки у буюк вазифа, улкан масъулият, шарафли хизмат эканини англаб етишлари, унинг ўзига хос жиҳатларини яхши эгаллашлари лозим.

Имомлик ижтимоий фаолиятдир, шунинг учун имом жамиятда содир бўлаётган ўзгаришларнинг, амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмунини теран тушуниши ва халқимизга тўғри етказа олиш малакасига эга бўлиши керак.

     Имом – юксак даражада эзгу маданиятли ва ўз соҳасини чуқур эгаллаган, билимдон ва ақл-заковатли мутахассис бўлиши ва ўз билимини мунтазам ошириб, чуқурлаштириб бориши керак.

Жумладан, имом нутқ маданиятига, яъни равон гапириш, фикрини чиройли ва тушунарли, таъсирчан қилиб баён этиш, аниқ ифодалаш малакаларини эгаллашга алоҳида эътибор қаратиши керак. У ҳозирги замон ютуқларидан, янгиликларидан хабардор бўлиши ва унга танқидий ва таҳлилий ёндаша олиши керак.

     Имом Термизий ривоятидаги ҳадисда: «Албатта, Аллоҳ, Унинг фаришталари ҳамда осмонлару ерлар аҳли, ҳатто инидаги чумоли, (

денгиздаги) наҳанг ҳам одамларга яхшиликни ўргатган кишининг ҳақига дуо-ю дуруд айтишади”, дейилган.

    Демак, имом-хатиблар учун элнинг маърака,   маросимларини суннатга мос ўтказишдан ташқари, одамларга дину диёнат, ҳалолу ҳаромни ўргатиши, охиратни эслатиб туриши, Аллоҳ амрларини ва Унинг ҳақ Расули васиятларини чиройли етказиши, имомлик касб эмас, вазифа эканини ҳар доим ёдда тутиши жуда муҳимдир.

Х.Худойназаров

Янгиариқ тумани “Шайх Жалолиддин Румий” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *