ИЛМНИНГ ФАЗИЛАТИ

Инсон дунёда яшар экан, ўз ҳаётини гўзал ўтказишга ҳаракат қилади. Турмушнинг фаровон бўлиши, жамиятнинг тараққий этиши эса фақат илм-фан билан бўлади. Қаерда илм-фан ривож топса, ўша ерда тарққиёт бор. Илм-фаннинг ривожи эса илм эгалари – олимлар билан бўлади.

Дунёдаги ҳар бир соҳанинг, ҳар бир ишнинг ўз илми мажуд. Киши ўз ишининг билимдони бўлиши учун ўша соҳанинг илмини эгаллаши шарт. Илмсиз инсон мевасиз дарахт кабидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам илмни иймоннинг мевасига қиёслаб шундай марҳамат қилганлар: “Имон яланғоч бир нарса бўлса, унинг либоси тақво, зийнати ҳаё, меваси эса илмдир”.

Ҳозирги пайтда дунё ҳаётидаги тараққиёт ва ривожланишни илмсиз равнақ топган, юксалган деб бўлмайди. Шу боис Аллоҳ таоло илм ўрганишга интилишни ҳар бир мўмин-мусулмон зиммасидаги фарз этиб қўйган. Аллоҳ таоло илм излашни ва ўрганишни мусулмон бандаларига қатъий буюрган.

Айрим кишилар илм деганда фақат диний илмларни назарда тутиб, мусулмончиликда дунёвий фанларнинг ўрни йўқ деган нотўғри эътиқодда бўладилар. Аслида эса, диний илмлар ҳам, дунёвий илмлар ҳам Аллоҳнинг илми бўлиб, уларни бир-биридан ажратиш мумкин эмас. Ҳазрати Одам алайҳиссалом дунёвий илм туфайли фазилатга эга бўлиб, фаришталарнинг таъзимига сазовор бўлдилар.

Дунёвий илм одамга ҳурмат ва фазилат келтирар экан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳадисларида марҳамат қилиб: “Илм Чин-Мочин (Хитой)да бўлса ҳам, уни излаб топиб, эгаллангиз. Зеро, илмни талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”, – деганлар. Бундан ҳам диний, ҳам дунёвий илмларни талаб қилиш фарзлиги маълум бўлади.

Аллома Ферузободий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг «Басоиру завит-тамйиз фи латоифил китабил азиз» китобида шундай келтиради: «Инсоний фазилатлар тўртта бўлиб, улар: илм, шижоат, иффат, адолатдир. Булар фазилатлар ичида энг асосийсидир».

Аллома Насируддин Тусий раҳматуллоҳи алайҳ «Одобул мутааллимин» китобида илмнинг фазилати ҳақида шундай дейди: «Ҳеч кимга сир эмаски, неьматлар ичида илм энг шарафлисидир. Зеро, илм инсониятга хосдир.Чунки, илмдан ташқари барча хислатларда инсон бошқа тирик мавжудотлар билан шерикдир. Мисол учун, шижоат, қувват, шафқатга ўхшаш хислатлар инсонда бўлгани каби бошқа тирик мавжудотларда ҳам мавжуддир. Илм туфайли Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни фаришталардан афзал қилиб, уларга Одам алайҳиссаломга таьзим саждаси қилишни буюрди. Шунинг учун, илм – абадий саодатга элтувчи йўлдир».

      Абул Асвад айтадилар: «Илмдан азизроқ нарса йўқдир. Подшоҳлар одамларга ҳоким бўлсалар, олимлар подшоҳлар устидан ҳокимдир».

   Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: «Сулаймонга алайҳиссалом ё илмни, ёки мол-дунёни танлаш ихтиёри берилди. Шунда у зот илмни танладилар. Кейин у кишига мол-мулк ҳам ато этилди». Зубайр ибн Абу Бакр айтадилар: «Отам Ироқдан менга ёзган бир мактубида шундай деб насиҳат қилган эди: «Илм ўрган, зеро, фақир чоғингда у мол, бой вақтингда жамол – зийнатдир».

     Хулоса шуки бугун ёшларимиздан илмга меҳр қўйиб, унинг сир-асрорларини ўрганишга бел боғлаб, доимо илм-мартабаси ошиши учун тиним билмасдан, фидойилик билан меҳнат қилишлари кераклигини таъкидлаб қоламиз. Зеро Президентимиз Шавкат Мирзиёев айтганларидек “Халқимиз шуни яхши билиши керак: олдимизда узоқ ва машаққатли йўл турибди. Барчамиз жипслашиб, тинимсиз ўқиб-ўргансак, ишимизни мукаммал ва унумли бажарсак, замонавий билимларни эгаллаб, ўзимизни аямасдан олдинга интилсак, албатта, ҳаётимиз ва жамиятимиз ўзгаради.”.

Ш.Қўчқоров

Хазорасп тумани “Олти Алам бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *