НАМОЗ ВА ТАКФИР СОХТА САЛАФИЙЛАРНИНГ ДАНГАСАЛИК БИЛАН НАМОЗ ЎҚИМАЙДИГАНЛАРНИ КОФИРГА ЧИҚАРИШИ ВА УНГА РАДДИЯ

Сохта салафийлар тарафидан ҳозирги кунда кенг тарқатилган фитналардан бири намоз ўқмайдиганларни кофирга чиқириб, «Бенамозлар кофирдир», деб жар солинишидир.

Албатта, намоз Ислом арконларидан бўлиб, ҳадисларда «Намоз диннинг устунидир», дейилган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда намознинг фарзлигини баён этиб, бундай марҳамат қилади: Яъни: «Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир» (Нисо сураси, 103-оят).

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳам бу мавзуда кўплаб ҳадислар келтириш мумкин. Қўйингки, намознинг фарзлигини тан олмайдиган деярли бирорта мусулмон йўқ. Шу туфайли «интернет устоз»лардан таълим олиб, «Бенамоз кофирдир» деб айтаётганларга қуйидаги саволни бериб кўриш лозим: «Айтинг- чи, бу сўзингизнинг тафсили борми ёҳуд умумий ҳукм қиляпсизми?» Агар у: «Бу сўзим умумий эмас, балки «намознинг фарзлигини инкор этиб, уни қасддан тарк қилувчиларни назарда тутяпман» деса, унга асло эътирозимиз йўқ. Уни бу сўзида тасдиқлаймиз. Лекин намознинг фарзлигини тан олмаган киши мўмин эмасдир. Аввало, бировни «кофир» дейишга асло шошилмаслик керак. Бу сўз жуда кучли ва аниқ далил асосида бўлиши лозим. Шошмашошарлик, жаҳл-ғазаб ва ҳиссиётларга берилиб бировни «кофирсан» дейиш шариатимизда жуда катта гуноҳ ҳисобланади. Қолаверса, бировни кофир дейишдан олдин айтган одамнинг бу сўз билан ўзи ҳам имонидан ажраб қолиш эҳтимоли борлигини назардан четда қолдирмаслиги керак. Айниқса, кофир бўлган кишининг ҳукмларини ҳам билиши лозим. Инсон агар динидан чиқиб кофир бўлса (Аллоҳ сақласин), унинг илгари қилган барча яхши амаллари, ўқиган намози, тутган рўзаларию бошқа ибодатлари пучга чиқади. Агар ҳаж қилган бўлса, у ҳам бекор бўлади. Шариат бўйича оиласи (никоҳи) бузилади, жамиятдан ажратиб, яккалаб қўйилади. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Қай бир киши биродарига «эй кофир» деб айтса, (у сўз) икковларидан бирига қайтади. Агар у ўша айтган сўзидек бўлса, (кофирдир). Борди-ю, ундай бўлмаса, (айтувчининг) ўзига қайтади», дедилар» (Бухорий ва Муслим ривояти).

Ушбу ҳадиснинг зоҳирига биноан мусулмонга қарата «эй кофир» деган кишининг ўзи кофир бўлади, деганлар ҳам бор. Аммо жумҳур уламо «Сўкиниш ниятида айтган бўлса, кофир бўлмайди-ю, лекин таъзирга мустаҳиқ бўлади. Мабодо сўкиниш нияти билан эмас, балки ўша мусулмонни ҳақиқатан кофир деб эътиқод қилган бўлса, унда бу сўзни айтувчининг ўзи кофир бўлади» деган. Аммо, минг афсуски, ҳозирги кунда «бенамозлар кофирдир» деювчилар сўкиниш ниятида эмас, балки уларни ҳақиқатан имонсиз деб эътиқод қилишмоқда.

Ибн Нужаим айтадилар: «Агар бу масалада кофир дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир демаслик учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизини қўйиб, ўша бир далилни олиш керак. Аммо динда ҳаддан ошиб ғулувга кетганлар бу масалада «мўмин дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир дейиш учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизни қўйиб, ўша бир далилни олиш керак», дейишга бориб етдилар. Бу эса, барча исломий мазҳаблар ва уламоларнинг тутган йўлига тескаридир».

Жалолиддин Суютий айтадилар: «Мусулмонни кофирликда айблаган одам уни ўлдирган билан баробардир».

Бу масалада Аҳли сунна вал жамоанинг хулосаси шуки, Ақоид китобларимизда келтирилишича, жумҳур аҳли суннат қибла аҳлини куфрга ҳукм этмасликка қарор қилишган. Имом Аъзам Абу Ханифа раҳматуллоҳ «Ал-Фиқҳул акбар»да бундай дейди: «Биз бирорта мусулмонни бирор гуноҳ сабабли, гарчи у кабира бўлса ҳам, модомики ўша гуноҳни ҳалол ҳисобламас экан, кофир демаймиз. Ва ундан имон исмини олиб ташламаймиз. Балки уни ҳақиқатан мўмин деб атаймиз. Киши кофир эмас, балки фосиқ мўмин бўлиши мумкиндир».

Ушбу матн шарҳида Али Қори айтади: «Имом Абу Ҳанифа бу сўзларни қибла аҳлини, гарчи у аҳли бидъат бўлса ҳам, кофир деб ҳукм қилиш мумкин эмаслигини билдириб қўйиш ниятида келтирганлар». Имом Аҳмад ибн Ҳанбал айтадилар: «Бир нарсани вожиб ёки ҳаром дейиш, бировга савоб ёки азоб бериш, бировни кофир ёки фосиқ деб ҳукм қилиш Аллоҳнинг ишидир! Бу бизнинг ишимиз эмас. Биз фақат Аллоҳ ва Унинг Расули ҳаром деганни «ҳаром» деймиз, ҳалол деганини «ҳалол» деймиз» деганлар.

Бу хусусда Ислом уламолари Имом Молик, Шофиий, салаф ва халафлардан иборат жумхур уламолар, Имом Абу Ханифа ва куфалик олимлар: «Дангасалик билан намозни тарк қилганлар кофир эмас, балки фосиқдир», дейишади.

Яна шуни билиб олишимиз лозимки, динимизда муҳаддислардан кўра фақиҳларнинг мартабаси баландроқир. Зеро, фиқҳсиз ҳадис билан шуғулланиш кўпинча йўлдан озишга сабаб бўлади. Абдуллоҳ ибн Ваҳбдан бундай ривоят келтирилади: «У айтади: «Ҳадис йўлдан адаштирувчидир, фақат фақиқлар бундан мустасно».

Энди бир фикр қилайлик: биз на муҳаддис ва на фақиҳмиз! Шундай экан, фақиҳлар йўлидан борганимиз афзалдир. Ўзимизча ҳадисларга чанг солиб, аксар умматга қарши йўлдан борсак, оқибати хайрли бўлмайди.

Х.Аҳмедов

Шовот тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *