ОМОНАТДОРЛИК ТУШУНЧАСИ

“Биз (бу) омонатни (чин бандалик омонатини) осмонларга, Ерга ва тоғларга таклиф этдик, улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Инсон эса уни ўз зиммасига олди. Дарҳақиқат, у (ўзига) зулм қилувчи ва нодондир”. Ушбу оятда Аллоҳ таоло омонат сақлашлик вазифасини осмону замин, тоғу тошларнинг зиммаларига юкламоқчи бўлгани ва улар ўзларининг шунчалик салобатлари, қудрат ва савлатларига эга бўла туриб, омонатни ўз гарданларига олишдан қўрққанликларини ҳикоя қилади. Инсон эса ўзининг ақлу заковати, фаҳму идроки, куч қуввати ва бошқа имкониятларига суяниб туриб, бундай оғир масъулиятни ўз зиммасига олган.Омонатдорликнинг маъноси киши зиммасига юклатилган ҳар қандай вазифага масъулият билан ёндошиш, бу вазифа борасида Аллоҳнинг ҳузурида жавобгарликни ҳис этишдир. Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қуйидаги сўзлари айни шу маънони ифода этади: “Барчангиз раҳбарсиз ва барчангиз ўз раъиятга (қўл остидагиларга) масъулсиз. Имом ўз қавмига масъул. Эркак киши ўз оиласига масъул.

Аёл киши эрининг уйига ва фарзандларига масъул. Хизматкор хўжайинининг молига ва унга топширилган нарсаларга масъул” (Имом Бухорий).Омонатни яхши сақлаб ўз эгасига саломат топшириш хусусида Жаноб Пайғамбаримиз (сав) ёшликларидан бошлаб барчага намуна бўлганлар. Ул зоти шариф ростгўйликлари, бировларнинг ҳаққига хиёнат қилмасликлари, ваъдаларига вафодорликлари туфайли “ал-Амин” яъни, “омонатдор, ишончли одам” деган сифатни олганлар. Ул зоти бобаракотни ёшлик даврларидан бошлаб бунчалик ишончли, вафодор, омонат ва масъулиятни чуқур ҳис этадиган қилиб қўйишлигида Ҳақ таолонинг кўп ҳикматлари бор, албатта. Улардан бири – 40 ёшга тўлишлари билан энг улуғ ва масъулиятли вазифа, яъни пайғамбарлик бурчини тўла адо этишликлари учун олдиндан бунга ҳар томонлама тайёрланган бўлишларидир. Бу зоти шарифни Аллоҳ таоло шу ўтган муддат ичида ичида шунчалик қаттиқ синов ва тажрибалар билан тарбият эттиким, пайғамбарлик вазифаси қанчалик оғир ва масъулиятли бўлишига қарамай, кейинги ташвишли ва қийин кунларда, ўзларига сабру қаноатни қалқон қилиб олган ҳолда 23 йил давомида расуллик ва набийлик вазифаларини шараф билан адо этиб ўтдилар. Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга икки ҳадис айтдилар. Бирини кўрдим. Иккинчисига интизор бўлиб турибман.

У зот бизга омонат инсон қалбининг аслида нозил бўлганини, сўнгра уни Қуръондан ва суннатдан ўрганганлари ҳақида ҳадис айтдилар. Ва у зот бизга унинг кўтарилиши ҳақида ҳадис айтиб:“Киши бир ухласа, омонат унинг қалбидан чангаллаб олинади. Унинг изи худди қора нуқтанинг изи каби бўлиб қолади. Кейин яна бир ухласа, яна чангаллаб олинади. Унинг изи худди қавариқнинг изи каби бўлиб қолади. Сўнг оёғингга думалаб тушган чўғдан чиққан пуфакка ўхшайди. Шишиб турадию, ичида ҳеч нарса бўлмайди. Одамлар савдо-сотиқ қиладилар, аммо уларнинг ичидан омонатни адо қиладиган бирорта ҳам йўқдек. Бани Фулонда битта омонатли одам бор эмиш, дейиладиган бўлади”.Бир киши ҳақида, қандоқ ҳам ақлли киши, қандоқ ҳам зариф киши, қандоқ ҳам кучли, чидамли киши дейилади, аммо унинг ачитқининг уруғича ҳам иймони бўлмайди”, дедилар.Батаҳқиқ, бошимга бир замон келди. Энди мен ким билан савдо-сотиқ қилганимга аҳамият бермайман. Авваллари агар у мусулмон бўлса, уни Исломи қайтарар эди. Агар насроний ёки яҳудий бўлса, уни иккисидан бири (валийси ёки жизячиси) қайтарар эди. Аммо бугун фалончи ва фалончилар билангина савдо-сотиқ қиламан”, деди”.Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.Охирги фақрадаги жумлалар Ҳузайфа розияллоҳу анҳунинг гапларидир. У киши Пайғамбар алайҳиссаломдан омонат нозил бўлиши ҳақидаги биринчи ҳадиси шарифни кўриб, омонат кўтарилиши ҳақидаги иккинчи ҳадиси шарифнинг ҳам воқеъликда бўлишини кутиб турган пайтларида шуларни айтган эканлар.

Дарҳақиқат, Исломнинг аввалида ҳамма Қуръон ва Суннатга амал қилиб турган бир пайтда мусулмон уммати омонат бобида инсониятнинг хаёлига ҳам келмаган мўъжизаларни кўрсатган. Аммо минг афсуслар бўлсин, бу уммат Қуръон ва Суннатдан, шариатдан узоқлашиши оқибатида бу фазлини ҳам йўқотиб бормоқда.Ҳар бир мусулмон, зоҳид, обид ва солик омонатга хиёнат қилишни хаёлига ҳам келтирмаслиги зарур.

Жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) марҳамат қиладиларки: “Омонатни сақлай олмайдиган кишининг имони, аҳдига вафосизнинг эса дини йўқдир”.Бу билан Пайғамбаримиз (сав) айтмоқчиларки, имон ҳам мўмин кишига берилган бир омонат нарса. Уни шайтонга бой бермаган ҳолда, авайлаб сақлаш керак. Топширилган омонатларни турли офатлардан сақлай олмайдиган киши ўз имонини ҳам, албатта, сақлай олмайди. Аҳду паймонига вафо қилмайдиган, ёлғончи, алдамчи кишиларда дин ҳам қарор топмайди, демоқчилар. Омонатларни яхши сақлай олмасликдан барча жиноят ва кўнгилсизликлар келиб чиқади. Инсонлар бир-бирларидаги ҳақ-ҳуқуқларни яхши билмасликлари ёки билсалар ҳам унга тўла риоя қилмасликларидан муросасизлик, уруш-жанжал ва мушкил муаммолар вужудга келади.Масалан, бировнинг шаънига айтилган сўз. Унинг ҳақлигини билиб туриб, бирор дунёвий ғараз билан, нотўғри гувоҳлик бериш, унинг шаънига ботил бўҳтонлар тўқишлик – бу айни хиёнат ҳисобланади.

 Хар бир инсон билан Ҳақ таоло ўртасидаги омонат, иккинчидан ўзи билан аҳлу аёл, қавму қариндошлари ўрталаридаги омонат, ўзи яшаб турган жамият олдидаги ҳамда қилаётган ибодатларидаги омонат ва ҳоказолар. Қисқа қилиб айтганда, Аллоҳ таоло ҳар бир мўмин-мусулмон зиммасига нималарни фарз ва вожиб қилган бўлса, шуларни Ўзи буюргандек адо этишлик – бу улуғ ва шарафли иш ҳисобланади.

Х.Мунисов

Боғот тумани “Саид Мансур Эшон бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *