БЕМАЗҲАБЛАР ҲАҚИДА

    Аллоҳ таоло ўзининг китоби бўлмиш Қуръони Каримда мўмин бандаларига хитоб қилиб: «Ўзаро низо қилманг, акс ҳолда тушкунликка учрайсиз ва куч-қувватингиз кетади», деган!

    Ўз умматларига: “Ихтилоф қилманглар, яна қалбларингиз ихтилофли бўлиб қолмасин”, деб севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар.

    Уламои салафлар эса ўз дини, эътиқодига содиқ қолиб, мусулмонларни турли ихтилофлардан қайтариб, бирдамликка чақирганлар.

    Афсуски, ҳозирги замонда, диндорларга қараб динларга баҳо бериладиган бўлиб қолган. Шу сабабли, бошқалар, булар мусулмонлик даъвосини қилишар эди, мусулмонлик шу экан-да, дейишлари мумкин.

    Ғайридинларга ёки динсизларга тушунтириш унча қийин эмас. Бир-икки мисол келтириб, Ислом бошқа ёқда, манави Исломни даъво қила туриб, ноисломий иш қилаётганлар бошқа ёқдалар, дейилса, англаб етишлари мумкин. Аммо мусулмонликни даъво қила туриб, ноисломий иш тутаётган, орада низо ва ихтилоф чиқараётганларга бир нарсани англатиш мушкул. Чунки орага энг ёмон нарса – тарафкашлик кириб қолади. Шунинг орқасида ўртага хафачилик тушиб, турли машмашалар, кўнгил қолдилар бўлади. Ҳар ким ўз айтганининг тўғрилигини исботлашга ҳаракат қилади ва ҳоказолар. Аммо ноумид шайтон. Мўминлар ҳеч қачон, ҳеч вақт ва ҳеч бир ҳолатда ноумид бўлмаганлар. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда мўминларни ўз раҳматидан ноумид бўлмасликка чақирган. Қолаверса, мўмин-мусулмонлар одатда ҳақиқатни тушуниб етганларида дарҳол ўзларини ўнглаб олишлари маълум.

    Турли омилларга кўра динимиздан узоқлашган халқимиз, ўтмишда турли бало-офатларга гирифтор бўлди, динимиздан узоқлашгани сари қолоқликка учради, заифликка юз тутди ва ниҳоят, мустамлака асоратида қолди. Худди шу боисдан худосизлар балосига йўлиқди. Ва охир-оқибат халқимизнинг бир қисми худосизликка юз тутди. Даҳрий тузум худди шулар ёрдамида юртимизда динимиздан асар ҳам қолдирмасликка жон-жаҳдлари билан курашдилар. Ўша худосизлар томонидан масжидлар вайрон қилинди. Ўша худосизлар томонидан Қуръонлар ёқилди. Ўша худосизлар томонидан уламолар ўлдирилди. Ўша худосизлар томонидан инсоният тарихида мисли кўрилмаган ваҳшийликлар қилинди. Уларнинг бирдан-бир мақсади Исломни йўқ қилиш эди.

    Халқимиз эса ибодатларни фақат Ҳанафий мазҳаби асосида ўрганишар эдилар. Улар мусулмонликни таниганидан бери, унга иймон келтириб, амал қила бошлаганидан бери ибодатлар-у, шаръий аҳкомларни ана ўша Ҳанафий мазҳаби асосида ўрганиб, амал қилиб келганлар. Асрлар оша турли шароитларга қарамай, мужтаҳид уламоларимиз томонидан Қуръони Карим ва Суннати Набавийядан олиб, халқ оммаси учун қулайлаштириб қўйилган фиқҳий масалалар худди Исломнинг негизига ўхшаб қолган эди. Айниқса, қийинчилик пайтларда, худосизлар ҳамласига учраб динимизни ўрганиш қийинлашиб қолган кезларда, мухтасар фиқҳий китоблар ва улар асосида уюштириладиган ихчам дарслар катта фойда берар эди. Ушбу ва шунга ўхшаш бошқа омиллар сабабли халқимиз бошқа мазҳаблардаги ҳукмлар қандоқ эканидан хабарсиз қолди. Улар кўпчилик мусулмон халқлари қатори ислом шариатини Ҳанафий мазҳаби орқали ўрганиб, Ҳанафий мазҳаби бўйича ҳаётига татбиқ қилиб келдилар.

    Мутаассиб, мазҳабпараст сўзлари одатан салбий маънода қўлланувчи сўзлар бўлиб, нотўғри нарсага кўр-кўрона ишониш, шу нарсада қайсарлик билан оёқ тираб олиш, ноҳақ душманлик қилишга айтилади. Тўғри йўлда ёки тўғри фикрда мустаҳкам турганларни мазҳабпараст ё мутаассиб эмас, аксинча ҳақ устида собитқадам дейилади. Динимиз ҳам аслида шунга амр қилади. Нотўғри йўлда, ишда ва фикрда оёқ тираб туриб олганларга эга «мутаассиб», «қайсар» ва «кўркўрона эргашиб кетувчи гумроҳ» дейилади. Аслида бу лақаблар тўрт ҳақ фиқҳий мазҳаблардан бирортасида собитликни хушламайдиган, ўзларича амал қилувчи ўзбошимча мусулмонларга қўлланса тўғрироқ ва мосроқ бўлади.

    Аслида, эса “бемазҳаб” атамаси аҳли суннанинг сўзи эътиборли олимлари томонидан тўрт ҳақ мазҳабдан бирида собитликни инкор этиб, ижтиҳод даъвоси билан ўртага чиққан ва оммани ҳам шунга ундовчи кишиларнинг “биз мазҳабга қарамаймиз, мазҳабни бидъат деймиз, ўзимиз Қуръон ва ҳадисдан ижтиҳод қиламиз, мазҳаб аҳлидан эмасмиз, биз саҳобалар давридаги каби ибодат қиламиз“ деб жар солувчи бемазҳабларга нисбатан айтилган ҳукмдир!

    Улар тўрт мазҳабдан бошқа мазҳабда эканликларини даъво қилсалар ва сизга уларнинг бу жим-жимадор сўзларига алданиб қолмасликни маслаҳат берамиз. Негаки, биринчидан, улар “мазҳаббош”лари ким эканликларини очиқ айтишмайди.

    Иккинчидан, уларнинг “мазҳаббош” раҳнамоларини бирор аҳли сунна олимлари тарафдан эътироф этилмаган.

    Учинчидан, фаразан бешинчи мазҳабни ташкил этсалар, тўрт мазҳабдан ижтиҳод борасида устун эканликларини ҳали бирор йўналишда исбот қила олишмаган.

    Тўртинчидан, эътирофли тўрт мазҳабни рад этиш орқали қанча-қанча ояту ҳадисни тан олмаслик ҳаракатида бўлишади ва баъзилари шуни тескари таъвил қилишга уринишади. Тўрт мазҳаб вакиллари эса ҳамма ояту ҳадисни бир хил кўришади. Илмлари кучли бўлмаганлиги юзасидан, қайси оят ёки ҳадис носих мансухлигини англашга, улардан ҳукм чиқаришга ожизлиги, ҳавою нафсларига мослаб ҳукм чиқариб олмасликлари учун бутун дунё тан олган улуғ мужтаҳидларга эргашишликни афзал билишади. Зеро бугунги кунда бу мазҳаббоши имомлардай илм ва тақво соҳибига айланиш, фақат орзу эканлиги ҳаммага маълум ва машҳурдир.

    Бу тўрт ҳақ мазҳабга бир неча асрлар давомида қанча-қанча олимлар амал қилишди. Эргашганлар хато қилишдими?!

    Улар тақво, илм, ибодат ва тафаккурда биздан кучли эмасмидилар?!

    Нима учун бундай мўътабар зотларга эргашмасдан, илми, амали, ибодати, пархезкорлиги, динга дўст ёки душманлиги каби фаолиятлари аниқ ва ишончли бўлмаган шахсларга иттибоъ қилишимиз керак?

    Бугунги фитна урчиган, инсоннинг асл шахсиятини билиш қийин кечадиган замонларда этиқодий бетайин кимсаларга эргашмасдан, бутун дунё тан олган тўрт буюк имомларнинг бирига эргашишлигимизда нима жиҳат бизни мазҳабпараст ёки мутаасиб деб ҳақорат қилишларига асос бўлмоқда? Улар ўз илм ва тақвоси орқали неча юзминглаб олиму фозилларни ўзларига эргаштира олмадиларми? Дин учун мислсиз хизмат қилмадиларми? Қанча-қанча ғайридинларни мусулмон бўлишлигига сабабчи бўлмадиларми? Ҳа, худди шундай бўлган!

    “Мазҳабпараст”, “мутаассиб” деган лақабларни кимлар ўйлаб топганини озгина тафаккур қилинг! Эй иккиланаётган кишилар шу тушунчалар доирасида мусулмонларни иккига бўлиб ташлаганини ҳам бироз тушуниб етинг. Тафриқага ким ажратаётганини, фитналарни ким уюштираётганини ҳассослик билан сезишга ҳаракат қилинг.

    Қачонки тўрт фиқҳий мазҳабдан устун ёки баробар келадиган мазҳабни дунё олимлари ижмосига биноан бу ҳам аҳли суннанинг бешинчи мазҳаб деб тан олинмагунча, тўрт мазҳабдан бирида мустаҳкам юрмайдиганлар бемазҳаб —яъни, тўрт ҳақ мазҳабдан бирортасида субутсиз, деб айтилаверади. Бу бутун ислом уммати тан олган ҳақиқатдир! Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жизки, имом Ғаззолий, Нававий, Фахруддин Розий каби уламолар тўрт имомдан бошқа, мужтаҳиди мутлақ даражасига ета олган, мустақил фиқҳий мазҳабга асос солиш даражасидаги олимни дунё ҳали шу кунгача кўргани йўқ, деб таъкидлаганлар!

    Айтиб ўтганимиздек, тўрт фиқҳий мазҳабнинг эътиқодий қарашлари ягона таълимот асосига барпо этилган. Ибодат кўринишлари тўрт хил бўлсада ақидада бир ёқадан бош чиқариб эътиқод қилинади. Бир-бирларини кофир ё бидъатчи деб ҳақорат қилишмайди. Бир-бирларини ўлдиришга фатво беришмайди. Бу эса айни Ислом низомидан кўзланган бош мақсаддир. Ислом дини мусулмонларни бир-бирлари билан аҳил-иноқликка, мафкуравий бирдамликка, ҳамдўстликка, ақидавий ихтилофлардан йироқликка, уруш ва бузғунчиликлардан хазар қилишга, исёнкорлик, боғийлик каби фитналарга қўшилмасликка чақиради! Бу таълимот айнан тўрт ҳақ фиқҳий мазҳабнинг эътиқодий таълимотида ўз аксини топган, балки асосини ташкил этади.

 Х.Собиров

Боғот тумани “Бежганик бобо” масжиди имом-ноиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *