ҲАЛҚ ҚАЛБИДАН ЖОЙ ОЛГАН СИЙМО

Бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Ўзбек халқининг довруғини дунѐга таратган улуғ аждодларимиздан бири ўлароқ, ул зот бизни тарихимизни қадрлашга, келажакка буюк ишонч билан қарашга ўргатади. 

                                                                                                                   Ислом Каримов 

Олмос қирраларидай нур сочиб турган бу сўзлар Захириддин Муҳаммад Бобурнинг дунёга келадиган асарларида бир ноёб сиймо эканлигидан далолат беради. Чунки у шунча даҳшатлардан, шунча кулфату фалокатларни бошдан кечиришга қарамай, ўзидаги энг яхши фазилатларни йўқотмади, унга табиат берган истеъдодни беҳуда хайф қилмади, балки тенгсиз меҳнатсеварлик ва фидокорлик билан улуғ давлат барпо этди ва ўлмас асарлар ёзиб қолдирди. Баркамол авлод тарбияси учун Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби улуғ аждодларимизнинг ҳаѐтий тажрибаси ҳамда ижодий меросини ўрганиш, уларнинг ибратли жиҳатларини ўзлаштириш олдимизда турган долзаб вазифалардандир. Заҳириддин Муҳаммад Бобур деганда ўзбек адабиётининг Алишер Навоийдан кейинги энг буюк намоѐндаси, Ҳиндистонда 332 йил ҳукм сурган буюк бобурийлар салтанатига асос солган қудратли давлат арбоби, кўплаб музаффар юришларни амалга оширган жасур ва моҳир саркарда, жаҳон мемуар адабиётининг нодир дурдоналаридан бўлмиш «Бобурнома» ни яратган билимдон ва ҳақгўй муаррих, бастакор, гўзал ҳусниҳат соҳиби, серқирра фаолият ва истеъдод эгаси бўлган баркамол бир зот кўз ўнгимизда гавдаланади.

Ҳар бир халқнинг тарихий, маданий-миллий қиѐфасини аниқ белгиловчи улуғ шоҳлари, буюк олимлари, йирик адиб ва шоирлари бўлади. Чунончи, Искандари Мақдуний, Суқрот, Арасту, Буқрот, Еврипид, Ҳомер номларини эслаганимизда, буюк эллин маданияти улуғворлиги ва нафосати билан кўз ўнгимизда намоѐн бўлади. Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик, Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Муҳаммад Шайбонийхон, Абулғози Баҳодирхон, Амир Умархон, Муҳаммад Раҳимхон Феруз сингари шоҳ, хон ва амирлар; Муҳаммад ал-Хоразмий, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Маҳмуд Кошғарий, Абу Мансур ас-Саолибий, Маҳмуд Замахшарий сингари дунёвий: ижтимоий-гуманитар ва аниқ фанлар алломалари; Имом Исмоил ал-Бухорий, Имом Мотуридий, Абу Зайд Дабусий, Хожа Аҳмад Яссавий, Баҳовуддин Нақшбанд, Бурҳониддин Марғиноний, Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор каби ҳадис, калом, дин ва тасаввуф илми уламолари; Юсуф Хос Ҳожиб, Ҳофиз Хоразмий, Мавлоно Лутфий Шоший, Алишер Навоий, Муҳаммад Ризо Огаҳий, Моҳларойим Нодира, Жаҳонотин Увайсий, Зокиржон Фурқат ва уларнинг сафдошлари бўлган сўз санъаткорлари эса Ватанимиз ўтмиши қиѐфасини тасаввуримизда жонлантиради. Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президентимиз Ислом Каримов шунинг учун ҳам миллий-маънавий қадриятларимиз вакилларининг таваллуд тантаналарини нишонлаш хусусида шундай ёзган эдилар: “Ҳалқимиз республикамиз ҳукуматининг Навоий, Улуғбек, Бобур, Машраб, Фурқат, Қодирий ва юртимизнинг бошқа буюк фарзандлари юблейларини ўтказиш тўғрисидаги қарорини жуда руҳланиб кутиб олганлигини бежиз эмас, деб ўйлаймиз. Уларнинг мероси Ўзбекистон халқлари умуминсоний қадриятларининг равнақи ва бойишига хизмат қилиб келган эди ва бундан буён ҳам хизмат қилади. Биз уларнинг бебаҳо меросини халққа, аввало, ёшларга етказиш учун барча ишларни қиламиз». Инсониятнинг абадиятга мансуб буюк фарзандлари сафида бу йил таваллудининг 533 йиллиги нишонланаѐтган Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўз ўрнига эга. Кишилик тарихида Бобурчалик шахсий имкон, иқтидор ва фазилатлари беқиёс кишилар жуда кам учрайди. Бобур — буюк подшоҳ, мумтоз шоир, назариѐтчи адабиѐтшунос, фақиҳ, тилшунос, санъатшунос, этнограф, ҳайвонот ва наботот оламининг билимдони сифатида кўпқиррали фаолият ва ижод соҳиби эди. Биргина ―Бобурнома» унинг йигирмадан ортиқ соҳаларга қизиққанлигига яққол мисолдир. Бобур, биринчи навбатда, шоҳ, бобурийлар сулоласининг асосчиси.Балки, бобурийлар жаҳон тарихида энг узоқ йиллар (332 йил) ҳукмронлик қилган сулола бўлиб чиқар… У подшоҳ сифатида лашкар тортиб шоҳларга хос мағлубиятларнинг аччиқ аламларию зафарларнинг улуғвор нашидаларини суришни кўп маротаба ўз бошидан кечирди. Отаси сингари улуг ҳимматли ва олий мақсадли шахс бўлганлигидан Фарғона вилоятини кичик жой деб ҳисоблаб, Самарқандга интилди. У ерда Шайбонийхондан енгилиб, Қобулга келди ва кейин Ҳиндистондек бепаён йирик мамлакат ҳукмдорига айланди.

Р.Эрназаров

Боғот тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *