СОХТА САЛАФИЙЛАР ТУШУНГАНДЕК “ХАР БИР ЯНГИЛИК БИДЪАТ ВА ЗАЛОЛАТМИ?”

Ҳадис тўпламларида шундай матнларни учратиш мумкинки, уларда юзаки қараганда Қурон ва суннатда бўлмаган ҳар қандай нарсани пайдо қилишдан қайтарилгандек кўринади. Жумладан, Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда:” Ким бизнинг ишимизда унда бўлмаган янгиликни пайдо қилса, у рад этилади”, дейилган. Имом Муслим ривоят қилган бошқа бир ҳадисда эса:” Дарҳақиқат энг яхши сўз Аллоҳнинг Китоби, энг яхши йўл Муҳаммад (алайҳис-салом) нинг йўлидир. Ишларнинг энг ёмони эса уларнинг янги пайдо бўлганларидир ва ҳар бир янгилик залолатдир”. Имом Аҳмад ривоят қилади: “Мендан кейин ким тирик бўлса кўп ихтилофларни кўради. Ўша пайтда менинг суннатимни ва тўғри йўлда бўлган халифаларнинг йўлини озиқ тишларингиз билан маҳкам тутингиз. Мен сизларни янги пайдо бўлган ишлардан қайтараман, чунки (диндаги) ҳар бир янгилик залолатдир”. Юқорида келтирилган ҳадисларни тўғридан-тўғри тушуниш исломни тараққиёт билан ҳамнафас эмаслиги ва у ўзи нозил бўлган замонгагина яроқли бўлган эски дин сифатида қораланишига олиб келади. Шу билан бирга таъкидлаш лозимки, саҳобий Билол(р.а.) бомдод намозига азон айтаётганида “ас-салоту хойрун минан-навм” жумласини қўшиб айтдилар. Пайғамбар (алайҳис-салом) буни қўллаб-қувватлаб, ҳатто доимо айтишни жорий қилганлари “бидъат” тушунчаси ҳақида кенгроқ тасаввур ҳосил қилишга кумак берад. Уламолар юқоридаги ҳадисларда келган “бидъат” сўзини ўрганиб, унинг луғавий ва истилоҳий маъноларини қўйидагича талқин қилиб берганлар. “Бидъат” луғатда олдин бўлмаган бирор нарсани пайдо қилишдир. Бунга Пайғамбар (алайҳис-салом) ва халифалардан кейин пайдо қилинган нарсалар ҳам киради. Шунингдек, у яхши ва ёмон бўлган, ибодат ёки ибодат бўлмаган нарсаларнинг барчасини ўз ичига олади. Бу борада Имом Шофеъий шундай деганлар: “Янги пайдо қилинган ишлар икки хил бўлади. Биринчиси-Қуръон, суннат, асар (саҳобий ва салаф-солиҳлар сўзи) ёки ижмога хилоф бўлган янгиликлар бўлиб, бу “бидъат саййиа”, яъне ёмон бидъат ҳисобланади. Иккинчиси эса, яхши нарсалар учун пайдо қилинган ишлар бўлиб, “бидъат ҳасана”, яъни яхши бидъат ҳисобланади”. Бидъат ҳасанага тарихдан кўплаб мисолларни келтириш мумкин. Масалан, Умар ибн Хаттоб (р.а.) мусулмонларни Убай ибн Каъб (р.а.)нинг орқасидан жамоат бўлиб таровиҳ намозини адо этаётганларини кўриб:” Бу қандай ҳам яхши бидъат”, деб айтганлар. Маълумки, бу вақтга қадар мусулмонлар рамазон ойида таровиҳ намозини ёлғиз ёки кичик жамоалар бўлиб адо этганлар. Замонамиз уламоларидан Имом Ноблусий бу борада шундай ёзади: “Бугунги кунда дунё каттадан-катта ўзгаришлар, тараққиётни бошидан кечирмоқда. Инсон ақлини шошириб қўядиган янги ихтиролар дунё юзини кўрмоқда. Хўш, Расулуллоҳ (алайҳис-салом) “ҳар қандай бидъат залолатдир” деган ҳадисларида айтилган “янгилик”да айнан шуларни назарда тутганмилар?! Йўқ, албатта. Расулуллоҳ (алайҳис-салом) назарда тутган бидъат бу-ақоид, шариат ёки ибодат масаласида унда бўлмаган бирор нарсани қўшишдир”. Фақиҳларнинг истилоҳида ҳамда ҳадисларда қораланган бидъат деганда, диндан деб даъво қилинса-да, аслида диндан бўлмаган тўқима йўл назарда тутилади. Имом Шотибий: “Бидъат динда янги ихтиро қилинган йўл бўлиб, у ила шариатга монандлик қасд қилинади, деган. Баъзилар эса, уни фақат ибодат билан чегараланганлар. Бу каби бидъат “ҳар бир бидъат залолатдир” деган ҳадисга мувофиқ доимо қораланади. Бу хусусда Имом Молик шундай деган: “Ким яхши деб ҳисоблаб, исломда бидъат пайдо қилса, демак у “Муҳаммад(алайҳис-салом) олиб келган рисолатга хиёнат қилган” деб даъво қилибди”. Чунки Аллоҳ таоло шундай дейди: “…Ана, энди бугун, динингизни камолига етказдим, неъматимни тамомила бердим ва сизлар учун Исломни дин бўлишига рози бўлдим…”(Моида, 3). Демак, мусулмонлар орасида янги пайдо қилинган нарса дин асосларига оид масалаларда бўлса-у янгилик “бидъати саййиа” ҳисобланади ва шу бидъат қораланади. Бошқача қилиб айтганда “бидъати залолат” фақат дин асосларига оид масалаларда бўлади. Юқорида келтирилган ҳадис ҳам айнан шунга далолат қилмоқда: “Бизнинг ишимизда янгилик пайдо қилса…”, яъне ишдан мақсад Расулуллоҳ (алайҳис-салом) ва у зот билан бирга мусулмонлар жамоатининг ишидир. Дунёвий ишларда насс ва муайян диний қоидаларга хилоф келмаса, уларда ёмон бидъат йўқдир. Яъне, ҳаромни ҳалол, ҳалолни ҳаромга айлантириш каби бидъатларга йўл қўйилмаса бунга эътироз йўқдир. Шу ўринда қўйидаги воқеани келтириб ўтиш ўринли: бир куни Расулуллоҳ (алайҳис-салом) хурмони чанглатаётган одамлар олдидан ўтиб қолдилар ва уларга бундай қилишга ҳожат йўқлигига ишора қилдилар. Улар Расулуллоҳ (алайҳис-салом)га итоат этдилар, лекин ўша йили хурмо аввалгидек яхши ҳосил бермади. Шунда Расулуллоҳ (алайҳис-салом): “Дунё ишларингизни ўзингиз яхши биласиз”, деб айтдилар. Расулуллоҳ (алайҳис-салом) ва рошид халифалар замонида мавжуд бўлмаган, аммо кейинчалик юзага келган ҳар қандай янгилик аниқ тарзда келган насс билан рад этилмаса ва унинг натижасида яхшилик, умумманфаат кутилса ҳамда инсонларга нафи тегса, бундай янгилик шаръий ҳалол доирасида ҳисобланади.

Хулоса қилиб айтганда, исломдаги, исломдаги ҳар бир янгилик агар у диндаги муқаррар қонун-қоидаларга хилоф бўлмаса, “бидъати залолат” ҳисобланмайди. Айрим мутаассиб оқимлар таъкидлагандек, замона ўзгаришлари билан ҳамнафас бўлмаслик ва ҳаттоки уни инкор этиш, фақатгина ўрта асрлар муҳитини қумсаб яшаш халқларни тараққиётдан узиб, фикрий турғунлик ва қолоқлик ботқоғига олиб боради. Дин қадриятлар ва муқаррар қоидалар доирасида доимо тараққиётга ва ҳар бир нарсанинг яхшисини олишга ундайди. Бу эса исломнинг ҳар бир замон ва макон учун яроқли эканининг ёрқин далилидир.

Ш.Болтаев

Шовот тумани “Юсуф Хамадоний” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *