ЎЗГАНИНГ ҲАҚҚИДАН ҲАЗАР ҚИЛАЙЛИК

Аллоҳ таоло инсониятни яратгач, уларни Ер юзида ҳалол ризқ талаб қилишга амр этиб, унинг акси бўлмиш ҳаромдан ҳазар қилишга буюрди ҳамда ҳалол ва ҳаром бўлган нарсаларни баён қилди. Демак, ҳар бир инсон ҳалол ризқ талаб қилиши билан бирга, бировнинг ҳаққидан ҳазар қилиши ва ўзгаларнинг молини ноҳақ йўллар билан ўзлаштирмаслиги ўта муҳимдир. 

Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган: “Эй, имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз!…” (Нисо сураси, 29-оят).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам мол-дунёни гўзал йўл билан талаб қилиш ҳақида шундай марҳамат қилганлар: “Эй, одамлар! Аллоҳдан қўрқинг ва мол-дунёни гўзал йўл билан талаб қилинг. Ҳар бир инсон ўзининг ризқини мукаммал олмагунча, жони узилмайди. Унга белгиланган ризқ бироз кечикиши мумкин, аммо барибир келади. Шунинг учун Аллоҳдан қўрқинг ва мол-дунё талаб қилишда гўзал йўлни танланг. Ҳалолини олинг, ҳаромини тарк қилинг” (Имом Ибн Можа ривояти).

Демак, ҳадисдан маълум бўлмоқдаки, киши ризқ йўлида минг ҳаракат қилса ҳам,  Аллоҳ таоло унга ёзган ризқ-насибасидан ортиғини қўлга кирита олмайди.

Видолашув ҳажида Пайғамбаримиз кўп нарсаларни васият қилдилар. Шулар қаторида кишиларнинг молини зулм билан ейиш ҳаромлигини уқтириб, шундай дедилар: «Огоҳ бўлинглар, албатта Аллоҳ таоло қонларингиз ва молларингизни бир бирингизга ҳаром қилди» (Имом Бухорий ривояти).

Ҳалол луқма қалбга нур, тилга ҳикмат бўлиши ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Ким қирқ кун ҳалол луқма еса, Аллоҳ таоло унинг қалбини мунаввар қилади ва қалбидаги ҳикмат булоқларини тилига чиқаради” (Имом Абу Нуайм ривояти).

Ривоят қилишларича, Абу Дардо разияллоҳу анҳу масжидга эрта келиб, кеч қайтардилар. Намоздан кейин Расули акрам саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларини диққат билан тинглардилар. Бироқ хурмо пишиғида Абу Дардо аввалгидан кечроқ келиб, эртароқ кетадиган бўлдилар. Бу ҳол Пайғамбаримизнинг диққатларини тортди. Абу Дардони ёнларига чақириб: “Сенинг масжидга келиб кетишингда ўзгариш кўряпман. Нима бўлди?” – деб сўрадилар. Абу Дардо разияллоҳу анҳу узрли оҳангда шундай жавоб бердилар: “Шу кунларда қўшнимизнинг хурмо мевалари пишиб, тўкила бошлади, хурмолар бизнинг ҳовлига ҳам тушяпти. Болаларим қўшнимдан сўроқсиз уларни еб қўйишмасин, деган хавотирдаман. Бомдодга келишдан олдин тўкилган хурмоларни тўплаб, қўшнимизникига олиб чиқиб бераман. Шу сабаб масжидга кеч келяпман. Мен масжиддалигимда ҳам дарахтлардан хурмо тўкилади. Уларни йиғиб, қўшнимникига чиқаришга шошиламан”. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Дардо разияллоҳу анҳунинг бу сўзларидан мамнун бўлдилар ва унинг ҳақига дуо қилдилар.

Демак, ҳар бир имонли киши ўзи ва фарзантлари тановул қилаётган луқмасига қаттиқ эътибор қилиши ва уни фақат ҳалол йўл билан топиши лозим. Бировни ҳаққидан қўрқмай, нотўғри йўллар билан мол-дунё топиш мўмин-мусулмонга умуман муносиб эмас.

Ўзгани ҳаққани ботил йўл билан егувчиларга қуйидагилар ҳам киради: етимлар молига хиёнат қилувчилар, ёлғон гувоҳлик берувчилар, молини айбини яшириб сотувчилар, сеҳргарлар, фоҳишалар, ҳур-озод одамни сотиб пулини ейдиганлар, нархларни сунъий равишда кўтарувчилар, товламачилар, фирибгарлар.

Маълумки, Аллоҳ таоло ҳар бир эркакнинг зиммасига аёли ва балоғатга етмаган фарзандларининг емоқ-ичмоғини фарз қилган. Шундай экан, биз эркаклар қўл остимиздаги омонатларимизни фақат ҳалол йўл билан нафақасини таъминлашимиз керак бўлади. Ҳар биримиз шуни унутмаслигимиз керакки, аҳли аёлимизнинг дуо ва ибодатларини қабул бўлиши ва фарзандларимизнинг келажакда етук инсонлар бўлиб вояга етишида уйга олиб келадиган нафақаи рўзғоримизнинг ҳалол бўлиши энг катта сабаб ва омил бўлади. 

Аллоҳ таоло барчамизга Ўзи рози бўладиган йўллар билан молу давлат топиш бахтини насиб қилиб, ноҳақ ва ботил йўллар орқали келадиган моллардан барчамизни Ўз паноҳида асрасин.

И.Султонов

Урганч тумани  “Муоз  ибн  Жабал” масжиди имом  хатиби  

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *