МУҚАДДАС ДИНИМИЗ ТЕРРОРИЗМНИ ҚОРАЛАЙДИ.

Терроризм – муайян сиёсий мақсадларда, жамиятда беқарорлик келтириб чиқариш ва аҳолининг кенг қатламларида ваҳима ва қўрқув уйғотиш учун зўравонлик ишлатиш ёки зўравонлик ишлатиш билан қўрқитиш деган маънони билдиради.Бугунги кунда экстремистик ва террористик гуруҳлар мутаассиблик ғоялари ва амалиёти ривожида барча мусулмонларни кофир, уларнинг таълимотига кўшилмаган кишиларга қарши жиҳод эълон қилиш, ҳаттоки, қария, аёл ва болаларнинг қонини тўкишни ҳалол, деб билганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Ҳазрати Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:

яъни: «Охир замонда дажжоллар, (фирибгарлар) ёлғончилар (жамоаси) бўлади. Улар сизлар ҳам ота-боболарингиз ҳам эшитмаган гапларни гапирадилар. Бас, сизлар улардан ўзларингизни узоқ қилинглар ва ўзларингиздан ҳам уларни узоқ қилинглар. Сизларни адаштириб ва алдаб фитнага (ширкка) солиб қўймасин», дедилар (Имом Муслим ривояти).

Бугунки кунда бу бузғунчи кучлар ёшлар ичида интернетнинг ижтимоий тармоқлари орқали тарғибот ишларини олиб бориб, улар ичидан ғўр ёшларни ёки мутаассибликка берилган шахсларни топиб дунёнинг нотинчлик ҳукм сураётган ва ўзлари қўним топган минтақаларга жамлаш ва шу орқали режалаштирилган геосиёсий мақсадларни амалга оширишга интилишяпти. Хусусан, улар илм ва маърифатдан йироқ кишиларни Ислом диёри бўлган, азон айтиладиган, жума ва ҳайит намозлари ўқиладиган, хуллас, Исломнинг беш аркони эмин-эркин адо этиладиган, мусулмонлар тинчлик-хотиржамликда ҳаёт кечираётган Ватанни тарк этишга тарғиб қилмоқдалар. Ваҳоланки, она юртини ташлаб, ўзга элларда сарсон-саргардон юриш, ўзи каби манқурт шахслар билан бирлашиб, киндик қони тўкилган юртига қарши қурол кўтариш Ислом таълимотига зид экани барчага маълум.

Дарҳақиқат, бундай террорчиларни мусулмон деб бўлмайди. Чунки агар мусулмон бўлганларида мусулмонларга қурол кўтаришмасди. Яна Худодан қўрқмасдан Аллоҳ таолонинг байтига кириб, намоз ўқиб турган намозхонларни қириб, қанча-қанча оилалар боқувчисиз қолдириб, қанча-қанча аёлларни бева қолдиришмасди, қанча-қанча етим болалар дунёда кўпаймас эди. Юқорида айтиб ўтилган барча ёмон иллатарни Ислом дини қоралайди. Ислом дини инсонларни тинч-тотув яшашга, бошқаларга, ҳатто бошқа дин вакилларига ҳам зулм қилмасликка чақиради. Динимиз асосида раҳм-шафқат, меҳр-оқибат, инсонпарварлик, биродарлик, ўзаро ҳурмат, тинчлик-осойишталик каби эзгу хислатлар ётади.

Ислом дини мана шундай ҳар бир жонни жуда қадрлайди, хоҳ мусулмон бўлсин, хоҳ  ғайри дин бўлсин, қандай ирққа тегишли бўлмасин, қайси миллатга тегишли  бўлмасин, барибир барчасини ардоқлайди. Бир бегунох инсонни ўлдириш  бутун бошли инсониятни ўлдиргандек жиноят ҳисобланади.

Шунинг учун малакатимиз ёшлари илм-маърифатли, турли соҳаларда етук мутахассис, жисмонан баркамол инсон бўлиб етишишлари учун яратилган шароитлардан унумли фойдаланишлари лозим. Мазкур имкониятлардан тўла-тўкис фойдаланиш, жамият ва давлат учун фидокор шахс бўлиш ҳар бир ёшнинг бурчидир. Бунинг учун эса, улар аввало, дунёвий ва диний билимларни чуқур ўзлаштириш, шунингдек, ўзбек халқининг меҳнатсеварлик, оилани муқаддас билиш, инсонларга меҳрибонлик, дўстларга садоқат, ватанпарварлик каби тарихан эъзозлаб келинаётган қадриятларини ўзида шакллантириши талаб этилади.

Ғ.Бобожонов

Тупроққалъа тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *