ЁШЛАРИМИЗГА КАСБ ХУНАР ЎРГАТАЙЛИК

Кишининг ризқ топадиган касбу хунари, иши ва хизматининг турлари кўп улардан бирини ёки бир нечасини ўрганиш, эгаллаш мумкин. “Бир йигитга 40 хунар оз” – деган нақил хозир жуда мухим бўлиб қолди. Касбу хунар ва хизматнинг туридан қатъий назар халоллик ва инсофни ўзига шиор қилиши шариат талабидир. Касбларнинг афзали қайси деган саволга уламоларимиз турлича жавоб берганлар. Оламга машхур барча уламою фузалоларнинг касбу хунари  бўлган.

Имом Ғаззолий – матога гул босган, Бахоуддин Нақишбандий – матога нақишлар солган ва бошқаларни эслаб кўринг. Хар ким ўзига хос, ўзи хохлаган, имкони даражасида касб – хунар ўрганади. Мамлакатимизда ёшларни комил инсон бўлиб етишишлари учун турли хил касб – хунар, ўқув юртлари фаолият кўрсатмоқдалар. Пайғамбаримиз Мухаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам “Хунар қашшоқликдан нажотдир”деганлар. Яна бир муборак хадисда “Ризқни ер остидан излангиз”- дейилган. Зотан зироатнинг фойдаси умумий бўлиб, нафи ғоят кўпчиликка етади. Бошқа бир хадиси шарифда “Мусилмон киши экин экса, дарахт ўтқазса-ю ундан бирор инсон, жонивор ёки қуш еса хам ўша одамга савоби ёзилади ”дейилган. Одам Отадан қолган касб – дехқончиликдир. Хозирги кунда тадбиркорликка кенг йўл очилган, булар орасида тижоратчилар кўпаймоқда. Улар холис ният билан ўша касб одоблари доирасида мол – дунё топсалар касби – ибодат ва савобга айланади. Набий алайҳиссалом “Ростгўй ва омонатдор тожирнинг даражаси (қиёматда)” киромун бароро “(Солиҳ фаришталар) билан тенг бўлади” – деб мархамат қилганлар. Пайғамбаримиздан (Саллаллоҳу алайҳи васаллам) “Қайси касб энг халол?” – деб сўраганларида “Кишининг ўз қўли (мехнати) билан ишлагани ва мабрур савдо” билан топгани деб жавоб берганлар.

Инсон ҳаёти давомида касб қилиши зарурий амал бўлгани учун Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда бунга катта аҳамият қаратилган. Аллоҳ таоло Жумъа сурасида шундай марҳамат қилган: “Бас, қачонки, намоз адо қилингач, ерда тарқалиб, Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан истайверингиз! Аллоҳни кўп ёд этингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз” (10-оят).

Ушбу оятда Аллоҳ таоло мўминларни ибодатларини адо этиб бўлгандан кейин ер юзига тарқалиб, ризқ йўлида саъй-ҳаракат қилиб, ҳалол йўл билан ризқ топишга тарғиб қилмоқда. Аллоҳ таоло ризқнинг йўлларини кўпайтириб қўйган. Банда ўша йўлларга кириши, ризқ келиши сабабларини бажо келтириб, заминга сочиб қўйилган ризқини исроф қилмай териб ейиши керак.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шубҳасиз, киши ризқланадиган нарсаларнинг энг ҳалоли ўз касби орқали еган нарсасидир”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).  Динимиз пешона тери билан топилган мол-мулк қўлга киритилган нарсаларнинг энг яхшиси ва ёқимлиси эканини таъкидлаш баробарида ишёқмаслик, танбаллик, бекорчилик, тиланчилик, ўзгаларга юк бўлиш каби иллатлардан огоҳлантириб, бу каби зарарли одатларни қаттиқ танқид остига олади.

Касблар ҳар хил бўлади. Ҳалол – покиза касблар ҳам бор, ҳаром – жирканч касблар ҳам бор. Шариъатимиз инсоннинг касб-кори фақат ҳалол бўлиши, ризқ-рўзининг манбаи бирор шубҳа аралашмаган ҳалол маблағдан бўлишига чақиради. Динимизда ҳалолдан ризқ қидириш ҳатто ибодат даражасига кўтарилган.

Мамлакатимизда хар йили турли касбдагилар, халқимиз тинчлиги, осойишталиги, фаровонлиги, дахилсизлиги йўлида фидокорона мехнат қилганлари юксак мукофатлар билан тақдирланиши бунга мисолдир. Охиратда эса халол мехнатларнинг савобини оладилар. Ризқ талабида хаддан ошмаслик керак яни хаётда молу – дунё тўплашга, пулни кўпайтиришга муккасидан кетмаслик, ўзини аямай ўтга – чўққа урмай, турли жойларга “мўмай даромад” ахтариб кетмаслик зарур, чунки “бирор бир жон – гарчи кечки бўлса хам – ўз ризқини мукаммал олмагунча ўлмас” деган хадис бор.

Хуллас сиз-у биз ўз касбимизни холис ният билан Аллох розилиги йўлида улуғлайлик – фаҳрланайлик, юртимизга элимизга наф келтирайлик.

 

 

Б.Сиражов

Урганч шаҳар “Кўзли ота” масжиди имом-ноиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *