Инсон зоти ер юзида яшар экан, Аллоҳ таоло осмон ва ер орасини ҳаво билан тўлдириб, сувларни оқизиб қўйди. Ва бу сув неъмати ўлик ерга жон ато этгандек, ундан инсонлар учун турли набототларни ўстирди. Буларнинг барчаси инсон учун хизмат қилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Ахир, улар қуруқ ерга сув ҳайдаб, унинг воситасида уларнинг чорвалари ҳам, ўзлари ҳам ейдиган экинларни чиқаришимизни билмадиларми? Ахир (буни) кўрмайдиларми?” (сажда сураси, 27-оят)
Дунёдаги барча нарсанинг ривожи бу Аллоҳ таолонинг қўлида ва банда эса агар Худо хоҳласа у нарсаларга сабаб бўлиши мумкин. Чунки деҳқон ҳамма шароитни қилиши мумкин, аммо ўсиши эса барибир ҳам Яратувчииннг қўлида: “Ўзингиз экаётган нарсани ўйлаб кўринг-а! Уни сиз ундирасизми ёки Биз ундирувчимизми?” (Воқеа сураси, 63-64-оятлар)
Дарҳақиқат, деҳқон қуруқ ерга уруғни экади, сувни беради, аммо энди уруғнинг униб чиқиши, унинг ривожланиши, самарали ёки бесамар бўлишини Аллоҳ таолонинг қудрати қўлидадир. “У ўша (сув) билан сизга экинларни, зайтунни, хурмоларни, узумларни ва турли меваларни ўстирур. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-мўъжизалар бордир”. (Наҳл сураси, 11-оят)
Деҳқончилик соҳасида маҳсулотларнинг энг яхшиси ва кўп қисми мусулмон юртларда етиштирилган ва ортиқчаси бошқа юртларга сотилган. Бошқа халқлар бу соҳада мусулмонлардан дарс олганлар, тажриба ўрганганлар. Ҳозирги кунда ривожланган ғарб давлатлари тилида баъзи бир машҳур қишлоқ хўжалиги экинлари ва маҳсулотлари мусулмон халқлари тилидан олинган кўчма сўзлар билан аталиши ҳам бунга ёрқин далилдир. Бошқа илмлар қатори наботот илми ҳам мусулмонлар томонидан қилинган ҳаракатлар туфайли илм сифатида шаклланди ва тараққий этди. Албатта, қадимдан инсон наботот билан қизиқиб уни ўрганиб келган, аммо Ислом дини ўсимликларни ўрганишни ҳақиқий илмий баҳсга айлантириб, алоҳида бир илм пайдо бўлишига сабаб бўлди.
Дарҳақиқат, бизнинг ўзбек халқи ҳам азалдан ризқу рўзи, насибасини қилган зироатидан топган ва ҳозирда ҳам қишлоқ хўжалигининг ва чорвачиликнинг ривожланиши албатта, юртимизнинг фаровонлигига чамбарчас боғлиқдир. Динимиз бизга энг афзал касб, энг ҳалол касб бўлган боғдорчилик ва деҳқончилик эканлигини билдириб, қанчалик даражада ажрларга эга бўлиш мумкинлигини, ҳатто инсониятнинг аввали бўлган Одам а.с. ҳам деҳқончилик билан шуғулланганлари, зироат нафақат энг афзал касб, энг ҳалол касб, балки азалий ва қадимий улуғ иш эканлигини билдиради. Ҳадиси шарифда: “Қайси бир мусулмон бирор экин ёки кўчат экса-ю, ундан биров еса, албатта, эккан киши учун садақа бўлади. Ўғирлангани ҳам у учун садақа бўлади. йиртқичлар егани ҳам у учун садақа бўлади. қушлар егани ҳам, албатта, у учун садақа бўлади. ўша экиндан бирор киши манфаат олса, эккан киши учун садақа бўлади”, дейилган.
Ҳа, деҳқонлардан ҳамма манфаат олади. Аллоҳ таоло уларни ҳамма жонзотнинг ризқига сабабчи қилиб қўйган. Шунинг учун ҳам касбларнинг ичида деҳқончилик энг шарафли касб ҳисобланади. Мўътабар фатво китобларида: “Ҳар бир кишига ҳеч бўлмаганда битта дарахт экиш фарзи кифоядир. Агар шаҳарда бирорта дарахт бўлмаса ёки ҳеч ким дарахт экмаса, шаҳар ҳокими шаҳар аҳолисига дарахт эктиришга мажбурлашга ҳаққи бор”, дейилган. Бу албатта, инсониятнинг фойдаси учун, башарият ғами учун чиқарилган фатво.
Машҳур машойихлардан бири шундай дейди: “Эй азиз ва мукаррам Одам боласи! Бир нарсани билиб қўйки, бу дунёда амалинг уруғларини экмоқдасан. Бу дунё бамисли сенинг экинзорингга ўхшайди, охират эса хирмонингдир. Ким нима экса, хоҳ яхши бўлсин, хоҳ ёмон бўлсин, ўша нарсани йиғиб олади”. Шундай экан, ер юзида яхшилик уруғларини экишга саъй-ҳаракат қилишимиз лозимдир. Яхши ниятлар билан ерга уруғ қадаётган деҳқонларимизга куч-қувват, зироатларига баракалар тилаб қоламиз.
Юсупов Хикматулло
Урганч тумани “Жон Харош бобо” масжиди имом-хатиби