ИЗН СЎРАШ ИСЛОМДАНДИР

         Минг йиллар ўтди, лекин хадислардан, уларнинг мазмунидан фойдаланиш ишлари хозир хам давом этмоқда, нафақат давом этмоқда, балки ривожлантирилмоқда, мухаддис уламоларнинг ҳаёти ва фаолияти ўрганилмоқда. Имом ат-Термизий хадисларни йиғишда илм ахлига қарата шундай деганлар: «Илмга берилган кишилар қанчалик кўп ўқишса, шунчалик кам билишини хис этадилар. Ислом динининг асосий манбалари булиб хисобланмиш Куръони карим ва Хадиси шарифларда илмнинг, аниқроғи, илм аҳлининг намоён бўлиши сифатлари тўғрисида аниқ таърифлар мавжуд. Улар, хусусан, олим киши қуйидаги сифатлари ва хусусиятлари билан ажралиб туриши керак, буларга: саломлашиш ва куришиш одоби, тақво, раиятга (қўл остидагиларга), оила аъзоларига ва кишиларга бўлган муомаласи, мажлисда утириш одоби, овкатланиш, узр сўраш, узини тутиш, сафарда юриш одоблари ва хаказолар киради. Аллоҳ кечиримли Зотдир ва кечиримли бандаларини севади. Кибрга берилиб кечирмаганларни, биродарининг узрини рад қилганларни эса Аллоҳ хуш кўрмайди. Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: Кимки бирор мусулмон биродаридан узр сўраса, у эса унинг узрини қабул қилмаса, унинг бўйнига тижорат молларидан закот олувчининг хатосига берилган гуноҳ каби гуноҳ юкланади (Ибн Можа ривояти). Мусулмонларнинг закот молларидан ўмариб қолувчига ёзиладиган гуноҳ, кабира гуноҳлар қаторига киради.

Демак, узрни рад қилган мутакаббирга ҳам худди ўшандай миқдорда катта гуноҳ ёзилади. Муҳаммад Ходимий раҳматуллоҳи алайҳ ҳадиснинг шарҳида айтади: узр сўровчилар уч хил бўлади: Бу айбни қилмаганман деб ўзини оқлайди ва айбдор қилувчиларни ёлғончига чиқарадиганлар; Рост қилдим, лекин фалон мақсадда қилганман деб ўзини оқлайдиганлар; Тўғри, шу айбни қилдим аммо энди бошқа такрорламайман дейдиганлар. Бу айбни қилмаганман деб инкор этиб, уни айбдор қилганларнинг ўзлари ёлғончи эканини исботлаб берганлар тўлақонли оқланади. Жиноятни қилиб, узр сўраш ўрнига “мен қилмаганман” деб инкор этганлар эса ўзини нодонликка солди деб ҳукм қилинади. Агар айбига иқрор бўлса, у инсон албатта кечирилишга ҳақли ҳисобланади. Мабодо айбини тан олиб бу ишни қайта қилмасликка сўз берса, бу тавба ҳисобланади. Уни қабул қилиш лозим бўлади. Имом Ғаззолий айтганлар: узр сўраб келган одамга бадгумонлик билан ишонмаган инсонни кўрсангиз билингки унинг ботини, маънавияти бузуқдир. У бошқалардан гумонсираганда аслида ўзининг ичидаги хабисликни бировларда кўрган бўлади. Мўмин узрни қабул қилади ва айбдорнинг узр сўрашини истайди. Мунофиқ эса айб қидиради, айбдор қилади.Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ривоят қилган яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: Фаҳш ишлардан тийилинг, хотинларингиз ҳам тийилади. Ота онангизга яхшилик қилинг, ўғилларингиз ҳам сизга яхшилик қилади. Кимки бир биродаридан узр сўраса-ю, у қабул қилмаса, менинг хавзимга келмайди. (Тобароний).

Бу ҳадисда айбдорнинг узрини қабул этмайдиган керикларнинг манзили қай даражада тубан бўлишига ишора бор. Бир донишманддан — қачон одамлар бир-бирига доимий меҳр оқибатда бўлишади- деб сўрашганда, у киши одамлар бир- бирини кечириб яшашса-деб жавоб берган экан. Нега доимий меҳр-оқибатда кечиримлилик шарт қилинаяпди — деб сўрашганда эса, у киши- сабаби одамлар хатодан ҳоли яшай олмайди-деб жавоб берган экан.

             Дарҳақиқат ҳаёт давом этар экан, шу ҳаётнинг гултожи бўлган инсон албатта яшаш жараёнида билиб – билмай қандайдир хатога йўл қўяди. Қайсики бир инсон- мен умуман хато қилмаганман, мутлақо бегуноҳман- деса, унинг мана шу гапини ўзи гуноҳкор эканлигига кифоя қилади. Чунки барча айбу — нуқсонлардан пок зот ёлғиз Аллоҳнинг ўзидир. Шундай экан хатосиз яшай олмайдиган инсон — ўз ўрнида хатосини тан олишликни ва бу хатоси учун одамлардан кечирим сўрашни, ёки одамларни узрини қабул қилишни ҳам ўрганиш керак бўлади албатта. Бола отасини дилини ранжитмайди. Эру хотин қўша қарийди. Қуда – андалар ўртасидан ўзаро ҳурмат-иззат йўқолмайди. Қўни-қўшнилар бир-бирларини айбини ёпишади.

Минг афсуслар бўлсинким кўп инсонлар ана шундай улуғ инсонийлик туйғулардан бири бўлган кечиримлилик ёки узр сўраш деган ҳислатлардан мосуводурлар. Кибр ва манманлик, ўзидан бошқани одам демаслик ёки ўз мансаби, молу-дунёсига ортиқча баҳо бериб юборишдек шайтоний ҳислатлар натижасида ҳаётда ҳар хил кўнгилсизликлар, жанжаллар, низолар ва ҳатто урушлар келиб чиқмоқда. Бу ҳолатлар эса ҳар бир ақли расо инсонларни тааъбини хира қилади албатта. Шу ўринда Пайғамбаримиз алайхис салом: «кимнинг қалбида гинаси бўлса унинг дини йўқдир» деб марҳамат қилганлар. Зеро кечиримлилик фазилати динимиз кўрсатмасидандир. Қолаверса биз бағрикенг, кечиримли ва ниҳоятда олий жаноб миллат вакилларимиз. Шундай экан азизлар бу муқаддас номларга барчамиз муносиб бўлиб, ўзаро меҳр-оқибатли, меҳр-муҳаббатли, дину-диёнатли ва албатта имон-эътиқодли, бахтли ва саодатли бўлиб яшаш барчамизга насиб этсин.

Жамолиддин Нурметов

Хонқа тумани “Мусо ал-Хоразмий” масжиди имом-хатиби           

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *