ФИТНАЛАРДАН ВА ФИТНАЧИЛАРДАН ДОИМО ЭҲТИЁТ БЎЛАЙЛИК

Бугунги кунда интернет тармоғининг аҳамияти кундан кунга ортиб бормоқда. Лекин сўнги пайтларда ижтимоий тармоқларнинг ҳам жиддий хатарлари юзага чиқмоқда. Жумладан, айни даврда айрим бузғунчи оқимларнинг интернетдан ўз ғарази йўлида кенг фойдаланаётгани, ёшларни ўз домига тортаётгани, айрим сайтларда турли фитналар, жамиятни беқарорлаштирувчи ёлғон маълумотлар берилаётганини кузатишимиз мумкин.

Шунингдек, террорчилар ўзларига тегишли веб-саҳифа ва ижтимоий тармоқларда “шаҳидлик”, “жиҳод”, “ҳижрат”, “такфир”, “халифалик” каби тушунчаларни бузиб талқин қилиш натижасида айрим ёшларни ўзларининг тузоқларига илинтиришга муваффақ бўлишаётгани ачинарли ҳолдир.

“Жиҳод” сўзининг ҳақиқий маънолари билан танишиб чиқадиган бўлсак, “Жиҳод” сўзи мутлақо ижобий маъно, мутлақо муқаддас бир туйғу, балки ҳар бир мўмин-мусулмон мана шундай ишларга нафақат тайёр туриши, балки керак бўлса, ўзининг ҳиссасини қўшиши кeраклигини тушуниб етамиз. Масалан, “жиҳод” сўзини араб тилидан ўзбeк тилига таржима қиладиган бўлсак, “ғайрат қилмоқ”, “ҳаракат қилмоқ”, “интилмоқ”, “зўр бeрмоқ”, “бор кучини сарфламоқ”, “курашмоқ”, “мeҳнат қилмоқ” каби маъноларни англатади. Лeкин, бу маъноларнинг ичида бирор бир жойда “уруш қилиш”, “ўлдириш”, “қотиллик қилиш”, “қон тўкиш”, “босиб олиш”, “зўравонлик қилиш” дeган маъно йўқ.

Бугунги кунда Сурияда бўлаётган террор оқибатида минглаган одамлар ҳаётдан кўз юмди, миллионлаб киши нотавон бўлди. Улар таълим даргоҳларини ёндириб, масжидларни портлатиб юбораётгани жуда даҳшатли ҳолат. Бундай қўпорувчилар инсон қиёфасини йўқотган ваҳшийлардир. Ислом ноҳақ қон тўкишни ҳаром қилган. Ҳатто уруш чоғида ҳам ёш бола, аёл, кексаларни ўлдириш, шунингдек, уй-жой, иншоотларни вайрон қилиш тақиқланган. Аллоҳ таола қуръонда «Бирор жонни ўлдирмаган ёки фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир» (Моида, 32) дейилган.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда айтилади: «Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи васалламнинг ҳузурларига у зотдан жиҳодга изн сўраб келди. Шунда у зот унга: «Сенинг ота-онанг борми?» дедилар. «Ҳа», деди. «Бас, икковлари(хизмати)да жиҳод қил!» дедилар».

Имом Термизий, Ибн Ҳиббон ва Дайламий ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳу соллаллоху алайхи васаллам: «Жиҳоднинг афзали Аллох таолонинг зотида ҳавои нафсингга қарши жиҳод қилмоғингдир», дейилган.

«Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайхи васалламдаврларида амалга оширилган «жиҳод» ҳеч қачон миллатчилик, салтанатга эга бўлиш ёки бошқа ҳудудни босиб олиш мақсадида амалга оширилмаган.

«Жиҳод» доимо фақат мудофааланиш вазифасини ўтаган, душман томонидан ярашиш тўғрисидаги таклиф билдирилганда эса дарров тўхтатилган». Бу борада замонамиз уламолари бундай дейдилар: “Агар “жиҳод” ислом давлатини қуриш учун ёки инсонларни динга киришга мажбурлаш учун жорий этилганида эди, Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг ўзлари бу борада намуна кўрсатган бўлур эдилар. Яъни, у зот биринчи бўлиб Маккадаги мушрикларнинг катталари билан урушган ислом давлатини барпо этиш учун жиҳод эълон қилган бўлардилар. Бироқ Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бундай йўл тутмадилар. Аксинча, мусулмон жамияти тинч йўл билан, табиий равишда юзага келгач, унинг ҳимояси учун жиҳодга чиққанлар”.

Юқоридагилардан хулоса қилиб, жиҳод деганда, аввало, нотўғри йўлдан қайтариб, тўғри йўлга бошлаш тушунилади, дейиш мумкин. Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг ҳадиси муборакларида ҳақиқий мусулмонни шундай сифатлаганлар:яъни:“Тили ва қўлидан бошқалар азият чекмаган киши ҳақиқий муслмондир- деганлар. Шунинг учун бундай иллатлардан қутилиш учун, уларнинг олдини олиш учун буюк аждодларимиз қолдирган бой меросимиз дурдоналарини чуқур ўрганишимиз ва уни ҳаётга татбиқ қилиб боришимиз мақсадга мувофиқдир.

Ж.Умаров

Шовот тумани “Араб бобо” масжиди имом-хатиби 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *