ЁШЛАРИМИЗГА ИЛМ ОЛИШНИНГ ФАЗИЛАТИНИ ЎРГАТАЙЛИК

 Аллоҳ  махлуқларидан  инсонгагина илмни раво кўрди. Ҳеч қайси махлуққа бермаган маърифат кийимларини Одам болаларига насиб этди. Донишманд: «Хотинлар ипак кийимларини безанмоқ учун эмас, балки ўз гўзалликларини қўрмоқ учун киядилар», деган экан. Одам ўз инсоний қиёфасини асраши учун ҳикмат ва маърифат либосини кийиши шарт. Илмга интилган киши энг яхши инсондир. Илмдан юз ўгириш — инсонийликдан юз ўгириш демак. Чунки илм — инсонийлик тожи хисобланади. Инсон илм билан шараф топади. Мол-мулк эса жоҳилнинг ғурурланадиган матоҳидир. Илм одамни юксалтириб, ундан ёдгорлик қолдиради.

Ҳозирги пайтда инсоният ҳаётидаги тараққиёт ва ривожланишни илм-фансиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бирор соҳа йўқки, у илмсиз равнақ топган, юксалган бўлса. Шу боис Аллоҳ таоло илм ўрганишга интилишни ҳар бир мўмин-мусулмон зиммасидаги фарз этиб қўйган. Қуръони каримнинг илк нозил бўлган ояти ҳам “Ўқи” деган амр бўлди. Аллоҳ таоло илм  излашни ва ўрганишни мусулмон бандаларига қатъий буюрган. Қуръони каримнинг бир неча оятлари бунга далолатдир. Аллоҳ таоло айтади: яъни: “…Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни(баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир”  (Мужодала сураси, 11).

Бу оят тафсиридан яна шу нарса ойдинлашадики, баъзи киши­лар ўзларича «обрў-эътибор» деб юрадиган мансаб, пул, йиғилган молу дунё ва бойликларнинг Аллоҳ ҳузурида ҳеч қандай қиймати йўқ экан.  Шу ерда яна бир масалага ойдинлик киритмоқ лозим. Ислом «илм» деганда барча илмларни кўзда тутади, ҳозирда баъзи кишилар нотўғри ўйлаганидек, фақат диний илмларнигина эмас. Демак, мусулмон­лар учун дунёвий илмларнида мукаммал эгаллаш фарздир.

Юқоридаги оятларда Аллоҳ таоло илмни улуғ неъмат ва юқори даража ва камолот сифатида зикр қилади, олиму фозиллар ва билимдонлар даражаси юқори эканини билдиради. Расулуллоҳ алайхиссалом яна бир ҳадисларида, «Қиёмат куни уч тоифа кишилар шафоат қиладилар. Булар — Пайғамбарлар, олимлар ва шаҳидлар», деганлар. Демак, бундан аён бўляптики, олимлик Пайғамбарлик билан шаҳидлик ўртасидаги мартаба экан. Банда қанчалик кўп илм олса, тафаккури кенгайса, Аллоҳдан шунчалик қўрқадиган бўлишини баён этади. Илм излаш ва унга эга бўлиш ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан жуда кўплаб ҳадиси шарифлар ривоят қилинган: яъни: “Илм Чинда (Хитойда) бўлса ҳам, уни излаб топиб, эгаллангиз”,  деб таълим берганлар.

Энди ушбу ояти карималар ва ҳадиси шарифлар ҳикматини ҳаётимизга солиштириб курайлик. Илм талаби йўлига кирган одамга Аллох таоло жаннат йўлини осонлаштириб қўйишини ҳадисда кўрдик. Энди толиби илмни рози қилиш учун фаришталар унинг оёғи остига қанотларини қўйишлари, уни ўраб турган Аллоҳнинг раҳматидан баҳраманд бўлишга уринишлари хакида сўз юритайлик.

Инсоф билан айтайлик, бизда шу тасаввурнинг ўзи борми? Илм талаб қилиш шу даражада улуғ иш эканини тушуниб етганмизми? Бу ишга фаришталар ҳам хавас қилишини англаймизми? Ҳозиргача англамаган бўлсак, энди англашимиз керак. Ислом илм талабини ҳар бир мусулмонга бешикдан қабргача фарз қилганини эслаб, дарҳол ўз шаҳсимиз учун фарзи айн бўлган  илмни талаб килишга киришайлик! Бир харф, бир сўз, бир жумла бўлса ҳам ўрганиб, унга амал қилишга харакат этайлик! Ўзимиз ўрганишимиз билан бирга оила аъзоларимиз, болаларимиз, қўни-қўшни ва таниш-билишларимизга ҳам ўргатишга харакат қилайлик! Турли илмларни ўрганаётган талабаларимизни қўллаб-қувватлайлик, уларга ўзлари танлаган йўл қанчалар улуғ эканини тушунтирайлик! Илм талаб қилиш фаришталар ҳам хавас қиладиган иш эканини одамларимизга тушунтирайлик. Толиби илмларни фаришталар ўраб туришини, уларнинг оёқлари остига қанотларини қўйиб туришини ҳаммага англатайлик! Фаришталар хавас қилган одамларга биз ҳам хавас қилайлик, улар ҳурмат қилган одамларни биз ҳам ҳурмат қилайлик!

Илмнинг фазилати исломда қанчалик улуғ экани ҳақида соатлаб гапириш, жилд-жилд китоблар ёзиш мумкин. Дунёда ҳам, охиратда ҳам инсонга илмдан кўра кўпроқ фойда келтирадиган нарса йўқ.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу бир саҳобийга: “Илм молдан яхшидир, у сени ҳимоя қилади, молни эса сен қўриқлашга мажбурсан, илм ҳоким, мол маҳкумдир, сарфлаш, нафақа қилиш билан мол камайса, илмни тарқатганинг сайин кўпайиб боради”, — деганлар.

Ҳакимлардан бири: “Агар олим киши вафот этса, унинг вафотига сувдаги балиқлару, осмондаги қушлар ҳам йиғлайди, унинг жисми йўқ бўлса-да, фойдали илми ва номи унутилмайди”, — деган экан.

Луқмони ҳаким ўғлига бундай насиҳат қилган экан: “Эй ўғлим, олимлар билан ўтир, улар орасига кир, чунки Аллоҳ ерни осмон суви билан тирилтиргани каби қалбларни ҳам илму ҳикмат нури билан тирилтиради”.                      

Фарзанднинг келажакда аҳли солиҳ, баркамол инсон бўлиб етишиши,  аввало,  унинг ёшлигида олган одоб-охлоқи ҳамда илм-маърифатига боғлиқдир. Кўпинча катталарнинг лоқайдлиги  ва бепарволиги туфайли  фарзандлар турли бўлмағур йўлларга кириб қолади, енгил-елпи яшашга ўрганади. Бугунги кунда яратилган шарт-шароитларнинг шукрини қилиб,  берилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, фарзандларимизга дунёвий-диний билимларни уйғунликда ўргатиб, миллий-диний ҳамда умумбашарий қадриятлар асосида тарбиялаб, ёшларимизни ким қаёққа етакласа кетаверадиган қилиб эмас, онгли равишда ўз мустақил фикрининг соҳиби бўлиб, вояга етказиш, атрофдаги воқеа-ҳодисаларга дахлдорлик ҳиссида тарбияласак айни муддао бўлур эди.

Бугун билимсизликни оқлашга ҳеч қандай сабаб, баҳона йўқ. Бугунги кунда илм олиш учун ҳеч қандай монеълик йўқ, аксинча чорлов бор, имконият бор. Юзлаб олий ўқув юртлари,  коллеж ва лицейлар очиб қўйилган. Динимизни ўргатадиган олий ва ўрта махсус ўқув юртлари ишлаб турибди. Китоб-дарсликлар пайдар-пай чоп этилиб турибди. Шу барча имкониятлардан тўлақонли равишда фойдаланайлик ва ёшларимиз ва фарзандларимизга ҳам таълим ва тарбияда илм олишликнинг ва келажакда ёшларимиз баркамол авлод бўлиб етишлари учун ҳар биримиз масъулмиз.

А.Хайтбоев

Янгибозор тумани “Саид Кучак бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *