Аллоҳ таоло маконга муҳтож эмас.

Ҳаммамизга маълумки кейинги пайтда айрим тоифалар ўзларини “Салафийлар” деб номлаб олиб,тарихда карромия ва мушаббиҳа каби фирқаларнинг  Аллоҳ таолонинг сифатлари ҳақида турли бузуқ даъволарни кўтариб чиқишмоқда.

Уларнинг бузуқ даъволаридан бири Аллоҳ таолога макон нисбатини бериш бўлган. Мазкур фирқаларнинг даъволарига аҳли сунна вал жамоа уламолари Қуръон ва суннат асосида кескин раддиялар берганлар.

Карромия ва Мушаббиҳа фирқалари: Аллоҳ таоло махсус маконда яъни Аршда, дейишган.

Нажжория фирқаси: Аллоҳ таоло барча маконда, дейишган.

Муътазилийлар: Аллоҳ таоло барча маконда, лекин зоти эмас, балки илми барча маконда, дейишган.

Аҳли сунна вал жамоа: Аллоҳ таоло бирор маконда ўрин олишдан пок, дейишган.

Машҳур ватандошимиз Умар Насафий роҳматуллоҳи алайҳ “Ақоид” номли асарларида бу ҳақида қуйидагича ёзганлар:

У зот бирор бир маконда ўрин олмайди.

Яъни бирор макондан ўрин олиш бошқа маконга нисбатан узоқда бўлиш ҳисобланади. Бир-биридан узоқ яқин масофада бўлиш эса жисмларнинг хусусиятлардир. Ўнг, чап, тепа, паст, олди, орқа томонларнинг бирортаси Аллоҳ таолони ўз ичига қамраб ололмайди. Чунки борлиқдаги барча нарсаларни, олти тарафларни ҳам, Аллоҳ таоло йўқдан бор қилган. Йўқдан бор қилинган нарсалар эса уларни яратган Зотни ўз ичларига ололмайди. Аллоҳ таоло бундай нуқсонли хусусиятлардан покдир.

Аллоҳ таъолога макон исбот қилмоқчи бўлган тоифалар Манабу оятни далил қилиб клтиришади:

У – Роҳман аршни эгаллади. (Тоҳа сураси 5-оят.)

Ушбу оятда Аллоҳ таолонинг аршга истиво қилгани айтилган, арш эса барча махлуқотлардан юқорида ҳисобланади. Шунинг учун бу оят ҳам У зотнинг барча махлуқотларидан юқорида эканига далил бўлади дейишади.

Аҳли сунна жумҳур уламоларининг жавоби: Қуръони каримда кўплаб ўринларда келган “У – Роҳман аршни эгаллади” маъносидаги оятни ҳам Аллоҳ таолонинг юқори томонда эканига далил қилиш мумкин эмас. Бирор тарафда бўлиш Аллоҳ таолонинг баркамол сифатларига лойиқ эмас. Чунки қайси тарафдан ўрин олган дейилса ҳам У зотнинг ўша тараф билан ниҳояланиши лозим бўлиб қолади. Нима нарсанинг бирор жиҳатдан ниҳояланиши жоиз бўлса, унинг бошқа жиҳатдан ҳам ниҳояланиши жоиз бўлиб қолади. Аллоҳ таоло булардан олий ва буюкдир. Шунинг учун Аллоҳ таоло бирор тарафда бўлмасдан Ўзининг буюклигига лойиқ равишда истиво қилган, деб эътиқод қилиш лозим. Истивонинг луғавий маъносига келадиган бўлсак, аслида ушбу оят  У зотнинг буюклигини, қудратини, мулкини таърифлаб ворид бўлган. Араблар бу калимани мулкни эгаллашга киноя қилиб ишлатишган. Масалан:  агарчи ҳали бирор марта ўтирмаган бўлса ҳам, мамлакатни эгаллаган кишига нисбатан:

 (Фалончи мамлакат курсисисини эгаллади) дейишган. Улар бу сўзлари билан фақат мулкни ирода қиладилар, ўша подшоҳнинг мамлакат курсисининг усти тарафидан жой олганини ирода қилмайдилар.

Арш барча мавжудодларни ўз ичига қамраб олганига кўра уни эгаллаш барча мавжудодларни эгаллаш ҳисобланади. Бошқалари ҳақида эса бундай деб бўлмайди. Шунинг учун استوى калимасини استولى маъносига ҳамл қилиш жоиз бўлади.

 Аслида ўтган уламоларимиз бу оятни Аллоҳ таоло осмонда эканига далил қилиш у ёқда турсин у ҳақида сўрашни бидъат деганлар.

Демак ушбу маълумотлардан кейин хулоса қилиб айтадиган бўлсак биз аҳли сунна вал жамоа Аллоҳ таоло ҳақида шундай эътиқод қиламиз:

Аллоҳ таоло азалийдир. У бирор нарсага ўхшамайди, Унга ҳам бирор нарса ўхшамайди. У бирор тарафда ҳам, бирор маконда ҳам эмас. Унга вақт ҳам, замон ҳам жорий бўлмайди. Агар кўнглимизга “Аллоҳ қаерда” деган савол келадиган бўлса, иймон ва ихлос билан: “Бирор макон бўлмаган пайтда ҳам У зот бўлган. Кейин маконларни пайдо қилган, замонларни жорий қилган. Замонлару маконлар йўқ пайтда У зот қандай бўлса ҳозир ҳам ўшандайдир” деймиз.

М.Матниязов

Боғот тумани “Одина эшон бобо” масжиди имом хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *