ОМОНАТГА ҲИЁНАТ ҚИЛИШЛИК МУНОФИҚЛИКДИР

 

         Омонатга хиёнат деганда сирни фош қилиш, ўзига топширилган нарсани ё инкор этиш, ё эҳтиёт қилмаслик ёхуд рухсатсиз фойдаланиш йўли билан хиёнат қилиш тушунилади. Омонатни эҳтиёт қилиш Муқаррабийн малаклар (поклиги ва ибодати билан авлиё даражасига юксалган буюк дўстлар-фаришталар)нинг ва Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг сифати–Тақво эгаларининг мижозидир.

Аслида инсонга берилган барча нарса Аллоҳнинг омонатидур. Омонатдорликни тор доирада тушуниб қолмаслик керак. Жумладан, бизга берилган умр, ёшлик, мол-дунё, фарзанд, аҳли аёлимиз-у ота-онамиз, ҳамма-ҳаммалари омонатдур. Буни давом қилдирсак ўзингиздаги омонатларни беҳисоб эканлигини кўриб ҳайратда қоласиз!

Омонат сўзи Иймон сўзидан ясалгандир.Аллоҳнинг амрларидан ташкил топган омонатни кимда-ким яхши муҳофаза қилса, Аллоҳ ҳам унинг иймонини яхши муҳофаза қилади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Омонатни яхши сақламаганнинг иймони йўқдир.Аҳдида турмаганнинг дини йўқдир”. Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:“Мўмин хиёнатсиз ва ёлғонсиз гўзал феъл-атворга эга бўлади, ишларида хиёнат ва ёлғондан бўлмаслиги керак, деган илоҳий низомга итоат этади. Умматим омонатни ғанимат билмайди, (яъни ўлжа деб қабул қилмайди) садақани мажбурлаб олмайди. Шундай қилгандагина хайрли йўлда юрган бўлади. Сизга омонатга берилган омонатни қайтариб беринг. Хиёнат қилганга хиёнат қилманг”. (Бухорий ва Муслим ривоятқилишган.). Шунингдек, Аллоҳ таъоло каломи шарифида шундай марҳамат қилади:“Албатта, Аллоҳ сизларни омонатларни ўз эгаларига топширишга ва одамлар орасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишга буюради. Албатта, Аллоҳ сизларга энг яхши панд-насиҳатлар қилур. Албатта, Аллоҳ эшитгувчи ва кўргувчи бўлган зотдир” (Нисо сураси, 58-оят).

Кўриниб турибдики, ҳадиси шарифда ҳам, Аллоҳнинг каломи шарифида ҳам омонатни ўз эгасига қайтариш лозимлиги уқтирилган. Уни мусулмон киши ўзига ҳалол санамаслиги лозим. Аллоҳнинг панд насиҳатига қулоқ тутиб расулининг суннатига эргашиши керак. Омонатга ҳиёнат қилгувчи кимса Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларига мувофиқ мунофиқликнинг бир аломатини ўзида жамлаган бўлади.

У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Мунофиқнинг уч аломати бордир: 1.Сўзлаганда ёлғон қўшади. 2. Ваъдасида турмайди. 3. Омонатга хиёнат қилади” деб марҳамат килдилар. (Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.) Комил мусулмон ўзини ушбу иллатлардан узоқ тутиши ва доимо динининг талабларига бўй сунган ҳолда ҳаёт кечиришга ҳаракат қилмоғи лозимдур.

Жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) марҳамат қиладиларки: “Омонатни сақлай олмайдиган кишининг имони, аҳдига вафосизнинг эса дини йўқдир”.Бу билан Пайғамбаримиз (сав) айтмоқчиларки, имон ҳам мўмин кишига берилган бир омонат нарса. Уни шайтонга бой бермаган ҳолда, авайлаб сақлаш керак. Топширилган омонатларни турли офатлардан сақлай олмайдиган киши ўз имонини ҳам, албатта, сақлай олмайди. Аҳду паймонига вафо қилмайдиган, ёлғончи, алдамчи кишиларда дин ҳам қарор топмайди, демоқчилар. Омонатларни яхши сақлай олмасликдан барча жиноят ва кўнгилсизликлар келиб чиқади. Инсонлар бир-бирларидаги ҳақ-ҳуқуқларни яхши билмасликлари ёки билсалар ҳам унга тўла риоя қилмасликларидан муросасизлик, уруш-жанжал ва мушкил муаммолар вужудга келади.Масалан, бировнинг шаънига айтилган сўз. Унинг ҳақлигини билиб туриб, бирор дунёвий ғараз билан, нотўғри гувоҳлик бериш, унинг шаънига ботил бўҳтонлар тўқишлик – бу айни хиёнат ҳисобланади.

     Хар бир инсон билан Ҳақ таоло ўртасидаги омонат, иккинчидан ўзи билан аҳлу аёл, қавму қариндошлари ўрталаридаги омонат, ўзи яшаб турган жамият олдидаги ҳамда қилаётган ибодатларидаги омонат ва ҳоказолар. Қисқа қилиб айтганда, Аллоҳ таоло ҳар бир мўмин-мусулмон зиммасига нималарни фарз ва вожиб қилган бўлса, шуларни Ўзи буюргандек адо этишлик – бу улуғ ва шарафли иш ҳисобланади.

 

А.Хайтбоев

Янгибозор тумани “Саид Кучак бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *