ҲАЛОЛЛИКДА БАРАКА БОР

                               

Маълумки, инсон ҳаётининг аксар қисми молиявий муомала ва шунга доир муаммолар таъсирида ўтади. Шунинг учун агар молиявий муомала, олди-бердилар йўлга қўйилиб, зарурий қоидалар ишлаб чиқилмаса эди, турмуш қийинлашиб, одамлар орасида келишмовчиликлар кўпайиб кетган бўларди. Шунинг учун Оллоҳ таоло одамлар фисқу фужурга берилиб кетмасликлари шунингдек, уларни ягона Аллоҳга ибодат қилишлик, адолат, ҳалоллик-поклик, ораларидаги ҳуқуқларга риоя қилиш каби ишларни амалга оширишлари учун ҳар бир даврга хос Пайғамбарлар юбориб турди.

      Қуръони каримнинг бир неча оятлари жумладан «Исроъ» сурасининг 35 чи, «Арраҳмон» сурасиниг 8,9 чи, «Мутаффифийн» сурасининг 1,2,3 чи ҳамда «Ҳуд» сурасининг 84,85,86 чи оятларида савдо-сотиқдаги ҳалоллик, тарози ва ўлчовлардан уриб қолмаслик мусулмонлар ахлоқининг ажралмас қисми эканига эътибор қаратилади ва харидор ҳақига хиёнат қилиш оғир яъни кабира гуноҳлардан экани таъкидланади, тарози ва ўлчовдан уриб қолувчиларга нисбатан дунёда пулу молларидан барака кетиши охиратда эса оғир азоблар борлиги такидланади. Қўйида мавзўмизга хос «Ҳуд» сурасидан Шуайб (алайҳиссалом) қавмлари ҳақидаги ҳикояни келтирамиз.

      «Мадян (Ҳижоз ва Шом орасида жойлашган шаҳр) қавмига уларнинг биродлари бўлган Шуайб (алайҳиссалом) ни (пайғамбар қилиб) юбордик.Шуайб (алайҳиссалом) уларга айтди! Сизлар учун ундан бошқа маъбуд бўлмаган ягона Оллоҳга ибодат қилинглар. Ўлчов ва тарозидан кам қилманглар» Ман сизларни яхшиликда кўряпман (яъни ўзларинга етарли пулу молларингиз бор ҳеж нарсага мўтож эмас сизлар) ман сизларга ( Аллоҳнинг ман қилган (ҳаром қилган) нарса яъни ўлчов ва тарозидан уриб қолишларинг сабабли) қиёмат кунидаги азобдан қўрқаяпман.Эй қавмим ўлчов ва тарозида адлу инсоф билан вафо қилинглар. Одамларни нарсасини кам қилманглар (ушбу ишларинг билан) ер юзида фасод қилманглар. Аллоҳ таоло сизлар учун (ҳалол меҳнатларинг сабабли) боқий қолдирган пулу молларинг яхшироқдир агар(Аллоҳ ва қиёмат кунига) эмон келтирган бўлсаларингиз.(Ҳуд 84,85,86). ( Ояи каримадаги маънодан маълум бўладики, мазкур амаллар сабабли оммаи халқ устига турли офатлар келиб қолиши мумкин экан).

      Ибни Аббос(разияллоҳу анҳу) ривоят қилишларича Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) Мадинаи мунавварага келганлрига Мадиналиклар ўлчов ва тарозидан уриб олишга одат қилган эканлар.Шунда Оллоҳ таоло «Мутаффифийн» (Тарози ва ўлчовдан уриб қолувчилар) маънодаги сурани нозил қилиб унда қуйидагича маълумот берди: «(Савдо-сотиқда ўлчов ва тарозидан) уриб қолувчи кимсалар ҳолига вой! Улар одамлардан (бирор нарсани) ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган, уларга ўлчаб ёки тортиб берган вақтларида эса уриб қоладиган кимсалардир.Улар улуғ бир кун (Қиёмат кунида қилган ишларидан ҳисобот бермоқ учун) тирилиб Аллоҳ таолонинг ҳузурида қоим туришларини ўйламайдиларми». Ояи каримадаги «Вайл» сўзи ҳолига вой, ҳалокат ва дўзах чуқурларидан бирининг номини англатади.

      Мазкур оятнинг тафсирида «Тафсири Кашшоф»да қуйидаги маълумотни келтирилган: Пайғамбаримиз(алайҳиссалом) мазкур оятни одамларга ўқиб бергандан сўнг дедилар: «Эй одамлар билиб қўйингларки, беш номақбул амал беш офатни келишига сабаб бўлади. 1. Қайси бир қавмки, аҳдини бузса (ваъдага вафо қилмаса) Оллоҳтаоло уларнинг устига бир душманни мусаллат қилиб қўяди. 2. Оллоҳтаолонинг амру ҳукмига итоат қилмаган қавмга фақирлик ва мўҳтожлик кўпаяди. 3. Зино ва фоҳишалик зоҳир (ошкора) бўлиб қолса ногаҳон(кутилмаган ўлум кўпяди. 4. Агар ўлчов ва тарозига хиёнат қилинса (халқнинг ризқи бўлган) ўсумликлар ман қилинади ва бу иш неча йил давом қилади. 5. Закотларини бермай қолган қавм учун ёғингарчилик бўлмайди.

      Шуни ҳам такидлаб ўтмоқ лозимки, Оллоҳ таолонинг барча амру-наҳйлари банданинг фойдаси учун бўлиб ҳикматдан холи эмас. Хабарларга келишича бир бировимизнинг ҳуқуқларимизга хиёнат қилишимиз сабабидан нафақат ўзимизнинг хонадонимиздан барака кўтарилади, балки жамият учун ҳам турли офатлар жумладан ёғингарчиликлар камайиб, қурғоқчилик, озуқа танқислиги ҳамда халқ устига турли офатлар вужудга келиши мумкин бўлади. Ибни Аббос (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилган ҳадисда бундай дейилган: «Агар бир қавм аҳд (ваъда)ни бузсалар,Аллоҳ уларнинг устидан душманларни ғолиб қилиб қўяди. Агар улар ўлчовдан уриб қолсалар, ўсимликлардан ман қилинадилар ва қурғоқчиликка гирифтор бўладилар».

      Ризқ масмаласига келадиган бўлсак билмоқ керакки ризқ азалийдир. Банда эса бир сабабдир. Агар банда пок ният билан қасд қилса унинг ризқи ўзи ўйламаган жойдан келиб туради. Хусусан тижоратни касб қилган кишилар ялғон сўз, фирибгарлик, молини ўтказмоқ учун қасам ичмоқ (агарчанд рост бўлса ҳам) доим ўзларин тийилишлари лозим. Бу борада ҳадиси шарифда бундай дейилган: «Ким фирибгарлик қилса, бас,у биз(умматим)дан эмас» Имом муслим ривояти. Имом Бухорий(раҳимаҳуллоҳ)дан қасам ҳақида ривоят қилган ҳадисда эса: «Қасам молнинг бозорини чаққон қилад, аммо баракани кеткизади» дейилган. Аммо тақволи ва ростгўй тожир ҳақида Имом термизй(раҳимаҳуллоҳ)дан қуйидаги ҳадиси шариф ривоят қилинган: «Ростгўй,омонатдор тижоратчи (жаннатда) пайғамбарлар, сиддиқлар ва шуҳадолар билан бирга бўлади». Шунинг учун мазкур ҳадиси шарифдаги ваъдалардан насибадор бўлмоқ учун ризқимизни оз бўлса ҳам ҳалолдан касб қилиб топишга ҳаракат қилмоғимиз лозим бўлади. Зеро барча касбларда фирибгарликнинг ҳар қандай кўринишидан узоқ бўлиб, алдам-қалдам аралаштирмасдан, инсоф ва диёнат юзасидан амал қилмоқ лозим. Акс ҳолда тинч аҳолининг ўртасида низо солиб, соғлом жамият илдизига болта уришга сабаб бўлишимиз мумкин бўлади.

      Жорий йил мўҳтарам Юртбошимиз тарафларидан «Одамлар билан мулоқот ва инсонлар манфаати йили» деб номланишини ҳам мавзумизга тааллуқли десак ҳеж муболаға бўлмайди. Зеро инсон нафақат жисмонан балки маънан соғлом бўлмоғи ҳам талаб этилади. Манбаларга келтиришича тақволи ва ҳалол касб орқали ризқланган эркак ва аёлдан маънан соғлом ва баркамол фарзандлар вужудга келар экан. Бу хусусда кўп улуғлар жумладан «Имоми Аъзам»нинг оталари «Собит», «Имом Бухорий»нинг оналари, «Абдуллоҳ ибни Муборак»нинг Оталар ва бошқа улуғ зотлар (раҳимаҳумуллоҳ)ларнинг ҳаётларини мисол келтирмоқ мумкин. Пайғамбаримиз(алайҳиссалом) бир муборак ҳадисларида «Ахлатхонада ўсган гулдан ҳазар қилинглар» деб огоҳлантирганлар. Яъни нопок луқма билан тарбиятланган қизларга ўйланманглар! Сабаби бундай аёллардан дунёга келадиган фарзандар ҳеж қачон жамиятга яхшилик келтирмайди. Улар на ота-она на дини ва на ватанига содиқ бўлади.

      Бир ривоятда келтиришича Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам)га бир ёш бола бир оз беодоблик қилиб қолади. Пайғамбар (алайҳиссалом) бунинг сабабини ота-онасидан сўранглар деб айтадилар. Отаси яхши онаси ҳам солеҳа аёл еканлиги маълум бўлди. Аммо отаси бунинг сабабини бир ҳодисадан биламан: « Бир кеча таом пиширмоқ учун ўйимизга ўтун қолмади. Ўтун охтариб кўчага чиқиб қўшнимиз бир яҳудийнинг томига қўйилган норбондан сўрамасдан бир-икки чўбини синдириб таом пишириб едик ва уша кеча ушбу фарзанд онасига ҳомиладор бўлган деб гумон қиламан. Оиламизга бундан бошқа шубҳали ҳолатни эслай олмайман» деб мазкур ҳикояни айтиб берган экан.

Ш.Болтаев

Шовот тумани “Юсуф Хамадоний” масжиди имом хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *