ҚАЛБ ҲАҚИДА ҲУКМ ҚИЛМАНГ

     Дин манфаъатини кўзлаган, дин ва шаръиат хизматига бел боғлаган ҳар қандай шахс бу ишнинг масъулиятини теран ҳис қилмоғи лозим. Қилаётган барча ишларида ва ҳаракатларида асосли ва тўғри манбааларга таяниши, манбаалардан шариъат мақсадларига мувофиқ фойдаланиши зарур. Бирор мавзу юзасидан нутқ сўзлаш ёки мунозарага киришишдан олдин аввал шу мавзуда ижод қилган таниқли мазҳаб уламолари асарларини ўрганиш талаб қилинади. Ҳар ким ўз ақли ва билим доирасигагина суяниб иш тутадиган бўлса фойдадан кўра кўпроқ зарар етиши, турли ихтилофлар ва тушунмовчиликлар юзага келиши муқаррар.

    Айни замонимизда ҳам оқ ва қорани, тўғри ва нотўғрини адолат тарозиси билан эмас, балки, ўз қаричи билан ўлчашга уринаётганлар талайгина. Айниқса бундай одамларнинг дин ва шариъат ишларига аралашаётганлари янаям хатарлидир. Динга хизмат қилиш даъвоси билан майдонга чиқиб, айни шу динга жуда катта зарар келтираётган кишилар бироз Қуръон ва суннатни ўрганиб, уламолар тариқаларига ва шариъат услубларига мувофиқ иш тутишлари лозим. Зеро, Қуръон ва суннат инсонларга меҳр ва ғамхўрлик ила ҳукм чиқаришни тақазо этади. Буни биз Мусо алайҳиссалом ва Фиръавн билан боғлиқ тарихда ҳам кўришимиз мумкин.

   ( Эй Муҳаммад) Сизга Мусо (билан Фиръавн ўрталарида кечган воқеалар) хабари келдими? Қайсики Парвардигори унга муқаддас Туво водийсида (шундай) нидо қилган эди: (Эй Мусо) Фиръавннинг олдига боргин, зеро у ҳаддидан ошди. Бас (унга) айт: “Сенинг (куфрдан) покланишга хоҳишинг борми? Мен сени парвардигоринг (йўлига) ҳидоят қилсам, бас, сен (У зотдан) қўрқсанг”. Нозиот сураси 15-19 оятлар.

    Эътибор беринг, Аллоҳ Таъоло Фиръавндек золим ва разил кимсанинг олдига ўз пайғамбари Мусо алайҳиссаломни жўнатар экан, бориб у билан жанг қилинг ёки уни қатл қилинг демади,балки насиҳат қилишни буюрди. Чунки шариъат кимнидир жазолашни эмас, балки жамиятни тарбия қилишни мақсад қилади. Шариъатда жазо чоралари қўлланишидан олдин тарбия чоралари кўрилади. Бу тўғри ва жамият учун манфаъатли йўлдир. Афсуски, бугунги кунда ўзини дин уламоси қилиб кўрсатиб, шариъат манбааларини унинг мақсадларига хилоф тарзда талқин қилаётган шахслар сабаб жамиятда турли ихтилоф ва муаммолар келиб чиқмоқда.

     Бу каби қўштирноқ ичидаги уламоларнинг асосий ишлари одамларни айблаш, уларни жазолашга уринишдан иборат бўлиб қолмоқда. Бу тоифа кишилар ҳеч қандай маҳкама ва суруштирувсиз, гувоҳ ва ҳужжатсиз инсонларни энг оғир жиноятларда ҳам айблашмоқда. Энг ёмони одамларнинг имони ва қалблари борасида ҳукм чиқармоқдалар. Кўплаб мусулмонларни куфрда айблашмоқда. Кишиларнинг қалблари ва такфир масаласи энг эҳтиёт бўлиб иш тутиладиган мавзу саналади. Ўтган салаф уламоларимиз бундай ишлардан ўзларини узоқ тутишган. Зеро қиёмат куни биз ўзгаларнинг қалблари ва имонлари ҳақида ҳисоб қилинмаймиз.

О.Ғойипов

Боғот тумани “Мирхошим бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *