МУТАШОБИҲ ОЯТЛАР ҲАҚИДА АҲЛИ СУННАНИНГ ТУТГАН ЙЎЛИ

Кейинги пайтларда интернетдаги ижтимоий тармоқларда ўзларини салафийман деб юрган “сохта салафийлар”нинг мутошобиҳ оятларни ўзларича тафсир қилиб, мотурудийларни адашганга чиқаришга уриниб,мўмин мусулмонлар ўртасига фитна уруғини сочмоқдалар.

Шу муносабат билан аҳли сунна уламоларимиз муташобиҳ оятлар ҳақида қандай эътиқод қилиш лозимлигини такидлаганликларини ўрганамиз.

Аҳли сунна вал жамоа уламолари муташобиҳ оятлар ҳақида қандай эътиқод қилиш лозимлигини шаръий далиллар асосида исботлаб берганлар. Мазкур уламолар ушбу масала тўғрисида умумий икки гуруҳга бўлинадилар:

  1. Тафвийз қилувчилар, (ирода қилинган маънони Аллоҳга топширувчилар).
  2. Таъвил қилувчилар, (муҳкам оятларга мувофиқ қилиб маъно берувчилар).

Тафвийз қилувчилар деганда аҳли сунна вал жамоа уламоларининг жумҳури тушунилади. Таъвил қилувчилар деганда эса зарурат тақозосига кўра таъвил қилишга рухсат берган озчилик уламолар тушунилади.

 Тарихга назар солинадиган бўлса, муташобиҳ оятлар нозил бўлаётган пайтларда ҳамда унга энг яқин вақтларда яшаган саҳобалар ва тобеъинларнинг даврларида тафвийз қилингани маълум бўлади. Бу зотларнинг даврларида Қуръон ва суннатда келган муташобиҳ лафзлар истеъмол қилинганидан ортиқ баҳс қилинмаган, баҳс қилишга уринмоқчи бўлганлар ҳам, бу ишдан қаттиқ қайтариб ташланган. Бунга асосан қуйидаги машҳур ривоят мисол қилиб келтирилади.  Абдуллоҳ ибн Ваҳбдан ривоят қилинади: «Биз Молик ибн Анаснинг ҳузурларида эдик, бир киши кириб келиб, «Ар-Роҳман аршга истиво қилди» маъносидаги оятни ўқиди ва: эй Абу Абдуллоҳ, истиво қандай бўлган, деб сўради. Молик ерга қарадилар, шу туришларида у зот терга ботиб кетдилар сўнг бошларини кўтариб: Ар-Роҳман Ўзини васф қилганидек аршга истиво қилган, у «қандай бўлган» дейилмайди, «қандай бўлиш» ундан олиб ташлангандир, сен бидъатчи ёмон кишисан, чиқариб юборинглар буни, дедилар. У чиқариб юборилди»[1].

Ҳа, сўралган масала бандадан ниҳоятда эҳтиёткор бўлиб сўзлашни  тақозо қиладиган ўта нозик масала эди. Бу масала мўмин банданинг муташобиҳ оятларда баён қилинган Роббисининг сифатлари тўғрисида қандай эътиқод қилиши ҳақида эди. Шунинг учун ҳам имом Молик роҳматуллоҳи алайҳ бу масалага рўбарў бўлганларида терга ботиб кетганлар ва энг эҳтиёткор йўл бўлган саҳобалар ва тобеинларнинг йўлларини, яъни тафвийзни ўзларига лозим тутганлар.

Салафи солиҳлар муташобиҳ оятлар тўғрисида мана шу асл эътиқодни маҳкам тутиб келганлар. Аммо кейинчалик мусулмонлар орасида фитналар келтириб чиқараётган турли сабаблар туфайли таъвийл қилишга эҳтиёж туғилган.

Ислом душманлари ҳам доимий равишда турли иғволар қилиб туришар эди. улар мусулмонларнинг ақийдаларига футур етказиш мақсадида турли шубҳали масалаларни ғоят усталик ила ўртага ташлар эдилар. Ана шундоқ масалаларнинг энг катталаридан бири, Аллоҳ таолонинг сифатларига оид оят ва ҳадисларнинг зоҳирий маъноларини мисол қилиб мусулмонлар ақийдасига зарар етказишга уриниш бўлди. Аллоҳнинг қўли, кўзи ёки У пок зотга нисбат берилган бошқа сифатлари таърифида фитна қўзғаб кишиларни кўплаб залолатга кетказиш бошланди.

Қуръони каримда Аллоҳ таолонинг аршга «истиво» қилгани баён қилинган.

Ар-Роҳман аршга «истиво» қилди.  (Тоҳа сураси 5-оят)

Ушбу сифатни қандай тушуниш ҳақидаги кўплаб баҳс мунозараларнинг хулосалари қуйидагилардир:

Мотуридийларнинг қарашлари:

Аллоҳ таолонинг мутлақ эҳтиёжсиз зот экани муҳкам оятлар билан собит бўлган. Шунга кўра муташобиҳ оятларда келган «истиво» лафзининг «тенглашиш», «жойлашиш» каби эҳтиёжмандликка далолат қиладиган зоҳирий маъноларидан Аллоҳ таоло покдир, деб эътиқод қиламиз. «Истиво»дан нима ирода қилинганини эса Аллоҳ таолонинг Ўзига ҳавола қиламиз ва Қуръонда баён қилинганидек аршга «истиво» қилганига иймон келтирамиз.

Мужассималарнинг даъволари: Қуръоннинг зоҳири далолат қилганидек Аллоҳ таоло аршга ўрнашиб, унга тўлиқ жойлашган[2].  

«Яд» сифати ҳақидаги баҳслар

Қуръони каримда Аллоҳ таолонинг «қўл» маъносини англатувчи «яд» сифати баён қилинган.

Ўз «қўлим» билан яратган нарсага сажда қилишингдан сени нима ман қилди?! (Сод сураси 75-оят).

Ушбу сифатни қандай тушуниш ҳақидаги кўплаб баҳс мунозараларнинг хулосалари қуйидагилардир:

Мотуридийларнинг қарашлари: Аллоҳ таолонинг «қўл» маъносини англатувчи «яд» сифати бор. Бу сифат аъзо эмас, бандалар тасаввурига сиғадиган бирор кўринишда ҳам эмас, балки, Аллоҳ таолонинг бошқа сифатлари сингари азалий сифатдир. Шунинг учун «қўл» деганда тасаввуримизга келадиган сифатдан Аллоҳ таолони пок деб биламиз. Қуръонда баён қилинганидек Аллоҳ таолонинг «яд» деган сифати бор, деб эътиқод қиламиз ва «яд»дан нима ирода қилинганини У зотнинг Ўзига ҳавола қиламиз.

Мазкур баҳсларда мужассима фирқасининг даъволари куфр саналади. Муътазилийлар ва янги фикр соҳибларининг даъволари бидъат ҳисобланади. Мотуридийларнинг қарашлари эса саҳобалар даврларидан то ҳозирги кунимизгача аҳли сунна вал жамоа эътиқод қилиб келаётган энг тўғри йўл ҳисобланади.

Ушбу баҳслардан кўриниб турибдики, тарихда бўлиб ўтган эътиқодий ихтилофлар асосан муташобиҳ оятларни қандай тушуниш ҳақида бўлган. Шунинг учун муташобиҳ оятлардан нима ирода қилингани ҳақида тортишишдан сақланиш ва Аллоҳ таолонинг ҳикмати тақозосига кўра  уларнинг шундай нозил қилинганига иймон келтириш лозим.

Ф.Абдуллаев

Боғот тумани “Иморат бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *