ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРДАГИ ФИРИБГАРЛИК ВА АЛДОВЛАРДАН ОГОҲ БЎЛИНГ!

Кундан-кунга ижтимоий тармоқларнинг инсон ҳаётидаги аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Уларнинг жамият учун ижобий жиҳатлари билан бирга, салбий таъсирини ҳам қайд этиш лозим. Гуруч курмаксиз бўлмайди деганларидек, бу соҳада ҳам одамларнинг соддалиги, ишонувчанлигидан фойдаланиб, фирибгарлик билан шуғулланувчилар топилади.

Ижтимоий тармоқлардаги фирибгарликларни шартли равишда иккига бўлиш мумкин:

  1. Молиявий фирибгарлик.

Кейинги пайтларда халққа хизмат қилиб келаётган кўплаб хайрия фондлари “соя”сида одамларнинг ишонувчанлигидан фойдаланиб, алдов йўли билан ҳаром мол тўпловчилар ҳам кўзга ташланиб қолмоқда. Масалан, ёлғондан бирор бемор кишининг суратини қўйиб, ёрдам сўралади ва пул ташлаш учун карталар жойлаштирилади. Бунга ишонган кишилар карталарга пул жўнатишади. Шундай қилиб холис кишиларнинг маблағларини фирибгарлар ўзлаштирадилар.

Аллоҳ таоло мусулмонларни ўзаро молларини ботил йўллар билан ейишдан қайтаради. Ўғирлик, фирибгарлик ҳам – ботил йўлларнинг биридир. Ўзаро розилик ва ҳалол тижорат билан топилган бойликлар – ҳалолдир.  Қуръони каримда шундай дейилади:

яъни: “Эй, имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно…” «Ўзингизни Ўзингиз ўлдирманг!», «Албатта, Аллох сизларга рахимлидир».

  (Нисо сураси 29-оят).

Бировнинг молини ботил йул билан ейишга рибо, кимор, пора-хўрлик, алдамчилик, нархни сунъий равишда кутариш, уғрилик, киморбозлик, товламачилик ва бошқалар киради.

 «Магар ўзаро розилик ила бўлган тижорат бўлса, майли», деб истисно қилинмоқда. Албатга, ҳалол ризқ топишнинг йўли фақат тижорат эмас. Аммо бу мақомда тижоратнинг зикр қилинишига сабаб — ботил йўл билан мол ейишнинг баъзи турларида тижоратга ўхшашлик бор. Мисол учун, Арабистон ярим оролида рибохўрлик авж олган эди. Аллоҳ таоло бу ишни ҳаром қилганида, мушриклар, рибо ҳам тижоратга ўхшаш, деган даъвони илгари сурдилар. Шунга ўхшаш тушунмовчиликлар ёки ноўрин даъволарнинг бўлмаслиги учун, ўзаро розилик билан бўлган тижорат истисно қилинмоқда. Чунки, тижорат — ҳалол меҳнат. Тожир меҳнат қилиб, молу пулини ишга солиб, ишлаб чиқарувчи ва харидор орасида восита бўлади. Бу вазифани бажариш учун орада анчагина хизматларни адо этади. Унинг келажакда фойда кўриш-кўрмаслиги, фойданинг оз ёки кўп бўлиши гумон бўлади. У касод бўлиш, синиб, молсиз-пулсиз қолиш эҳтимолларини ҳам бўйнига олиб, бу ишга қўл уради. Энг муҳим омиллардан бири —тижорат икки тарафнинг розилиги билан бўла­ди. Харидор рози бўлмаса, олиш-олмасликда ихтиёр ўзида, бошқа томонга кетаверади.

Оятнинг давомида Аллоҳ таоло мўмин бандаларига хитоб қилиб: «Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг!» демокда.

Сиртдан қараган одам, бир-бирининг молини ботил йўл билан ейиш ва ўзини ўзи ўлдириш орасида нима алоқа бор, дейиши мумкин. Лекин чуқурроқ ўйлаб кўрилса, ҳаётий тажрибага назар солинса, ҳақиқатда бу икки нарса ўртасида бевосита алоқа борлиги кўрилади. Бир-бирининг молини ботил йўл билан ейиш одати бор жамиятлар ўзини ўзи ҳалокатга олиб боражагини ва бораётганини кўрамиз. Бу ишни қилганлар ўзини ўзи ўлдирган бўлади.

Одамларни норози қилиб, уларнинг маблағларини ўғирлайдиганларни топган ҳаром луқмалари уларни дўзахнинг тубига тортади. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтадилар: “Сизлардан ҳар бир киши оғзига тупроқ солиши ҳаром луқма солишидан кўра хайрлироқдир”. Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расули Акрам саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ҳаромдан озиқланган ҳеч бир жасад жаннатга кирмайди» (Имом Абу Яъло ва Имом Баззор ривоятлари).

Видолашув ҳажида Пайғамбаримиз кўп нарсаларни васият қилдилар. Шулар қаторида кишиларнинг молини зулм билан ейиш ҳаромлигини уқтириб, шундай дедилар: яъни: «Огоҳ бўлинглар, албатта Аллоҳ таоло қонларингиз ва молларингизни бир бирингизга ҳаром қилди» (Имом Бухорий ривояти).

Демак, ҳар бир имонли киши тановул қилаётган луқмасига қаттиқ эътибор қилиши ва уни фақат ҳалол йўл билан топиши лозим. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай келади.

яъни: “Ким мол-дунёни қаердан топаётганига парво қилмаса, Аллоҳ таоло ҳам у кишини дўзахнинг қайси эшигидан киргизишига парво қилмайди” (Имом Дайламий ривояти).

         Бировни ҳаққидан қўрқмай, нотўғри йўллар билан мол-дунё топиш мўмин-мусулмонга умуман муносиб эмаслиги ва қилинган ибодатлари бекор бўлиши ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

яъни: “Қиёмат кунида айрим кишиларни олиб келишади. Уларнинг Туҳома тоғича келадиган яхшиликлари бўлади. Улар келтирилгач, Аллоҳ уларнинг яхшиликларини тўзғиган ғуборга айлантириб қўяди, ўзлари эса дўзахга улоқтирилади”. Шунда “Ё, Расулаллоҳ, бундай бўлишининг боиси недир?”, – деб сўрашди. Пайғамбаримиз: “Улар намоз ўқир, рўза тутар, ҳаж қилар эдилар, бироқ бирон бир ҳаром нарсага дуч келсалар, уни олишар эди. Шу боис Аллоҳ уларнинг амалларини йўққа чиқарди”, – деб жавоб бердилар (Имом Табароний ривояти).

  1. Маънавий фирибгарлик.

Бу тур фирибгарлик ижтимоий тармоқларда иқтисодий фирибгарликдан ҳам кўпроқ учрайди. Бу ёлғон хабар тарқатиш.

Ҳар куни ижтимоий тармоқларда минглаб хабарлар тарқалади. Лекин шунинг ҳаммаси ҳам ишончли эмас. Баъзилари билмасдан ҳатто ёлғонга аралашса, баъзилари қасддан, қандайдир мақсадлар билан ёлғон маълумот тарқатади. Натижада улар ўзи ва ёлғонга амал қилганларнинг гуноҳини елкаларига “ортиб” оладилар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:

яъни: “Эй, мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!” (Ҳужурот сураси 6-оят).

Бу ояти карима мусулмонлар ҳаётидаги энг мухим масалани муолажа қилади. У ҳам  бўлса, хабарни қабул килиш масаласи. Одамлардан хабар қабул қилиш, бу бир неча турга бўлинади. Аввало, хабарчи динда, сўзида ўта ишончли киши бўлса, унинг хабари кабул килинади. Хабарчи фо­сиқ бўлса, яъни, умрида бирор марта ёлғон гапирган, шариат ҳукмларидан бирортасига бирор марта амал қилмаган бўлса ёки унинг ишончли-ишончсизлиги маълум бўлмаса, дейликки, нотаниш одам ёки хабари синаб кўрилмаган кимса бўлса ва хаказо, унинг хабари текширилмай туриб қабул қилинмайди.

Одамлардан эшитган нарсасини суриштирмай гапиравериш гуноҳ эканига кўплаб ҳадиси шарифлар далолат қилади.

яъни: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Кишига гуноҳ бўлиши учун эшитган нарсасини гапиришининг ўзи кифоядир”, дедилар”

)Имом Абу Довуд ва Имом Муслим ривоят қилган(.

Ёлғон гувоҳлик бериш ҳам бузғунчиликларга сабаб бўлади. Ёлғон гувоҳлик бериш, ёлғон хабар тарқатиш кишиларнинг жабру жафо тортиши, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол бўлишига олиб келади. Шунинг учун ҳам ёлғон гувоҳлик беришни Аллоҳ таолога ширк келтириш каби катта гуноҳлар қаторида зикр қилинган.

яъни: Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Сизларга катта гуноҳлар ҳақида хабар берайми?”, деб уч марта сўрадилар. Биз: “Ҳа, айтинг, эй Аллоҳнинг расули”, дедик. Шунда у зот: “Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш”, деб, суяниб турган эдилар, ўтириб олдилар. “Огоҳ бўлинглар, ёлғон сўз ва ёлғон гувоҳлик бермоқ”, деб такрорлайвердилар. Биз ҳатто: “Қанийди сукут қилсалар”, деб айтдик” (Муттафақун алайҳ).

Шунинг учун барчаларимиз ижтимоий тармоқлардаги бундай фирибгарлик ва алдовлардан огоҳ бўлишимиз керак.

Х.Аҳмедов

Шовот туман бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *