ЙЎЛ ҲАРАКАТИ ОДОБЛАРИГА АМАЛ ҚИЛИШ ҲАР БИР ИНСОН БУРЧИДИР

Ислом дини кўрсатмаларига инсон ҳаётининг ҳамма жиҳатларини ўз ичига жамлаб олган, шулар қаторида шахсий, оилавий ва ижтимоий ҳаётдаги ўрнини белгилаб берган. Мусулмон киши ўзгалар билан муомала қилганда чиройли хулқли бўлиши айнан динимиз талабидир. Қуръони Каримда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал хулқларини мақтаб шундай дейди: “Албатта Сиз буюк хулқ ўзидирсиз”. (Қалам сураси 4-оят). Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мўминларнинг чиройли хулқларига одатланиши исломнинг шиори эканлигини билмоғи керак.

Пиёда ва автомашиналарда юришнинг ҳам ўзига яраша қонун қоидалари бор. Бу мавзунинг муҳимлиги шундаки ҳозирги вақтда транспорт воситалари сезиларли даражада кўпаймоқда, йўл транспорт ҳодисалари ва талофатлари кўпаймоқда. Бу эса ҳайдовчи ҳам пиёдага қўшимча масъулият юклайди. Мутахассисларнинг маълумотларига қараганда, дунё бўйича ҳар куни 3-мингдан зиёд инсон йўл транспорт ҳодисаси қурбонига айланади, 100 мингдан зиёд киши турли хил равишда тан жароҳати олмоқда. БМТ маълумотларига кўра, ҳар йили йўл транспорт ҳодисалари дунёда 1 миллион 300 минг кишининг ҳаётига нуқта қўяди.

Азизлар, йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишнинг шаръий ҳукми Халқаро Ислом академияси ва Саудия Арабистони подшоҳлининг илмий баҳслари ҳамда фатво бериш бўйича диний қўмитаси жумҳур уламолари йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш вожиб эканини таъкидланади, чунки йўл ҳаракати қоидалари шариатимизга зид эмас, ундан ҳамма одамларнинг фойдаси кўзланади ва қоидаларига амал қилиш бошлиқларга итоат қилиш қабилидан ҳисобланади. Шуни эсдан чиқармаслигимиз керакки айрим мутаассиб жоҳил фатво берувчилар “Йўл ҳаракати қоидалари Қуръони Каримда ҳам, суннатда ҳам вориф бўлмаган, у ислом шариатидан ташқаридаги нарса, демак, унга амал қлимаса ҳам бўлаверади” деган ўта аҳмоқона фатволарни бермоқдалар.

Баъзи бир мусулмонлар бу найрангларга учиши оқибатида бугунги кунда йўлдаги тартибсизликлар сабабли ўлим ҳолатлари кўплаб учрамоқда. Йўл ҳаракати қоидалари бузиш, бошқа бир йўл ҳаракати иштирокчиси ҳаққини паймол қилиш ва унга зулм қилиш ҳисобланади, исломнинг асосий қоидаларидан бири бу.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Исломда зарар кўриш ҳам зарар бериш ҳам йўқ” (Имом Бухорий ривоятлари). Ушбу ҳадисга мувофиқ, ҳайдовчи ўзгаларнинг жонига, молига етказган зарари учун жавобгар бўлади, фақат ҳайдовчига боғлиқ бўлмаган, унинг айби йўқ ҳолатлар бундан мустасно ҳисобланади. Йўллардаги бахтсиз ҳодисаларнинг аксарияти тезликни ошириш ва қарама-қарши йўлга чиқиши оқибатида содир бўлмоқда. Бунинг сабаби биринчи навбатда шошқалоқликдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир ишда саҳобаларни шошқалоқликдан қайтарганлар. Ҳадиси шарифда босиқлик Аллоҳдан, шошқалоқлик шайтондандир, дейилган.

Азизлар, ҳозир тараққиёт даври, шиддат билан ривожланиб бормоқда, шундай экан, мусулмон кишини йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш кузатув камералари ёки йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмалари ходимлари назорат қилаётган учун эмас, балки ислом шариатининг талаби деб эътиқод қилган ҳолда бажармоғимиз керак, шунда йўлда юриш ҳам ибодатга айланади.

Аллоҳ таоло юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо қилиб, барчаларимизни тўғри йўлда бардавом қилсин, бало офатлардан ўз ҳифзу ҳимоясида сақласин.

С.Сапаев

Хива тумани бош имом хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *