ЖАҲОЛАТГА ҚАРШИ МАЪРИФАТ ДИНИМИЗ ШИОРИ

Аллоҳ таоло инсониятга улуғ неъмат қилиб ақл неъматини берган. Банда ақли билан иш тутса Қиёмат кунида фаришталардан ҳам устун бўлади, агар ақли заиф бўлиб нафсий ҳиррисиёт олдинда юрийдиган бўлса Қиёмат кунида ҳайвондан ҳам паст даражада бўлади. Шунинг учун ҳам жоҳил инсонга тўғри йўлни кўрсатиш эса илм маърифат китоб ўқиш билан бўлади. Дунёда ҳам, оҳиратда ҳам инсонга илмдан кўра кўпроқ фойда келтирадиган нарса йўқ.

Али (РА) айтадилар: “Инсонларнинг энг қадри ози бу илми озидир.” Илмсизлик, жаҳолат инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб бориши муқаррардир, инсонлар эса илм орқали Парвардигорларини танидилар. Дунё ва оҳиратларини илм билан обод қиладилар. Луқмони Ҳакимдан сўраган эканлар: “Одобни кимдан ўргандинг”, “беодобдан” деб жавоб берган эканлар. ”Ундан қандай қилиб ўргандинг” десалар, “унинг қилган ёмон амалларини тарк қилдим” деб жавоб берган эканлар. Шунинг учун ҳам азизлар оқил инсон бу дунёда ҳам у дунёда ҳам мартабаси улуғ бўлади, илми ва маърифати билан.

Уламоларимиз айтадилар: “Китобларни ёқиб юбориш оғир гуноҳ, бироқ дунёда унданда оғирроқ гуноҳ бор, у китоб ўқимасликдир.”

Азизлар, муқаддас ислом дини илм ва маърифат дини, инсон илм маърифат, самимийликда бўлса, жаннат у талабида бўлади, агар инсон, жоҳиллик ёвузлик томонида бўлса дўзаҳ у талабида бўлади, деганлар. Пайғамбаримиз (САВ) шундай ҳаёт кечирганлар, уммат илму маърифат билан бир ота-онадан туғилган биродардек аҳил ва иноқ кишилардек бўлишига даъват қилганлар. Илм маърифатда бутун дунёга ўрнак бўлганлар, хусусан Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан илм-фаннинг брча соҳасида пешқадам бўлган улуғ алломалар ҳозирги замон авлодлари бўлмиш бизларнинг фаҳру ифтихоримиз саналадилар.

Буюк аждодимиз Амир Темур айтадилар: “Китоб барча бунёдкорлик, яратувчанлик ва ақл идрокнинг, илму донишнинг асосидир, ҳаётни ўргатувчи мураббийдир” деганлар.

Азизлар, жоҳил инсонга илм-маърифат билан тўғри йўлни ўргатмоғимиз керак, чунки мафкуравий бўшлиқ ёт иллат ғоя билан тўлдирилган бўлса, у инсонга тушунтириш қийин бўлади, агарда мафкуравий бўшлиқ илм-маърифат билан тўлдирилган бўлса унда инсон ҳидоятдан адашмайди. Китоб ўқиш билан қалб чигалликларини ёзади, кўнгилга ҳузур бағишлайди, жаҳолатга барҳам беради. Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда ҳам илм маърифатни қўйиб, жаҳолат йўлини тутган кимсалар ҳам йўқ эмас. Маърифат дини бўлган ислом динидан ғаразли мақсадлар йўлида фойдаланаётган кучлар, илмсиз ёшларни йўлдан уриб, жаҳолат гирдобига тортаётгани сир эмас. Минглаб ёшлар турли оқимларнинг таъсирига тушиб, ана шундай жаҳолат қурбонига айлангани барчамизга маълум, шунинг учун ҳам ёшларимизни илм олишга ундаш, китоб ўқишга тарғиб этиш бугунги куннинг долзарб масаласи десак муболаға бўлмайди.

Азизлар, келинглар муқаддас ислом динида нима буюрилган бўлса бажариб, нимадан қайтарилган бўлса, қайтиб бу тинчликни қадрига етиб яшасак албатта келажагимиз янада фаровон бўлади. Бир-бирларимизга меҳрли бўлиб яшашликни  Аллоҳ таоло барчамизга насиб қилсин. Жаҳолатга қарши маърифат билан жавоб бермоғимизни ато қилсин.

Р.Жуманиязов

Хива тумани “Абдулла Румий” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *