АҚИДАНИ БИЛИШЛИК

Оламларнинг роббиси Аллоҳ таолога ҳамду сано, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга ва у зотнинг оила аҳлига, асҳобларига салоту-саломлар бўлсин. Аллоҳ таолога шукрлар бўлсинки, халқимиз ватанимиз мустақиллигидан бошлаб том маънода ўз қадриятларига эга бўлди.

Ҳеч кимга сир эмаски, собиқ иттифоқда дин-диёнат, исломга чек қўйилган эди. Атеизм номи билан инсонларни даҳрийликка даъват қилинар эди. Тўғри, уруш йиллари Ўрта Осиёда мусулмонлар идораси тузишга, масжидлар очилишига рухсат берилган эди. Лекин барибир жамиятда даҳрийлик мафкураси устун турарди. Бобокалонлари исломий билимларда пешқадам бўлган авлод аста-секин ғайридинлар таъсири остига тушиб, уларнинг урф-одатлари-ю, маданиятини қабул қилиб борарди. Кўп жойларда ийд намозларини  бир тўда қариялар  яширинча адо этарди. Расмий лавозимларда ишлайдиган кишилардан ота-оналарига жаноза ўқитмаслик, фарзандларига никоҳ ўқитмаслик талаб қилинарди. Лекин, Аллоҳ таолонинг хоҳиш иродаси билан халқимиз ичида динни қўлида чўғни сақлагандек сақлаб қолган кишилар ҳам бор эди. У зотлар ўшандоқ қийин шароитда ҳам динимизни мусаффо сақлаш, инсонларни ҳидоятга бошлаш учун жон куйдирганлар.

Айниқса бу борада Ўрта Осиё мусулмонлар идораси  ходимларининг хизматлари ташаккурга арзийди.

Зоҳиран ҳар қанча ҳайбатли кўринмасин, динсизлик жамияти аста-секин емирилиб борди. Аллоҳ таолонинг неъмати сифатида халқимиз бошига мустақиллик қуёши порлади. Динимизга ҳам эркинликлар берилди. Лекин минг афсуслар бўлсинки, баъзи бир сабабларга кўра дин-диёнатга ташна ватандошларимиз ичида фирқаланиш пайдо бўлди. Дин номидан иш кўрадиган, мусулмончиликни суистемол қиладиган кишилар кўзга кўринди. Бу нохушликларнинг асосий сабаби пок ва мўътадил ислом динини таълим бериш издан чиққанлиги, халқимиз ичида Ислом динини мукаммал биладиган уламоларнинг камайгани эди. Такрор бўлса ҳам айтиш мумкинки мустақилликдан сўнг Ўзбекистонимизда ислом билим юртлари   ташкил  килинди. Бу ислом билим юртлари халқимизнинг диний  эҳтиёжларини қондириши  ва маънавий бўшлиқни тўлдириши, ватандошларимиз, хусусан ёшларимизни ҳар хил ёт оқим, фирқалар таъсиридан сақлаши лозим.

Маълумки фирқаланиш кўпинча имон-эътиқод, яъни ақоид масалаларида бўлади. Шу сабабли ислом билим юртлари талабаларига мусаффо ва мўътадил ислом ақоидини атрофлича таълим бериш, Аҳли сунна вал жамоа ақидасининг далилларини таълим бериш мақсадга мувофиқдир. Бу соҳада ёш мутахассисларимиз кўп изланишлар олиб бориши, таълимнинг қулай, самарали усулларини ишлаб чиқишлари лозимдир.

Зеро пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек Ислом беш нарса устига бино қилинган. Ислом биносини кўтариб турувчи биринчи устун бу: «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур росулуллоҳ», деб гувоҳлик беришдир. Яъни иймондир.

Мана шу ўринда биз ўрганаётган соф исломий ақидани ҳаётга тадбиқ қилиш нақадар муҳимлиги тушунарли бўлади.

 

М.Мансуров

Боғот тумани “Казанпир бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *