АЗИЗ УМРНИНГ ҚАДРИГА ЕТАЙЛИК!

Аллоҳ таоло бу дунё ҳаётини ва ундаги барча нарсалар, жумладан сизу биз инсонларни ҳам фоний қилиб яратди. Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч нарса боқий эмаслигини Қуръони каримда баён қилди: яъни: (Ер) юзидаги барча мавжудот фонийдир. Улуғлик ва Икром соҳиби бўлмиш Раббингизнинг “юзи” боқий қолур” (Ар-Раҳмон сураси, 26-27-оятлар). Дарҳақиқат, умримизнинг бир қисми бўлмиш ўтказган бу йилимизда қанчалик хайрли ва савобли ишларни қилганимиз ёки гуноҳ ва хатоларга йўл қўйганлигимиз энди, охиратда ўзимизга ҳужжат бўлади. Яхшилик билан ўтказган бўлсак, алҳамдулиллаҳ, аммо гуноҳ ва хатоларни кўп қилган бўлсак, уларни тўғрилаб олиш учун ҳали имконимиз бор. Зеро, инсоннинг умри ниҳоясига етгач камчиликларни тўғрилашнинг имкони қолмайди.

Динимизда инсон умри ва вақтининг қадри нечоғлик улуғ эканлиги ҳақида етарлича маълумотлар берилган. Зеро, инсон ўзига берилган умрдан унумли  фойдалана олса, бу унинг дунё ва охиратда саодатга эришишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда турли вақтларга қасам ичиш билан умр инсонга берилган неъмат эканига ишора қилган.

Қуръони каримда инсон умри бекорга берилмагани қайта-қайта айтилган. Уни беҳуда ишлар, кўнгилхушликлар ва бекорчилик, дангасалик ва тамбаллик билан зое қилиш учун эмас, балки, хайрли амаллар, фойдали ишлар, элу юртга манфаат келтирадиган, охират учун захира бўладиган буюк ишларни амалга ошириш учун берилган қимматли фурсат экани таъкидланади.

 Маълумки, дунё ҳаёти – ҳар бир инсонга берилган ўткинчи синов муддатидир. Ундаги ҳар бир кун, соат, дақиқа ва ҳатто сония инсон учун кўп фойда келтирадиган ғанимат бир фурсатдир.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

яъни: “Аллоҳ таоло кимга олтмиш йил ёки етмиш йил умр берган бўлса, батаҳқиқ  унга умр тўғрисида узр қолдирилмайди(Имом Аҳмад ривоятлари).

Яъни, Аллоҳ таоло ушбу узун муддатли умрни унга муҳлат қилиб бериш билан охиратда унинг узр айтишига ва ўзини оқлашига бирон бир баҳона қолмаган.

Инсон ҳаётидаги асосий ғоя – имон-эътиқод билан солиҳ ҳаёт кечириш, ўзгаларга имкон борича наф келтириш ва яхши из қолдиришдир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

яъни: “У (Аллоҳ), сизларнинг қай бирингиз яхшироқ амал қилишингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган Зотдир” (Мулк сураси 2-оят).

Ушбу ояти каримада ўлим билан ҳаёт одамлардан қайси бири чиройлироқ амал қилишини имтиҳон қилиш учун яратилгани баён қилинмоқда. Демак, инсон умри бекорга берилмайди, уни беҳуда ишлар билан зое қилиш мумкин эмас. Балки умр – хайрли амаллар, фойдали ишлар, элу юртга манфаат келтирадиган ҳамда охират учун захира бўладиган буюк ишларни амалга ошириш учун берилган қимматли фурсатдир.

  Яна бир ҳадиси шарифда бундай марҳамат қилинган:

яъни:  “Беш нарсадан олдин беш нарсани ғанимат билинг: кексалигингиздан олдин ёшлигингизни, касаллигингиздан олдин саломатлигингизни, камбағаллигингиздан олдин бойлигингизни, машғуллигингиздан олдин бўшлигингизни, ўлимингиздан олдин ҳаётингизни” (Имом Ҳоким ривоятлари).

Ушбу ҳадисни биринчи ва бешинчи насиҳатларини кенгроқ шарҳ қиламиз.

Биринчи: “Ёшлик, ўспиринлик даврини кексайиб, мункиллаб қолишдан аввал ғанимат билмоқлик”.

Қиёмат куни ҳар бир шахс Аллоҳ таолонинг ҳузурида ўтказган вақти ҳақида сўралади. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида марҳамат қилганлар:

яъни: “Қиёмат кунида банда тўрт нарсадан сўралмагунча, унинг қадами жойидан жилмайди: умрини нимага сарфлагани, йигитлик даврини қандай ўтказгани, молини қаердан топиб, қаерга сарфлагани ва олган илмига қандай амал қилгани” (Имом Темизий ривоятлари).

Шунинг учун бизларга аждодларимиз ҳаёти биз учун ибрат бўлиши керак. Улуғ тобеъинлардан Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳнинг шундай сўзлари бор: “Шундай зотлар бор эдики, сизлар дирҳам-динорларингизга ҳарис бўлганингиздан кўра улар вақтларига қаттиқроқ ҳарис эдилар… Одам боласининг ҳар бир куни қуйидаги сўзларни айтиб ўтади: “Эй одам боласи, мен янги кунман ва қиладиган амалингга гувоҳман. Агар ўтиб кетсам, қайтиб келмайман. Хоҳлаган ишингни қил, унинг самарасини қариганингда топасан ва хоҳлаган ишингни кечиктир, у сенга асло қайтиб келмайди”.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ҳар биримиз вақтдан унумли фойдаланиб, умримизни ибодатлар, ҳалол касб-кор, илм-маърифат, зикру тасбиҳ, савобли ишлар ва ватанимиз равнақи учун сарфлашимиз керак бўлади.

Х.Аҳмедов 

Шовот тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.