ГИЁҲВАНДЛИК ИЛЛАТИДАН ЙИРОҚ БЎЛАЙЛИК

Ислом дини мусулмонларнинг ақли, насли, жисми, дини, мол-мулки, шаъни каби энг муҳим асосларини муҳофаза қилишга буюрган. Булардан бирига қилинган тажовуз динимизда инсоннинг бутун борлиғига қилинган тажовузга тенглаштирилади. Аммо кишилик жамиятида шундай иллат ва балолар борки, улар юқорида тилга олинган барча инсоний асосларга бирданига таҳдид қилади. Ана шундай ҳалокатли иллатлардан бири гиёҳвандликдир.

Ҳозирги асримизда гиёҳвандлик балоси инсоният ҳаётига жиддий хавф солаётган, унинг азиз ва мукаррамлигига путур етказаётган машъум иллатлардан бири бўлиб турибди.  Гиёҳвандлик Аллоҳ таоло инсонга ато этган жон, жисм ва ақл неъматларининг заволига сабабчидир. Зеро, бу Аллоҳнинг яратиш ҳикмати ва таълимотига зид ишдир.

Умму Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир маст қиладиган ва бўшаштирадиган нарсалардан қайтардилар”, деди. Бўшаштирадиган нарса, бу аъзоларни заифлаштирадиган ва мияни айнитадиган (оғриқни сездирмайдиган) моддалардир. Мияни айнитадиган нарса, бу ақлни ўраб оладиган нарсадир. Демак, бундай нарсалар шариатимизда ҳаром қилинган ва мусулмонларимиз, ёшларимиз бундай ҳаром нарсаларнинг яқинига ҳам келмасликлари лозим. Чунки бундай ҳаром нарсаларни истеъмол қилиш ўз жонига қасд қилиш, ўзини ўзи ҳалокат чоҳига отишдан бошқа нарса эмас.

Қуръонда Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: “…Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламанг”[1]. Яна бошқа бир ояти каримада эса бундай зикр этилади: “…ўзларингизни ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир”[2].

Аллоҳ таоло ушбу оятлар билан инсонларнинг ўз жонларига қасд қилмасликларига буюрган. Бундан бирор инсон ўзига ҳам, атрофидагиларга ҳам жабр қилиши, зарар етказиши мумкин эмаслиги келиб чиқади. Инсоннинг гиёҳванд моддалар истеъмол қилиб, ўз жонига қасд қилиши улкан гуноҳдир.

Исломда гиёҳвандликнинг зарар ва офати ҳақида уламолар кўплаб асарлар ёзишган, жумладан, Имом Саноний шундай деган: “Гиёҳвандлик нимадан тайёрланган бўлишидан қатъий назар маст қилдими ёки афюн каби нарса бўлиб истеъмол қилинишида кайф бердими-у мутлоқ ҳаромдир”. Ханафий мужтаҳид олимлардан Ибн Обидин ҳазратлари Ибн Ҳажардан нақл қилиб шундай дейди: “Банг – афюн истеъмол этишда 120 хил диний ва дунёвий зарар, офатлар бўлади”.

Гиёҳвандлик оқибатида ўнлаб тузалмас касалликларга йўлиқиш, бевақт ўлим ҳолатлари, мажруҳ, ақли ноқис фарзандлар туғилиши исботланган. Бу эса инсоннинг ўз жонига қасд қилиш билан баробардир. Зеро, инсон ўз жонига қасд қилиши улкан гуноҳлиги барчамизга маълум. Бундан ташқари, ушбу зарарли иллат инсонни ўта ялқов, камғайрат, оиласига бепарво, ҳамиятсиз, жинсий ожиз қилиб қўяди, мия фаолиятини сусайтиради, кўзини хиралаштиради, тишлари тўкилиб кетади.

Яна Ислом қонунларида Гиёҳванд моддаларини истеъмол қилиш, уни сотиш ва унинг тижоратидан келган фойда ҳам ҳаром саналади. Барчаларимиз ўсиб келаётган ёшларимизни, жондан азиз фарзандларимизни гиёҳвандлик йўлига кириб кетмаслиги учун доимо уларни назорат қилиб боришимиз, илму-ҳунар ўргатишимиз, жисмоний меҳнат ҳамда спорт билан шуғулланишига алоҳида эътибор беришимиз лозим бўлади. Бундай долзарб муаммони бир тоифа ёки бир шахсни зиммасига юклаш билан ижобий хал қилиб бўлмайди. Бу ишга барча биринчи галда ота-она, махалла, билим юртидаги ўқитувчилар боринки бутун давлат, миллат, халқ бирлашиб курашмоғи лозим.

 

М.Мадиримов

Ҳазорасп тумани “Ҳазрати Шайх Муҳаммад Амин” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *