ИСТИҚЛОЛ ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН

Бугунги кунда Янги Ўзбекистонни барпо этар эканмиз, кўзлаган марраларимизга эришишимиз учун энг аввало миллий ғоя масаласи жуда муҳим аҳамиятга эга.

Бу борада мамлакатимизда сўнгги йилларда қатор қарорлар қабул қилинди ва Республика маънавият ва маърифат кенгаши раиси Президент экани белгилаб қўйилди ҳамда давлатимиз сиёсатида айнан маънавий-маърифий ишлар янада юксак ўринга қўйилди.

«Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир, биз янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси – бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси – аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият», деб алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Ўзбекистон миллатидаги гўзал ва юксак ғоялар халқимизнинг неча минг йиллик ҳаётий тушунча ва қадриятларига асосланган.

Жумладан, Шарқ уйғониш даврининг буюк мутафаккири Абу Наср Форобийнинг «Фозил одамлар шаҳри» асаридан оқилона ‎давлат тузуми ҳамда инсоният жамияти ҳақида билдирилган фикрларида маънавий етук, маърифатли, таълим ва тарбия кўрган, ноёб инсоний фазилатларга эга бўлганларгина давлат ва жамият ривожига ҳисса қўша олиши мумкин деган фикрларини англаш мумкин.

Шу билан бирга, буюк аждодимиз Соҳибқирон Амир Темур тафаккурининг маҳсули бўлган «Темур тузуклари» асаридаги «Тажрибамда кўрилганким, азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз, лоқайд кишидан яхшироқдир», деган фикрлар бугунги кунда ҳам нақадар долзарб экани барчамизга маълум.

Зеро, иқтисодиётнинг ривожига ҳам айнан соғлом фикрли, илм-маърифатли, эл манфаатини ўйлаб иш тутадиган, эл-юртига садоқатли тадбиркорларгина ўзи ҳиссасини қўшиши мумкин.

Ўзбекистонда мустақил ва кучли давлат қуришдан асосий мақсад инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият ҳисобланадиган ва ҳурмат қилинадиган адолатли жамият барпо этиш бўлиб, бу авваламбор, таълим ва маърифат тизимини такомиллаштириш, мамлакатимиз келажаги бўлган ёшларни замонавий билим олишга йўналтириш, баркамол шахсни тарбиялаш билан боғлиқдир.

Президент Ш.Мирзиёев томонидан таъкидланганидек, «Агар кимдир, маънавият масаласи — бу фақат Маънавият маркази ёки тегишли вазирлик ва идораларнинг иши, деб ўйласа, хато қилади. Буларнинг барчаси олдимизда турган энг асосий, энг муҳим вазифалардан биридир».

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳам миллий ғоямизнинг асосий устунлари ҳисобланадиган илм-фан, маърифатни янада тараққий эттириш йўлида бир қанча ишларни амалга ошириб келмоқда. Вазирлик республикамиздаги миллионлаб иқтидорли ёшлар, тадқиқотчилар, олимларимизни жалб этиб, қўллаб-қувватлаб, ҳар бир соҳада янгилик яратишда илмий марказ, база бўлиш мақсадида тизимли чораларни кўриб келмоқда.

Янги Ўзбекистонни барпо этишда янгича дунёқарашга эга бўлган, маънавий баркамол, илм-маърифатли, соғлом фикрли ёшларнинг садоқати ва меҳнатлари янги тараққиётни юқори босқичга кўтаришга хизмат қилади.

Бугунги кунда Истиқлол туфайли юртимизда барча таълим соҳасига ҳам алоҳида эътибор берилди. Ёшларимиз учун илм масканлари очилиб, барча шароитлар яратилди.

Шунингдек диний маърифий  соҳада ҳам кенг имкониятлар яратилди. Бу йўналишда мустақиллик йилларининг ҳар бир кунига солномалар битса арзийди.

Мустақилликдан илгари вилоятимизда 4 тагина масжид бўлган бўлса, бугунги кунда 198 та масжид фаолият кўрсатиб, барчаси замон талабига мувофиқ мўъмин-мусулмонларга хизмат қилмоқда. Барча масжид имом-хатиблари диний ўқув юртларини битирган бундан ташқари халқимиз ва миллатимзнинг онгу шуури маънавий илмий мероси асосчилари бўлган юртимиздан етишиб чиққан мутафаккир алломаларимиз ҳакиму авлиёларимизнинг хокипойлари муҳтарам Юртбошимиз ташаббуслари билан халқаро миқиёсида тантанали равишда авайланмоқда. Бундай залворли меҳнат ва ютуқлар халқимизнинг эртанги кунга ишонч, энг асосийси ёшларимизнинг баркамол авлод этиб тарбиялашимизда маънавий ва маданий озуқа бўлиб, ҳал этувчи омиллардан биридир. Зероки, бугунги таҳликали, ахборот алмашинуви изчил бўлган глобаллашув даврида маънавий-маърифий ишларни янада ривожлантириш, миллий ўзликни англашдек масъулиятли вазифа ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир.

Мен истиқлол шарофати билан эришган ютуқларимизни ўз соҳам мисолида баҳоли қудрат камтарона битдим холос. Қувонарлиси шуки халқимизда Ватан тақдири билан ўз тақдирида дахлдорлик ҳисси ва масъулияти шаклланди. Бу эса маънавий-маърифий ишларимизнинг улкан самарасидир.

Биз Мустакиллик неъматини авайлаб асрашимиз, кўз қорачиғидек эҳтиёт қилишимиз керак. Зеро, Аллоҳ таоло муборак каломида “Мен берган неъматга шукр қилсаларингиз неъматимни кўпайтириб бераман”, деган муборак каломига мувофиқ доимо ҳушёр доимо шукр қилиб, бу неъматни қадрига етайлик.

Х.Матяқубов

Хонқа тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *