ИҚТИСОДИЁТ РАВНАҚИ

Ватанимиз мустақил тараққиёт йўлига чиққанидан кейин мисли кўрилмаган муваффақиятларга эришдик. Ўтган давр мобайнида янги авлод камолга етди. Эътиборлиси, халқимизда юрт равнақи учун дахлдорлик туйғуси ўсди. Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, шунингдек, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Ҳар бир оила — тадбиркор”, “Ёшлар — келажагимиз”, “Беш ижобий ташаббус” каби муҳим дастур ва режалар доирасида олиб борилаётган ислоҳотлар мамлакатимиз қиёфасини тубдан ўзгартирмоқда. Бунга барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз.

Айниқса, кейинги беш йилда чорак асрда ҳам амалга ошмаган, халқимиз ҳаёти ва дунёқарашини тубдан ўзгартириб, жаҳон ҳамжамиятида мамлакатимиз обрў-эътиборини ошириб юборган юзлаб ислоҳотлар қилинганини кўриш мумкин.

Аввало, минтақадаги давлатлар билан яхши қўшничилик муносабатлари йўлга қўйилди, чегаралар очилиб, янги назорат-ўтказиш пунктлари ташкил этилди, фаолияти тўхтатиб қўйилганлари қайта ишга туширилди, ўтказиш сиғими оширилди, аҳолига қўшимча қулайликлар яратилди. Марказий Осиё мамлакатлари билан оғриқли масалалар ҳам конструктив мулоқот усулида бирма-бир ўз ечимини топмоқда. Шу пайтга қадар яқин қўшниларимиз билан қанчалик зиддиятга бориб, боши берк кўчага кириб қолганимизни билган билади, билмаган йўқ. Аммо бугун қардошлик ришталари тикланиб, ўртадаги музлар эритилди, кўплаб муаммолар барҳам топди. Умуман айтганда, Ўзбекистоннинг халқаро муносабатларида янги саҳифа очилди, десак тўғри бўлади.

Иқтисодий ислоҳотлар ҳақида гап кетганда, туризмнинг ривожланиши, солиқ тизимидаги янгиланишлар, валюта бозорининг эркинлаштирилиши, нақд пул билан боғлиқ муаммолар бартараф этилиши, банк-молия соҳасидаги ўзгаришлар, халқаро молия операцияларининг жаҳон андозалари асосида амалга оширилишини ишонч билан тилга олиш мумкин.

Жаҳон банки томонидан юритиладиган “Doing business” рейтингида бугун Ўзбекистон ўрни кескин кўтарилиб бораётганини ҳам кези келганда эътироф этиш жоиз. Жумладан, мамлакатимиз 2018 йили 190 мамлакат орасида 66,32 балл билан 74-ўринни эгаллаган ва 13 та поғонага юқорилаган бўлса, 2019 йили 67,4 балл тўплаб, нуфузи янада ошди.

Узоқ йиллар тўпланиб қолган ижтимоий муаммолар амалий ечим топа бошлагани ҳам халқимизни ҳаётдан рози бўлиб яшишида жуда муҳим омилдир. “Бош мақсадимиз — халқимизнинг розилиги”, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, “Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш — одамийликнинг энг олий мезонидир”, “Халқимиз ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун кўриши керак” каби ҳаётбахш ғояларга асосланган ҳолда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини тўлиқ таъминлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси халқ хоҳиш-иродаси, эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда яқин истиқболга мўлжалланган тараққиётни белгиловчи дастуриламал бўлганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Давлат хизматлари кўрсатиш тизими изчил такомиллаштирилиб, модернизация қилиб борилмоқда. Бу аҳолининг ҳаёт сифати, инвестиция иқлими, ишчанлик муҳитини яхшилаш ва бизнесни ривожлантириш имконини оширмоқда. Хусусан, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиб-таомилларини 30 дақиқагача қисқартириш имконини берувчи автоматлаштирилган тизим ишга туширилиши “Doing Business” глобал рейтингидаги “Бизнесни рўйхатдан ўтказиш” кўрсаткичи бўйича Ўзбекистоннинг мавқеи йил сайин кўтарилишига хизмат қилмоқда.

Мамлакатимизда инсон омилининг бирламчи эканлигини пандемия даврида ҳукуматимиз томонидан қилинган ишлар ҳам яққол кўрсатиб турибди. Пандемия шароитида ўтган вақт мобайнида халқимиз саломатлиги учун барча моддий ва маънавий ресурслар ишга солингани айни ҳақиқат.

 

А.Матяқубов

Урганч шаҳар “Қўзли ота” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.