ТАЪЛИМ-ТАРБИЯНИНГ ЎРНИ

Аллоҳ таолонинг бандаларига берган улуғ неъматларидан бири фарзанд неъматидир. Муқаддас динимиз таълимотида фарзанд Аллоҳ таоло томонидан инсонга берилган энг улуғ неъмат бўлиши баробарида у омонат ҳамдир. Бу буюк неъматга сазовор бўлган ота-оналар унинг қадрига етмоқлари, бунга шукрлар айтиб, фарзанд олдидаги ота-оналик бурчларини пухта адо этишлари, яхши таълим-тарбия беришлари, ўз миллати, Ватани, ота-онасига муносиб ўғил-қиз, тенгдошлари ҳурмати ва муҳаббатини қозонадиган етук бир инсон бўлиши борасидаги масъулиятли вазифаларини чин ихлос ва садоқат билан адо этишлари лозим бўлади.

Буюк аллома Абу Али ибн Сино фарзанд тарбияси ҳақида васият қилиб бундай деган эди: «Ёш бола таълим-тарбия оладиган жойда одоб-ахлоқли, туриш-турмуши намунали болалар бўлиши лозим. Зеро, ёш бола ҳар бир нарсани уларга тақлид қилиб ўрганади ва улар билан дўст бўлади».

Тарбия бир неча хилга бўлинади: бадан тарбияси, руҳий тарбия, ақл ва фикр тарбияси, ахлоқий тарбия, меҳнат тарбияси ва бошқалар.

1. Бадан тарбиясибунга болани жисмонан бақувват қилиб тарбиялаш, спорт ва бадантарбия машқларига кўниктириш кабилар киради. Боласининг соғлом бўлишини орзу қилган ота-оналар уларни кўпроқ очиқ ҳавода сайр қилишлари, сузиш, чавандозлик, тўп ўйинлари, мерганлик каби машғулотларга сафарбар қилишлари лозим.

2. Руҳий тарбия унинг эътиқоди, диёнати, имонини шакллантириш, унда чин инсоний фазилатларни камол топтириш, ҳиссиётга берилувчан ва таъсирчан болаларда ҳақиқатни кўра билиш, жасурлик, матонат каби хислатларни шакллантиришдан иборат. Болани руҳий тушкунликка тушишдан, қийинчиликлар олдида эсанкираб қолишдан ҳимоялашда бундай тарбиянинг аҳамияти катта.

3. Ақл ва фикр  тарбияси- фарзанднинг фикрлаши, заковати, хотираси ва мушоҳада қобилиятини такомиллаштиришга ёрдам берувчи машғулотлар ўтказилади, унга турли ибратли эртак ва ҳикоялар сўзлаб берилади, зарур билим ва маълумотлар ёдлатилади. Одатда болалар кичик ёшда ҳар бир кўрган нарсаси ҳақида сўрайдиган, буларни текшириб, синаб кўрадиган, тинимсиз саволлар берадиган бўлади. Бундай пайтда уларнинг саволларига эринмай, ҳафсала билан, тушунарли, содда қилиб жавоб қайтариш керак.

4. Ахлоқий тарбияси— энг аввало ота-она фарзандига ахлоқ ва одобда ўрнак бўлиши, одобдан мунтазам сабоқ бериши керак бўлади. Уларни камситмаслик, одобли болаларни ибрат ўлароқ мисол қилиб келтириш, катталарнинг бола олдида ўзларини яхши, одобли тутишлари, сўкинмасликлари ва урушмасликлари бу борада анча қўл келади. Ота-она ўзлари одобсиз бўлишса, болаларини одобли қиламан деб уринишлари асло самара бермайди. «Кишининг дини дўстининг дини кабидир» ҳадисига мувофиқ, боланинг улфат ва дўстлари ким эканига алоҳида эътибор қаратиш керак.

5. Ирода тарбиясибундан мақсад, фарзандингиз тимсолида иродаси кучли шахсиятни камол топтиришдир. Бунда болага ўз нафси билан курашиш, шахсий орзу ва эҳтиёжларини жиловлаш ёки улардан воз кеча олиш, ўз манфаатларини бошқалар ва жамият манфаатларидан устун қўймаслик кабилар ўргатилади. Одатда боланинг қайсарлик даврида (тўрт ёшдан ўн олти ёшгача) олиб бориладиган ирода тарбиясида бироз қаттиққўллик, чидам ишлатишга тўғри келади, аммо айни дамда севги, меҳрибонлик, самимийликни ҳам унутмаслик керак.

6. Сўзлашув тарбиясибу ҳам бола камолотида муҳим ўрин тутади. Одатда ўғил-қизлар бир ярим-икки ёшдан гапира бошлашади. Уларга кичиклигидан сўзларни тўғри талаффуз қилишни, фасоҳатли гапиришни, катталарга мурожаат қилиш одобларини ўргатиш, сўкишиш ва беҳаё сўзларнинг ёмонлигини тушунтириш лозим. Болаларда катталарга тақлид қилиш кучли бўлгани учун улар олдида фаҳш, ҳақоратли сўзларни айтиш, сўкиниш, қўпол сўзлаш, маҳмадоналик каби иллатлардан тийилиш талаб этилади.

7. Меҳнат тарбияси— болага ҳалол касб билан кун кўриш ҳақида насиҳатлар қилинади, турли касб-ҳунарлар ўргатилади, унда меҳнатга муҳаббат уйғотиш учун болалигидан турли майда юмушлар буюриб турилади.

Демак, ҳар бир фарзанд оилада таваллуд топиб, илк одоб-ахлоқ ва тарбия кўникмаларини ота-онасидан билиб  ўрганар экан. Бунда ота-онанинг ўзлари фарзандлар тарбиясида қанчалик масъул эканликлари ва бу улуғ масъулиятни қанчалик ҳис қилишларига боғлиқдир. Оиладаги ўғил ва қиз фарзандларнинг ҳар бирига яраша одоб-ахлоқ ва тарбия усуллари мавжуд

Хуллас, ота ҳам, она ҳам яхши ният билан фарзандлар таълим-тарбиясини бош мақсад деб билишса ва шунга яраша ҳаракат қилишса, гўзал натижа ва самараларга эришилади.

Х.Аҳмедов

Шовот туман бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *