ИСЛОМ ВА ОЛАМ

Бу дунёни йўқдан бор қилган зот инсонни яратиб ўз ҳолига ташлаб қўймади балки икки дунё саодатига етиши учун унга тўғри йўлни кўрсатгувчи пайғамбарлар юборди. Ўз элчиларига эса инсониятни зулматлардан нурга чиқариши учун Ислом динини энг тўғри дин қилиб белгилади.

Бу ҳақда Аллоҳ таъоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

“Албатта Аллоҳнинг наздидаги  дин Исломдир”. (Оли имрон сураси, 19)

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан собит бўлган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: Биз анбиёлар жамоасининг динимиз бирдир деганлар. (Аҳмад ривояти)

         Аллоҳ таъоло Қуръони каримда: “Ким Исломдан бошқасини дин деса ундан қабул қилинмас” (Оли имрон сураси,58) деган.

Бошқа бир ояти каримада эса “Ва сизларга Исломни дин деб рози бўлдим” дейилган. (Моида сураси ,108)

Аллоҳнинг марҳамати шундаки, бизга Исломдек мўътадил динни берди. Унда инсон ва унинг атрофидаги олам нима учун яратилгани, нима учун ҳизмат қилиши очиқ ойдин белгилаб берилган. Пайғамбарларнинг дин билан танлаб олиниши аслида Аллоҳнинг бизга чексиз раҳматидан далолат қилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида Аллоҳ таъоло Анбиё сурасида: (Эй,Муҳаммад) биз сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз деган.

Бу ояти каримада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зот ила юборилган дин нафақат инсонларга балки бутун оламларга айни раҳмат қилиб юборилганлиги таъкидланмоқда.

Ислом келмасидан олдин инсоният жахолат зулматлари ичра тентираб юрарди. Кучли ўзидан кучсизни зулм билан эзар, камбағаллар таҳқирланар, одамлар қул қилиниб сотилар улар инсон ўрнида кўрилмас, баъзилар ўз фарзандларини бут санамлари учун қурбонлик қилган бўлса баъзилари қиз фарзандларини ор қилиб, тириклайин кўмар эди. Ҳуллас агар Аллоҳ таъоло инсонларга ўз раҳмати ила инсонларнинг ичидан бир зотни танлаб олиб, ўз дини бўлган Исломни ўз пайғамбари орқали таълим бермаганида, инсонят устига Аллоҳнинг ғазаби  тушган бўларди.

Ислом дини инсонларни якка Аллоҳга ибодат қилишга, ўзаро меҳр муруватли бўлишга, бир бирларининг жони, моли ҳатто шаънига тажовуз қилмасликка, илм олишга ва уни бошқаларга ҳам ўргатишга, инсонлар бир-бирларига гўзал муоамала қилишга, ҳусни хулққа, оламни яхшилик ила обод қилишга ва хоказо инсон эришиши мумкин бўлган хар қандай улуғ даражаларга эришиб икки дунёда  саодатли бўлишга чақиради.

Ислом динига амал қилган аждодларимиз инсонятнинг жавхар маъданига айландилар. Инсоният эришиб турган бугунги илм фан соҳасидаги ютуқларнинг тамал тошини қўйиб, башариятга мислсиз ҳизмат қилган оламни обод қилганлар ҳам мусулмон аждодларимиз бўлишди.

Афсуски бугунги кундан баъзи тоифаларнинг қилмишлари туфайли Исломни ёмон отлиқ қилишга, уни қолоқ, илм фанни чеклайдиган дин қилиб кўрсатишга уринишлар бўлмоқда.

Исломнинг тинчлик дини эканлигини унинг исмидан ҳам билиб олиш мумкин. Чунки исломнинг бир маъноси тинчликдир.

Хулоса қилиб айтишимиз мумкинки, оламнинг ободлиги Ислом билан, у инсониятга ўргатган меҳр мурувват билан, тинчлик ва руҳий комилликка даъвати билан тирикдир.

И.Жуманиёзов

Урганч тумани “Қорри бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *