ҚУРБОН ҲАЙИТИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!

Мухтарам азизлар,  барчаларимизга лаҳза сайин яқинлашиб келаётган қурбон ҳайити байрамлари муборак бўлсин.

Азизлар, сизлар билан тинчлик осойишталикда Қурбон ҳайити байрамини кутиб олар эканмиз, ушбу неъмат учун ҳам яратганга шукронамиз ҳамду саноларимиз бўлсин.

Барчамизга маълумки, ушбу яқин кунларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг COVID 19 пандемияси даврида ибодатларни қандай адо қилишлик тўғрисида Фатвоси эълон қилинди.

Ушбу фатвода Ёши улуғ кексалар ва беморлар ҳолидан хабар олиш ҳамда ҳайит билан табриклаш ва бошқа миллий урф-одатлар билан боғлиқ анъаналарни алоқа воситалари орқали амалга ошириб туриш тавсия этилди.

Шу билан биргаликда Жаноза намозлари вафот этганнинг яқин қариндошлари иштирокида, хонадонларда ўқилиши, Марҳумларнинг ҳақларига қилинадиган дуои фотиҳаларни қатъий равишда юртдошларимиз ўз хонадонларида, оила даврасида бажаришлари, фотиҳагарчиликларга боришдан ҳамда ўтганларнинг қабрларини зиёрат қилишдан ҳам  сақланиб туришлари тавсия қилинди.

Мўмин-мусулмонлар имкон қадар касалликнинг тарқалишини олдини олиш мақсадида қурбонлик гўшти эҳсонларини тарқатишда карантин талабларига қатъий риоя қилишлари, Хайрия ва эҳсон тадбирларини “Вақф” жамғармаси орқали ёки бевосита амалга оширишлари  тавсия этилди.

Уқба ибн омир розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам : “Арафот куни, қурбонлик куни ва ташриқ кунлари биз аҳли исломнинг байрамимиздир. У кунлар еб-ичиш кунларидир”  дедилар. “Сунан” эгалари ривоят қилганлар.

Мазкур кунларда рўза тутиш ман қилинган. Булар хурсандчилик, еб-ичиш, ўйин-кулги кунларидир. Шунинг учун ҳам мазкур кунларнинг рўзасини тутишдан қайтарилган.

Қурбон ийди куни биринчи таом сифатида ҳар ким ўзи қиладиган қурбонликнинг  гўштидан еса, яхши бўлади дейилган.

Шундай экан, ҳалқимиз томонидан урф одатга айланган ҳайит кунлари зиёратгоҳларга борилиши, аёлларимиз томонидан жаноза бўлган хонадонларда йиғи-сиғи билан ҳайит оши дея маросимларни ўтказишлари дуруст бўлмайди. Қабристонма-қабристон, хонадонма-хонадон фотиҳахонлик қилиб юрмасдан, уйда ўтирган ҳолимизда  карантин талабларига риоя қилиб,  имкон қадар касалликнинг тарқалишини олдини олиш мақсадида  кексалар ва беморлар ҳолидан алоқа воситалари орқали ҳабар олсак нур устига аъло нур бўлар эди.

Аллоҳ таоло ушбу касалликни тез кунларда бартараф этишини ҳамда халқимизнинг ҳаёти тинчлик ва осойишталикда давом этишини Яратгандан илтижо қилиб сураб қоламиз!

Ф.Отажанова

ЎМИ Хоразм вилояти вакилининг хотин-қизлар

масалалари бўйича ёрдамчиси

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *