ЁШЛАР БИЗНИНГ КЕЛАЖАГИМИЗ

Ёшлар жамиятимиз келажаги, шундай экан мамлакатимиздаги ҳар бир йигит-қиз ўз зиммасидаги бу масъулиятни чуқур англаб етмоғи. Илму тафаккурда етук ва жамият келажаги учун муносиб комил инсон бўлиб вояга етишга ҳаракат қилмоғи керак.

Зеро, ҳар бир жамият келажаги ўз бағрида вояга етаётган илмда салоҳиятли, касбда иқтидорли ва тарбияси юксак бўлган ёшлар билан ўлчанади.

Ёшлигидан унумли фойдаланиб, ўзининг илмий ва маънавий салоҳиятини ошириб борган инсон ўз зиммасидаги энг олий вазифани уддалаган ҳисобланади. Чунки, доно халқимиз таъкидлаганидек, ёшликда олинган илм тошга битилган нақш кабидир. Шу сабабли имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ бу ҳақда шундай деганлар: Ёшлик вақтингда илм билан шуғуллангин! Ёшликни ғанимат билиб илм, касб-ҳунар эгалла! Чунки унда қалбинг турли ғам-ташвиш, муаммолардан ҳоли бўлади. Ёшликда нимани қизиқиб ўрганилса, у қалбга ўрнашади.

Аллоҳ таоло илмли бандаларини даражасини баланд қилиб, олимларнинг фазилати ҳақида: “….Айтинг: “биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!”…”, — дейди. Илмнинг инсон ҳаётида нечоғлик катта ўрин тутиши мазкур оятдан ҳам маълум бўлади, чунки ҳар бир миллатнинг салоҳияти, куч-қудрати ва келажаги унинг олимлари билан белгиланади, жумладан, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳис-салом бу ҳақда: “Бешикдан қабргача илм изланг”, “Илм олиш ҳар бир эркагу аёл муъмин-мусулмонга фарздир”, деб бизларни ёшликдан то умрнинг сўнги лаҳзаларигача илм сари интилишимизга буюрадилар. Ҳозирги вақтда ёш авлодни билимли, ҳар тамонлама етук инсон бўлиб етишмоғи учун ҳукуматимиз барча зарурий воситаларни таъмин этиб, уларни илмга тарғиб этиш, китобга қалбларини ошно этиш учун турли тадбирлар ўтказилмоқда. Муҳтарам Президентимиз томонидан ўтказилган “Ёш китобхонлар” ҳамда “Қуръон мусобақаси” кўрик танлови ҳам шулар жумласидандир.

Албатта, ёшларимизни дунёвий билимлар билан бир қаторда маълум даражада диний илмга ҳам эга бўлиши уларнинг маънавий онгини шакллантириб, разил сифатлардан узоқлаштиради. Зеро дин инсонни фақат эзгулик сари етаклаб, унда инсоний қадриятларни шакллантиради. Хоссатан, Ислом дини орқали фарзанд Аллоҳни танийди, ота-онанинг ҳаққини, ака-ука ҳаққини, қўшничилик ва қариндошлик ҳақларини ҳам дин орқали танийди ва оят ва ҳадислар орқали ўзида инсоний фазилатларни шакллантиради. Ислом том маънода мукаммал хулқлар ва гўзал одоблар манбаи эканлигини унутмаслигимиз лозим. Жумладан, ҳар томонлама етук билимли ёшларгина ўзларининг соф имон-эътиқоди билан ўз билимини самарасини тўғри, фойдали нарсаларга йўналтириб, ўзига ва атрофидагиларга, шу жумладан жамиятга фойда келтиради. Ахлоқий бўшлиқнинг олдини олиб, жамиятнинг порлоқ келажаги учун замин таёрлайди. Жамиятимиз равнақи учун зарур бўлган илмларни олиш ҳар бир ёш йигит-қизнинг зиммасидаги бурчларидан бири бўлиб, унда ниятнинг холислиги энг муҳим нарсадир.

Кишининг яхши, комил инсон бўлиб, жамиятда ўз ўрнини топишида илм билан биргаликда тарбиянинг хизмати беқиёсдир. Зеро, чиройли тарбия билан зийнатланган илмли инсон юртимиз равнақи ва келажаги ҳисобланади. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам:  “Ота – она фарзандига гўзал одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди”,- деб айтганлар. Чунки эътиқоди ва дунёқараши соғлом фарзанд ота-она хизматини қилиб, ватанига садоқатли, комил инсон бўлиб вояга етади.

Халқимизда одоб-ахлоқ ва тарбияга бу қадар эътибор берилиши бежиз эмас, чунки инсон илми билан ета олмаган чўққиларни чиройли одоб-ахлоқи билан забт этади. Таниқли адиб Абдулла Алвоний: “Тарбия биз учун ё ҳаёт ё мамотдир…”, деган эканлар. Аслида ҳам шундай, чунки фарзандни яхши тарбия топиб вояга етиши оила ва жамиятда эътиборга молик муҳим нарсалардан бири ҳисобланади. Фарзанд Аллоҳ таолонинг ота-онага берган улкан неъматларидан биридир, бу неъматни шукрини адо қилиш ҳар бир ота-онанинг зиммамиздаги масулия эканлигини унутмаслигимиз керак.  Уни асраб–авайлаб, чиройли тарбиялаб, илму ҳунар аҳлининг сафига қўшиб камолга етказиш  неъматнинг шукронаси ҳисобланади.

М.Мадиримов

Ҳазорасп тумани “Ҳазрати Шайх Муҳаммад Амин” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *