ОНА ЮРТ ТИНЧЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ ЙЎЛИДА ХИЗМАТ ҚИЛИШНИНГ АЖРИ УЛУҒДИР

Юртда ватанни севадиган, ардоқлайдиган ва  ҳимоя қиладиган мардлар бор экан, шу юрт доимо юксалаверади, гуллайверади. Хар бир эл, хар бир миллат учун ўзининг туғилиб ўсган ватанидан ардоқлироқ маскан бўлмаса керак. Расулуллоҳ саллоллаҳу алайҳи васаллам Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб кетаётганларида Маккаи мукаррама томонга юзланиб: «Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳечам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлар эдим»,- деган эканлар.

Демак, она ватанини севиш, ундаги бор нарсаларни ардоқлаш ва соғиниб яшашлик инсоният фитратида мавжуд бўлган нозик ҳис-туйғудир. Қаерга бормасин киши ўз ватанини барибир қумсайверади. Чунки, инсон дунё юзини кўргач биринчи бўлиб ватанидаги ҳаводан нафас ола бошлайди, ватанидаги тупроқда илк қадамларини қўйиб юришни ўрганади, дунёни танишни шу ватанни англашдан бошлайди. Илк киндик қони тўкилган, дастлабки қадамларини қўйган тупроқни ҳимоя қилишлик барчамизнинг Ватан олдидаги муқаддас инсонийлик   бурчимиз ҳамдир.

Ҳозирги кунда мамлакатимиз Қуролли кучлари нихоятда ривожланган, замонавий қурол аслахалар ва харбий машиналар билан таминланган. Харбий хизматчиларнинг малакаларини ошириш мақсадида сержантлар тайёрлаш мактаби ҳамда Қуролли кучлар Академияси ўқув юртлари ишлаб турибди.

Хозирги кунда Мамлакатимиз Қуролли кучларида хизмат қилишни хар бир мард ўғлон жону дили билан ҳоҳламоқда. Бунга сабаб Мамлакатимиз Қуролли кучларидаги харбий хизматчиларга яратилган шарт шароитларнинг аъло даражада эканлигидадир.
Қолаверса Ватанимиз химояси сарҳадларининг даҳлсизлиги, тинчлиги, осоишталигини таъминлаш ҳар бир ўзбек ўғлонининг муқаддас бурчидир.

Мустақиллик йилларида юртимизда давом этаётган моддий ва маънавий тараққиёт асосида тинчликни сақлаш, иқтисодиётни ривожлантириш ва халқимиз турмуш даражасини янада юксалтириш борасида улкан натижаларга эришилди. Қисқа вақт давомида миллий армиямиз ҳеч бир мамлакатдан ортда қолмайдиган даражадаги қурол-аслаҳаларга, жанговор ускуналарга эга бўлди. Республикамиз Қуролли Кучларида хизмат қилаётган аскарларнинг савияси эса ҳам маънан, ҳам жисмонан юксак даражага етиб улгирди десак асло муболаға қилмаган бўламиз. Мустақиллик йилларида Қуролли Кучларимиз салоҳиятини мустаҳкамлаш, замонавийлаштириш ва ислоҳ қилиш йўлида амалга оширилган барча саъй-ҳаракатлар мустақиллигимизни асраб-авайлаш, сарҳадларимиз дахлсизлиги, осмонимиз мусаффолиги ҳамда эл-юртимиз осойишталигини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Юрт тинчлигини ҳимоя қилишда ҳар бир соҳа вакиллари ўз соҳаси доирасида ҳисса қўшишлари лозим. Масалан ўқитувчи-мураббийлар ўқувчиларга ватан ягоналиги, ватан химояси муқаддас бурч эканини тушунтириб борсалар, ўсиб келаётган ёш авлод ватанга садоқат ҳисси билан ўсиб-улғайиб камол топади. Натижада келажак авлодларимиз юрт ҳимояси нақадар улкан вазифамиз эканини қалбдан ҳис қиладилар ва бунга қаттиқ бел боғлаган ватанпарварлар бўлиб камол топадилар. Мутафаккирлардан бири шундай деган экан: «Ватанпарвар-ўз ватани камолоти йўлида ўз халқига муҳаббати туфайли моли, куч-ғайрати тугул жонини ҳам аямайдиган, халқи ва ватанининг озодлиги, фаровонлиги учун бор будини фидо қилувчи инсондир». Бундай ватанпарварлари бор юрт эса доимо тинч, осмони мусаффо, халқи аҳл, ризқи мўл, ҳаёти эса фаровон бўлади.
Бундан ташкари муқаддас динимизда ватанни ҳимоялаш муқаддас бурч қилиб белгиланиб, бу ҳизмати учун жуда катта мукофотлар ваъда қилинган. Хақиқатдан ҳам, Ватан ҳимоячиси бўлишлик энг шарафли ва олий касб эканлигини яхши билган йигитларимиз хар томонлама, ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан лойиқ бўлишликни яхши англайдилар, ана шу сифат ва ҳислатларни эгаллашга доимо ҳаракат қиладилар.

Бу вазифалари билан улар нафақат ўз Ватанларини балки, энг яқинлари бўлмиш ота-оналари, қавму-қариндошлари, туғилиб ўсган масканлари, юртларидаги барча тоғу-тошлар, гул ва райҳонларни ҳимоя қилган бўладилар.

Аллоҳ таолодан сўраб қоламизки, жонажони мустақил юртимиз сарҳадларини сергаклик билан қўриклаётган Ватан ҳимоячиларини Ўзининг ҳифзу ҳимоясида сақлаб, диёримиз осмонини доимо мусаффо, тинчлигимизни эса барқарор ва мустақиллигимизни абадий қилсин!

Ў.Жуманазаров

Ҳазорасп тумани “Шохпир” масжиди имом-ноиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *