МУСУЛМОНЛАР ФИТНАЛАРДАН САҚЛАНИШИ ЛОЗИМ

Динимизда инсоф-диёнат, ўзаро тотувлик, жамиятдаги бирдамлик ва меҳр-муҳаббат каби хислатлар қадрланади, чунки тинчлик-тотувлик ва ўзаро ҳамжиҳатлик бўлган жамият ривожланади, гуллаб-яшнайди. Одамлар орасида фитна ва ихтилоф чиқариш, бир-бирига қарши гиж-гижлаш, уларни тўғри йўлдан адаштиришга ҳаракат қилиш қаттиқ қораланади.

Тинчликни фаровонлик ва тараққиётнинг бош мезони деб билган ҳар қандай жамиятда фитна оралашига қаршилик қилади, бунга йўл қўймайди, фитначилар билан ҳеч қачон муросага бормайди. Инсоният тарихининг илк кунлариданоқ ҳолат шу. Душман қаерни эгалламоқчи бўлса, қайси заминнинг бойликларини ьаламоқчи, халқини қул қилмоқчи бўлса, албатта ўша ерда фитна уруғини экишга ҳаракат қилган, маҳаллий фитначиларни ҳар томонлама қўллаб қувватлаган.

“Фитна” сўзи араб тилидан олинган бўлиб, луғатда “синаш”, “имтиҳон қилиш”, “оловда тоблаш” маъноларини билдиради. Ҳозирги кунда мусулмонлар ўртасидаги ўзаро келишмовчиликлар, уларни бир-бирларига гиж-гижлаш, мусулмон юртларда уруш чиқариб, одамларни қатл ва қувғин қилиш ҳам катта фитна ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Фитна эса қотилликдан ҳам каттароқ (гуноҳ)дир” (Бақара сураси, 217-оят). Фитнанинг энг кўп ишлатиладиган маъноси бузғунчилик, фисқу-фасодни қўзғаш, жамиятда турли асоссиз миш-мишлар тарқатиш, халқни ўз давлатига қарши қўйишдир. Фитнанинг ёмон томони шундаки, кўпчилик унинг асл ммоҳиятини англамайди. Пайғамбаримиз (САВ) айтадилар: “Жоним қўлида бўлган зотга қасамки, бу дунё, токи қотил нима учун ўлдираётганини, мақтул нима учун злдираётганини билмайдиган кун келмагунча, йўқ бўлмайди”. “Бу қандай рўй беради?” дейилди. “Ҳарж (фитналарга аралашган уруш бўлади), ўлдирган ҳам, ўлдирилган ҳам дўзахда!” – дедилар (Имом Муслим ривояти)

Афсуски, дунёдаги нотинч ҳудудлар ҳақида фикр қилган киши бу ҳудудлар аксар ҳолларда мусулмонлар диёрлари эканлигини англайди. Маъмулотларга кўра, ўтган йилларда терроризм балосин энг кўп азият чеккан дунёнинг 10 мамлакатидан 8 таси мусулмон диёрлар экани аниқланган. Бу ерларда мусулмон мусулмоннинг қонини тўкмоқда, ўлдирмоқда. Ўлдираётган нима учун ўлдирмоқда, ўлдирилган нима учун қатл қилингани сўралса, тайин жавоб йўқ, ҳеч бир билмайди.

“Жиҳод”, “Ислом давлати қуриш” каби ниқоблардаги урушлар хунрезликлар қанчадан-қанча одамларни ўз домига тортиб кетди. Ўзининг мустақил фикригаэга бўлмаган кишилар бундай ҳолларда чет элдаги гумашталарининг “фатво”лари билан фитналарини оқламоқчи бўладилар.

Фитналар домига тушиб қолмаслиги учун ёшларимиз биринчи навбатда дўст билан душманнинг фарқига боришлари керак. Ким бизга тўғри маслаҳат беради. Хато-камчиликларимизни тўғрилайди-ю, кимлар бизнинг қоқилишимизни пойлайди. Ўзини дўстдек тутиб, фурсат келганда орқадан пичоқ уради? Бунинг фарқига бориш лозим.

Яна ҳар кимнинг гапини ҳақиқат деб эргашиб кетавермаслик керак. Бирор янгиликни ўқиганда, унинг манбасини яхшилаб текшириш, бу қанчалик ҳақиқат эканлигини, у кимнинг фойдасига хизмат қилишлигини аниқлаш даркор. Баъзан ёшларимиз ижтимоий тармоқ сайтларида эълон қилинган ёлғон-яшиқ маълумотларни ҳам бошқаларга тарқатадилар, уни муҳокамага қўйиб, одамларни чалғитадилар. Бу эса динимизда қаттиқ қораланган амалдир.

Аллоҳ таоло Ватанимизни тинчлигини барқарор ва халқимиз ҳаётини бундан ҳам фаровон қилсин.

Ш.Жуманиязов

Хива тумани “Мулла Абдуқодир бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *