ЮРТ ТИНЧЛИГИ БУЮК НЕЬМАТДИР

Хозирги кунда юртимизда тинчлик неьмати ҳукум сурмоқда. Бугун юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли, узоқни кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида мамлакатимиз қиёфаси тубдан ўзгарди. Аҳоли фаровонлиги юксалди ва уларнинг ижтимоий-сиёсий савияси ошиб, дунёқараши янада кенгайди. Илм-фан, соғликни сақлаш, ишлаб чиқариш, спорт, қўйингки, барча соҳаларда улкан ютуқларга эришилмоқда. Мамлакатимиз ўз тараққиёт йўлидан дадил бормоқда. Шаҳару қишлоқларимиз ободлиги, хонадонларимиз файзу баракоти, халқимиз дартурхони тўкин экани юртимиздаги тинчлик ва осойишталик самарасидар. Бу  албатта юртимизнинг ҳар бир фуқароси қалбида фахр ва ифтихор туйғусини оширади.

         Афсуски, баъзи ёшларимиз бу буюк неъматнинг қадрига етмасдан, диний ақидапарастлик, экстремизм, терроризм каби мафкуравий хуружлар таъсирига тушиб қолмоқдалар. Бу жуда ачинарли ҳолдир. Шу сабабли биз энг катта бойлигимиз бўлган, бугунги кунда юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорлик, меҳр-оқибат ва бағрикенгликни, миллатлараро тотувликни кўз қорчиғидек асраш, ёшларимизни миллий ғоя руҳида тарбиялаш, уларнинг қалби ва онгини турли маънавий таҳдидлар, зарарли таъсирлардан ҳимоя қилиш ҳозирги кунда нақадар долзарб ва муҳим вазифа  эканлигини    унутмаслигимиз зарур. Фарзандларимизни  меҳр-оқибатли ўз она юртига холис хизмат қиладиган қилиб тарбиялашда барчамизни  Аллох ўзи насиб айласин.

Неъматнинг қадри у йўқолганда билинади, неъматнинг йўқолмаслиги эса доимо унинг шукрини адо қилиш билан бўлади. Бугунги тинч ва осойишта кунларнинг қадрига етган инсон ўз қадрига етади. Тинчлик учун курашмоқ кераклигини доимо ёдимизда сақлашимиз, ҳар куни ўз хонадонимизда, маҳалламизда, корхонамизда тинчликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшиш учун жонбозлик кўрсатиб, фаол курашмоғимиз керак. Курашмоқ дегани қўлга қурол олиб майдонга чиқиш дегани эмас. Аввало, мана шундай дориломон ва ёруғ кунларга юракдан шукрона айтиб, юрт ободлиги, унинг кундан-кунга равнақ топиши учун ҳар ким ўз жойида ҳиссасини қўшиши керак.

Ўзбек халқи азалдан болапарвар, оилада тинчлик-хотиржамлик, жамиятда осо­йишталик тарфдори бўлиб келган. Катта-катта ишларни хашар қилиб битирган, тўйда ҳам, азада ҳам бир-бирига ёнма-ён, елкадош бўлган, қувончли ва ташвишли кунларда бир-бирининг холидан хабар олган, бева-бечоралар, етим-есирларнинг бошини силаган, одамгарчиликни, маънавиятни барча мақсадлардан устун қўйган.

Мустақиллик йилларида бошимиздан кечирган турли тажовузкорлик уринишлари, мамлакатимиздаги тинч-осуда ҳаётни, ислоҳотларни, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларини кўролмаётганларнинг ғаразли ниятлари ҳар биримиздан хушёрликни, ҳар-бир янгиликка теран фикр, чуқур мулоҳаза билан қарашни тақозо қилади. Дунё­даги турли тазйиқ ва агрессияларнинг янгича моҳиятига назар ташлаб, оқилона хулоса чиқарган, найранглар остидаги мақсадларни англаб етган мамлакатдагина тинчлик-осойишталик, фаровонлик барқарор бўлади. Дунё тинчлиги, юрт тинчлиги катта давлатдир.

 

У.Шерметов

Ҳазорасп тумани “Хазрати Давуд” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *