ЛОҚАЙДЛИК ЁМОН ИЛЛАТДИР

Албатта бугунги кунда фан-техника борасида эришилаётган ютуқлар ақлимизни лол қолдирмоқда. Ҳаётимизга ниҳоят даражада шиддат билан кириб келаётган энг охирги русумдаги жиҳозларнинг сон–саноғи йўқ. Буларнинг барчаси инсон ва унинг ҳаёти фаровон бўлишлиги учун қаратилган. Бироқ ҳар бир нарсанинг ўзига яраша фойдали тарафи бўлганидек, зарари ҳам бор. Энг аввало, ҳар бир нарсанинг фақат фойда тарафини ўйлаб, зарарини эътибордан четда қолдирмаслик керак.

Таассуфлар бўлсинки, инсон танасида шундай бир иллат ва дард бордирки, ҳозиргача улардан бутунлай халос бўлишнинг иложи топилган эмас. Уларни кўз билан кўриб, ҳозирги энг замонавий технология билан аниқлашнинг иложи йўқ.

Жаҳолат, лоқайдлик, мутаассиблик ва гумроҳлик каби иллатларни кўз билан кўриб бўлмайди. Бу иллатлар танага етган  ҳар қандай дарддан оғирроқдир.

“Лоқайд” сўзи эътибор бермаслик, қизиқмаслик ва бефарқлик маъноларин беради. Инсон табиатидаги бу иллатнинг муолажаси осон эмас. Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти ўзларининг  “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида: “Азалдан маълумки, бепарво одам душмандан ҳам хавфлироқдир. Чунки душманнинг кимлиги, асл қиёфаси сиз учун олдиндан маълум бўлади. Бироқ лоқайд ва бепарво одамнинг қиёфасини бирданига билиб бўлмайди. Шунинг учун у ичингизда юриб, сизга қарши тиш қайрайдиган душманлар учун имконият яратиб беради” деб, лоқайдлик ва бепарволик сабабли келадиган хунрезликларни келтириб ўтадилар.

Ҳозирги кунимизда теварак атрофимизда яъни дунёнда рўй бераётган воқеа – ҳодисалар инсонни сергак ва ҳушёр бўлишга чорлайди. Имом Термизий Хузайфа розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда Набий алайҳиссалом: “Лоқайд бўлманглар, одамлар яхшилик қилса, биз ҳам яхшилик қиламиз, ёмонлик қилсалар, ёмонлик қиламиз деманглар. Улар яхшилик қилсалар, яхшилик қилинглар. Ёмонлик қилсалар, зулм қилманглар”- дедилар. Бу ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам лоқайдлик оқибатидан огоҳлантирдилар. Инсонларга яхшилик қилишга тарғибот қилдилар. Чунки яхшилик қилиш энг улуғ амал. Яхшилик қилган киши инсон хотирасида бир умр сақланиб қолади.

Кўп холларда лоқайдлик, бепарволик натижасида вақт ўтиб бўлганидан кейин афсус надомат қилинади. Вақтида аҳамият бермаганига оҳ-воҳ чекади. Шунинг учун инсон фақат ўзин ўйламасдан, ён атрофига қараса, фарзандларининг тарбиясига, одамларнинг ғам-ташвишларига эътибор берса, лоқайдлик ва бепарволикни тарк этса, ўзининг ҳам, бошқаларнинг ҳам хотиржам ва тинч осойишта яшашига замин яратган бўлади.

Лоқайдлик ҳаётимиздан бирданига йўқолиб кетадиган иллат эмас. Бунинг учун лоқайдлик аслида нимадан иборатлигини ва унинг асосий манбаи қандай бўлишини билиб олишимиз керак. Шунда инсон лоқайдликдан воз кечиб, ҳушёрлик ва сергакликни ўзига шиор қилиб олади. Лоқайд ва бепарво бўлиш оқибатида ўзи кутмаган томондан мусибат ва хатарлар етиб келишини асло эсдан чиқармаслик керак. Инсон огоҳ ва сергак бўлсагина ўз келажагига теран ақл билан назар ташлайди, ҳар қандай фитна-фасод, хавф – хатарнинг олдини олиш ва уни бартараф этиш ҳаракатида бўлади.

Бугун дунёнинг қай бурчида ин қурган бузғунчи кучлар ўзларининг ёвуз ниятларини амалга ошириш учун, ишонувчан, ҳали онги тўла шаклланмаган, содда ёшларни танлайди.  Интернет тармоқларидан  ўз сафларига ғофил кимсаларни тортаётган  бузғунчи оқимларнинг найрангларига алданиб, уларнинг тузоғларига  тушиб қолмасликлари учун ота-она, маҳалла,  ватанини сидқидилдан севадиган, ватани учун  керак бўлса жонини фидо қиладиган  ҳар-бир инсон лоқайд бўлмаслиги керак. Ҳар доим огоҳ ва ҳушёр бўлишни канда этмаса ўзи ҳам, оиласи ва яшаётган ватани ҳам тинч ва осойишта бўлади.

Ё.Маткаримова

Хива тумани “Дашяқ” маҳалла отинойиси

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *