ИСЛОМ ДИНИНИНГ СЕҲР ВА ФОЛГА МУНОСАБАТИ

Ислом дини инсоният оламини эзгулик, самимийликка ҳамда инсонлар билан бўладиган муносабатларда меҳр-мухаббатли бўлишга чақиради. Муқаддас ислом динида сеҳргарлик ва фолбинлик билан турли усулларни ишлатиб, кишиларни руҳиятига, соғлигига салбий таъсир кўрсатиш қораланади. Шунинг учун фолбинлик ва сеҳргарлик динимизда таъқиқланган амаллардан ҳисобланади.

Ислом шариатининг манбаларидан Қуръони каримда ва ҳадиси шарифларда сеҳр ва фолбинлик, сеҳр, яъни кўзбўямачилик, “Иссиқ –совуқ” қилишлик катта гуноҳ эканлиги уқтирилади. Аллоҳ таоло бундай нобакорлик билан шуғулланган кимсаларга бу дунёда хорлик ва охиратда эса муқаррар аламли азоб билан огоҳлантирган.

Сеҳр учун олинадиган ҳақ ҳам шариатимиздабу ишни қилгани ҳаром бўлгани учун таъқиқланган. Али ибн Абу Толиб (р.а) айтадилар: “Фолбин–сеҳргардир, сеҳргар эса кофирдир. Чунки сеҳргар Аллоҳ таолони инкор этган ва унга куфрона иш қилган хисобланади”.

Маълумки, Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи васалламнинг «биздан эмас» дейишлари жуда ҳам оғир ҳукмдир. У зотнинг «биздан эмас» деганлари «Мусулмонлардан эмас», деганларидир. Демак, ҳадиси шарифда зикр этилган тоифадаги кишилар мусулмонлар сафидан чиқадилар. Шунинг учун ҳам фолбин ва сеҳргарликни касб қилиб олганларнинг гуноҳи жуда ҳам катта бўлади. Чунки фолбинлар кўпроқ келажакда рўй берадиган ишларни билишларини даъво қиладилар. Бу эса, шариат ҳукми бўйича куфр ҳисобланади. Чунки ғайбни фақат Аллоҳ таолонинг ўзигина билади. Ким уни билишни даъво қилса, кофир бўлади.

Имом Насаий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам:»Кимки тугун тугиб унга дам урса, сеҳр қилган бўлади. Ким сеҳр қилса, ширк келтирган бўлади«, деб айтганлар. Қуръонда сеҳргарларнинг иши куфр эканлиги айтилган.    Фолбинлик, сеҳргарлик ва мунажжимлик бир-бирларига яқин нарсалар бўлгани учун ҳадиси шарифларда ҳам улар биргаликда зикр этилади. Деярли ҳар бир ҳадисда бундай инсонлар ва жамиятга нисбатан ўта зарарли бу маънавий жиноятлар каттадан катта гуноҳ, куфр ва ширк эканлиги қайта-қайта таъкидланади. Имом Баззор Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким қуш билан фол очса ёки қуш билан фол очтирса, ким сеҳр қилса ёки сеҳр қилдирса, биздан эмас. Ким фолбинга бориб, унинг айтганига ишонса, Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган нарсага куфр келтирган бўлади«, деганлар.

Хулоса ўрнида шуни такидлаш лозимки сеҳр ва фол инсонни иймонидан айириб, кишилар ўртасида гумон ва адоват пайдо бўлишига сабаб бўлади. Бундай иллатлар эса оилаларнинг парчаланиб кетишига ва жамиятда бузилишларга олиб келади.

М.Хабибуллаев

Гурлан тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *