ГЛОБАЛЛАШУВ ЖАРАЁНИДА КЕЧАЁТГАН МУАММОЛАР

Албатта глобаллашув жараёнида ижтимоий иқтисодий шароитда кечаётган муаммоларни турли геосиёсий кучларни ўзларининг мақсадлари йўлида танланган мамлакатларни қарам қилиб олиш учун аввало халқни қадриятларини миллийлигини маънавиятдан жудо қилишга эътибор қаратадилар. Ҳозирги глобаллашув даврида айниқса юртимиздаги бўлаётган эркинликлар ҳамда мўмин мусулмонларга берилаётган неъматларни кўра билмайдиган ғаразли ниятли инсонлар ҳалигача учраб келмоқда. Оллоҳ таоло Қуръони каримда: “Эзгулик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да  ҳамкорлик қилмангиз. “ Ҳар бир уммати Муҳаммадия эзгу ният йўлида  ҳамкорлик қилиши ер юзида тинчлик бақарор бўлишига бош омил бўлд деб англаймиз. Кўп ҳолларда қўпорувчилик ҳаракатларини амалга ошираётганлар ислом динини ниқоб қилиб олган ёвуз ниятли кимсалар эканлиги маълум бўлади.

Ҳозирги глобаллашув даврида кечаётган муаммолар айниқса ёшларимизни онгини ва мафкуравий бўшлиғини динимизга ёт бўлган ғоялар билан йўлдан адаштириб келмоқдалар.

Мафкуравий бўшлиқни тўлдириш ва мафкуравий иммунитетни шакллантириш – баркамол авлод тарбиясининг муҳим йўналишидир. Бугунги инсоният турли хил ғоялар ва сиёсий курашлар бутун жаҳон миқёсида авж олаётган, ғоявий қарама-қаршиликлар кескинлашаётган бир шароитда яшамоқда. Бундай вазиятда ғоявий лояллик сиёсий курашда ютқазишга олиб боради. Айниқса, ҳозирги глобаллашув шароитида ҳар қандай мафкуравий йўлдан воз кечишни, мафкурасизлик йўлини тарғиб этишни мақсад қилиб олган сиёсий кучлар, мафкурасизлашган тоифаларнинг онгига ўзларининг усти ялтироқ космополитик ғояларини сингдиришга ва шу асосда турли тоифадаги миссионерлик ғоялари учун, диний-фундаменталистик, экстремистик, террористик мазмундаги ғоялар учун йўл очиб беришга эришишади. Бундай шароитда маънавий тарбиянинг икки муҳим жиҳатига муҳим эътибор қилишга тўғри келади.

Биринчидан, ғоявий бўшлиқни бунёдкор ғоялар билан тўлдириш масаласи ва иккинчидан, ҳарбийлар онгида мафкуравий иммунитетни шакллантириш масаласи. Бизнинг ушбу маърузамиз ҳам мазкур икки масалани ёритишга қаратилгандир.

Ғоявий бўшлиқ қандай вужудга келади? Бу масалада “Миллий ғоя: тарғибот технологиялари ва атамалар луғати” китобида шундай деб ёзилган: “муайян шароитда жамият, ундаги тоифа ва қатламларнинг онгида содир бўладиган ғоясизлик, мафкуравий вакуум ҳолати. Муайян ақидалар, фикр ва ғоялар замон танқидига учраганда ёки янги пайдо бўлган ижтимоий-сиёсий кучлар томонидан инкор этилганда, давр талабига жавоб берадиган ғоя ва мафкура тўла шаклланиб улгурмаган ҳолларда жамиятда ғоявий бўшлиқ вужудга келади”. Ҳақиқатдан ҳам мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида биз эски тоталитар коммунистик мафкурадан воз кечдик, аммо янги миллий мафкуранинг тамойиллари ҳали ишлаб чиқилмаган эди. Шундай шароитда ёшларни қандай ғоялар билан тарбиялаш масаласи кўндаланг турар эди. Бундай вазиятда ҳали онгида мафкуравий қадриятлар шаклланмаган ёшлар ғоявий бўшлиқ шароитида таълим оларди. Бу ғоявий мухолифлар учун жуда қулай шароит эди. Улар бизнинг ёшларимиз онгига турли хил диний-экстремистик ғояларни кирита бошлашди. Бу жараён бугунги глобаллашув шароитида янада кескинлашди.

Ғоявий мухолифларимиз диний таълим берувчи турли хил ҳужралар ташкил этишди, диний мактаблар очишди. Бу мактабларда нурчилар, ваҳҳобийлар, салафийлар ғояларини тарғиб эта бошлашди. Юқорида қайд этилган мактабларда илгари сурилган диний-экстремистик руҳдаги фикрлар мустақиллигимиз манфаатларига зид келувчи, мамлакатимиз ҳудудида халифаликка асосланган теократик давлат тузумини ўрнатишга даъват этувчи вайронкор ғоялардан ташкил топган эди. Энди ана шу ғоявий бўшлиқ ўрнини бунёдкор ғоялар билан тўлдиришдек муҳим вазифа кўндаланг бўлиб турар эди.  “Асосий Қонунимизда ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожланади, дейилган. Ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси мақомига кўтарилиши мумкин эмас. Бу конституциявий қоида бизнинг олдимизга миллий истиқлол мафкурасини яратиш вазифасини қўяди”. Миллий истиқлол мафкураси нималарга таянади деган масалага шундай жавоб берадилар: “Миллий истиқлол мафкураси халқимизнинг азалий анъаналарига, удумларига, тилига, динига, руҳиятига асосланиб, келажакка ишонч, меҳр-оқибат, инсоф, сабр-тоқат, адолат, маърифат туйғуларини онгимизга сингдиришга хизмат қилиши лозимлигини ҳеч қачон унутмайлик. Унда жамиятимиздаги барча кучлар, ҳаракатлар, жамоат ташкилотлари, аҳоли турли табақаларининг ўй-фикрлари, орзу-умидлари ўз ифодасини топмоғи лозим. У давлатимиз фуқароларини улуғ мақсад йўлида қалбан бирлаштиришга кўмаклашиши керак”.

Ҳозирги энг муҳим, энг долзарб вазифамиз – жамиятимиз аъзоларини, авваламбор, вояга етиб келаётган ёш авлодни камол топтириш, уларнинг қалбида миллий ғоя, миллий мафкура, ўз Ватанига меҳр-садоқат туйғусини уйғотиш, ўзлигини англаш, миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялашдан иборатдир”.Бу вазифалар мафкуравий иммунитетни шакллантириш вазифаларидир.

Хўш, мафкуравий иммунитетнинг ўзи нима? Бу саволга “Миллий ғоя: тарғибот технологиялари ва атамалар луғати” китобида шундай фикр билдирилган: “Мафкуравий иммунитет (лотинча – бирор нарсадан халос қилиш) – шахс, ижтимоий гуруҳ, миллат, жамиятни турли зарарли ғоявий таъсирлардан ҳимоялашга хизмат қилувчи тизим.

Иммунитет тиббий тушунча бўлиб, у организмнинг доимий ички муайянлигини сақлашга, турли ташқи таъсирлардан, инфекциялардан ҳимоя қилишга қодир бўлган реакциялар мажмуини ифодалайди. Соддароқ қилиб айтганда, иммунитет – организмнинг ўз-ўзини турли касалликлардан ҳимоя қила олиш қобилиятидир”. Ҳарбий хизматчиларда мафкуравий иммунитетни шакллантиришнинг ўзига хос хусусиятлари бўлиб, бу хусусиятлар ҳарбий соҳадаги таълим-тарбия тизимида ҳисобга олиниши лозим. Бундай хусусиятларга қуйидагилар киради:

Биринчидан, мафкуравий иммунитет ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси жараёнида шакллантириб борилиши лозим. Бунда суҳбат, ватанпарварлик мавзусидаги бахслар, кинофильмлар тамоша қилиш, музейларни ва ҳарбий-ватанпарварликка оид мемориал ёдгорликларни зиёрат қилиш, маърузалар ўқиш шаклидаги усуллардан фойдаланилади. Мафкуравий иммунитет тиббий иммунитетдан фарқли равишда туғма бўлмай, шакллантирилиб бориладиган тарбиявий жараёндир.

Иккинчидан, мафкуравий иммунитетни шакллантиришда сиёсий маданиятга таяниш лозим. Сиёсий маданият учта таркибий элементнинг бирлигидан хосил бўлади. Биринчи элемент – сиёсий онг. Бу сиёсий билимга, маълумотларга эга бўлишдир. Иккинчи элемент – сиёсий ишонч-эътиқод. Бу олинган сиёсий билимларнинг ҳаққонийлигига қатъий ишониш. Ўзингиз ишонмаган нарсага бошқани ишонтира олмайсиз. Сиёсий ишонч-эътиқод узоқ вақт мобайнида шаклланади. Ҳарбийларга ҳам мунтазам мафкуравий тарбия бериш орқали мафкуравий иммунитетни вужудга келтириш мумкин. Учинчи элемент – сиёсий фаолият. Шахснинг сиёсий жараёнларда, сиёсий муносабатларда бевосита иштирок этиши. Ҳарбийлар эса мафкуравий иммунитетни бошқаларга ҳам сингдиришида сиёсий амалий фаолиятини кўрсатишади. Хуллас, сиёсий маданият – сиёсий билимлар, сиёсий эътиқод ва сиёсий фаолиятнинг бирлиги сифатида шаклланади. Сиёсий маданияти шаклланган ҳарбий хизматчига мафкуравий иммунитетни сингдириш осон кечади.

Учинчидан, мафкуравий иммунитетни шакллатиришда ҳарбийларнинг ҳуқуқий билимларига, ҳуқуқий маданиятига ҳам таяниб иш юритиш лозим. Ҳарбий хизматчи ўзининг ватан олдидаги ҳуқуқ ва бурчларини яхши англай олиши, ватан равнақи учун ўзининг ҳиссасини қўшишни ҳарбий-ватапарварлик бурчи деб билиши лозим. Ҳуқуқий билимлар ҳарбийларнинг Конституцияни, миллий ва халқаро қонунларни қай даражада ўзлаштирганликлари, Ўзбекистон парламентининг Қонунчилик палатаси ва Сенатида таёрланаётган қонунлар ҳақида маълумотга эга бўлишлари билан боғлангандир. Шу сабабли миллий ва халқаро қонунчилик, Конституциямиз ва ҳуқуқий билимлар ҳақида ҳарбийлар ўртасида мунтазам суҳбатлар олиб борилиши лозим. Ҳарбийлар ҳарбий низом талабларига қатъий риоя этишлари лозим. Бундай низомларни ҳам ҳозирги кун талабларига жавоб берадиган тарзда такомиллаштириш лозим. Бу низомларга мафкуравий иммунитетни шакллантириш масалаларини ҳам киритиш муҳим аҳамиятга эгадир.

Тўртинчидан, мафкуравий иммунитетни шакллантиришда жамоат ташкилотларининг ўрни катта. Шу туфайли мафкуравий иммунитетни шакллантиришда ҳарбий-ёшлар орасида Камолат ёшлар ҳаракатининг, сиёсий партия ва ҳаракатларнинг, ҳарбий хизмат фахрийлари уюшмаларининг, маҳалла ташкилотларининг роли беқиёсдир. Бу тарбияда уларнинг имкониятларидан кенг кўламда фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

Бешинчидан, мафкуравий таҳдид шакллари ҳозирги замон глобаллашув шароитида кенг миқёсда ва жуда катта тезликда тарқалиши, шу тарзда дунё халқлари дунёқараши ва онгига деструктив таъсир кўрсатиш эҳтимоллиги катта бўлганлиги учун мафкуравий иммунитетни ана шу хавф-хатар кўламини ҳисобга олган ҳолда шакллантириш лозим. Айниқса, ҳарбий хизматчиларига, улар турли миллат ва диний эътиқод вакиллари бўлганлиги сабабли мафкурақий иммунитетни дифференциал тарзда сингдириш мақсадга мувофиқдир. Бунинг маъноси шуки, маҳаллий оилада ўсганларга, европача усулда тарбия топганларга, ноисломий эътиқодга эга бўлганларга алоҳида-алоҳида ёндошмоқ керак.

Шунинг учун ҳам ҳар бир фуқаронинг хуқуқ ва манфаатларини тўла кафолатлайдиган муҳим, асосий қонунлар хуқуқий ислоҳотларни амалга оширишни таъминламоқда. Бугунги кунда диний экстремистик ташкилотларнинг фаолияти, сўнгги вақтларда тинч аҳолини безовта қилиб кўп мўмин мусулмонларнинг қурбон бўлишига сабаб бўлмоқда. Бу ёвуз ниятли кучларнинг асосий мақсади тинч ва осойишта жамият ваҳима солиш, қўрқув уйғотиш, ҳукуматга нисбатан ишончсизликни шакллантириш, фуқароларни ёмон ҳолатларни юзага келтириб, уларнинг қаршилик кўрсатишдан иборатдир. Ҳар бир мусулмон киши жамият учун фақат яхшиликни раво кўриши, ёмонликлардан тийилиб, бошқаларга азият беришдан йироқда бўлмоғи зарур.

Оллоҳ таоло юртимизни тинч, хонадонларимизни обод қилисин, ҳозирги вақтда юртимизни ривожланишини кўра билмайдиган ғаразли ниятли инсонларни Оллоҳ таоло ўз ҳидоятига бошласин.   Омин.

 

 

С.Сапаев

Хива тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *