ЁШЛАР ТАРБИЯСИ–МАСЪУЛИЯТЛИ ВАЗИФА

Бола оилада дунёга келади. Катта ҳаётга, атрофдаги инсонларга ва жамиятга бўлган дастлабки муносабати  шу муҳитда шаклланади. Бир сўз билан айтганда, илк тарбиянинг илдизи айнан оилада томир отади.  Юртимиз эгаларининг  баркамол, етук бўлиб вояга етишида оила, маҳалла, мактаб, коллеж, умумий қилиб айтадиган бўлсак, барчамиз бирдек масъулмиз. Ўз ўрнида фарзандига намуна бўлиб келган ота-онанинг фарзанди ҳам етук инсон бўлиб шаклланиши шубҳасиз.

       Гап ёшлар тарбияси ҳақида кетар экан, шундай савол туғилади: “Биз ёшларга ўрнак бўла оляпмизми?”

       Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, ҳозирда яратилган имкониятлардан фақат ёшлар эмас, балки айрим ота-оналар ҳам тўғри фойдаланишмаяпти. Ўз фарзандини назорат қилмайдиган, қаерда, ким билан юргани, нима билан машғул эканлигини суриштирмайдиган ота-оналар ҳам бор. Фарзанди иқболи учун  аввало, ота-онанинг ўзи, ибрат бўлиши керак эмасми?!

      Бугун фарзандини телефону компютердан кўз узолмай, муккасидан кетганини нолиб гапираётганлар, ўзини бош айбдор сифатида кўриб, айбни боладан эмас, ўзидан қидирганида, бундай муаммолар ўз ечимини топиб бораверарди.

       Кўчадан бери келмай, бирор ишнинг, касбнинг бошини тутмаган, ўз ҳаёт йўлини ёруғ қилиш, келажагини мустаҳкамлаш ўрнига бефойда ишлар билан вақтини совураётган ёшларнинг учраётгани ачинарлидир.  Умрининг айни гуллаган чоғида ҳаёт пиллапоясидан юқорилаш ўрнига, аксинча пастга қадам шўнғиётганини тушунишмаяптими,  ёки буни уқтириши керак бўлган ота-она фарзанди иқболига шунчалик бефарқми? Бугун кичик ва арзимас бўлиб кўринган муаммо эртага жамият учун катта хавф туғдирмайди, деб ким айта олади.

       Бунинг учун эса фарзандларимизнинг таълим-тарбия олишида  хато ва сусткашликка йўл қўймаслик зарур. Айнан ёшлар тарбияси биз катталар учун маъсулият, зиммамиздаги кечиктириб бўлмайдиган муҳим вазифадир.

 

Р.Отажонов

Янгиариқ тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *