САФАР ОЙИНИНГ ФАЗИЛАТИ ВА УНДАГИ БИДЪАТ ХУРОФОТЛАР

 Мустақиллигимиз шарофати билан топталган динимиз ва қадриятларимиз яна ўзимизга қайтди. Аммо шу билан бир қаторда жоҳиллик асорати бўлган бидъат ва хурофотлар ҳам ҳали хануз халқимиз орасида мавжуд. Бу каби ирим-сиримлар келажагимиз бўлган ёшлар онгида, муқаддас динимизга нисбатан салбий фикрлар шаклланишида омил бўляпти. Бу каби бидъатларга Ислом динимиз қарши бўлсада, уларни диндан деб эътибор қилинади ва соф Ислом динимизга тош отилади. Айнан шу каби ишлар, ёшларимизни ўз таъсир доирасига олишга ҳаракат қилаётган миссионерларга, динимиз душманларига қўл келади.

Шундай бидъатлардан бири, сафар ойи тўғрисида бўлиб, ундаги бидъат хурофотлар ва ундаги шумланишликлар тўғрисидадир.

  Ҳар йили сафар ойи келиши билан одамлар орасида турли шумланишлар, асоси йўқ ҳар хил ирим-сиримлар кўпайиб кетади. Сафар ойида сафар қилиб бўлмасмиш. Сафар ойида тўй қилиб бўлмасмиш ва ҳоказолар. Ушбу гаплар диний маънода бўлиши ҳам турган гап. Чунки ўша гапларнинг тагида сафар ойида сафар  қилса, сафарида офатга дучор бўлармиш; тўй қилса, оиласи бахтсиз бўлармиш, деган эътиқод бўлади.

Аллоҳ таоло «Тавба» сурасида:«Албатта, «насийу» куфрда зиёда бўлишдан ўзга нарса эмас. Бу билан куфр келтирганлар залолатга кетказилурлар. Аллоҳ ҳаром қилган нарсанинг ададига мослаш учун уни бир йил ҳалол қилурлар, бир йил ҳаром қилурлар. Бас, бу билан Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол қилурлар. Уларга амалларининг ёмонлиги зийнатланди. Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоят қилмас», деган (37-оят).

Ояти каримадаги «насийу» сўзи луғатда ортга суриш маъносини ифода қилади. Жоҳилият аҳлида уруш ҳаром қилинган ойнинг ҳукмини бошқа, кейин келадиган ойга суриш одати урф бўлган эди. Яъни араб мушриклари ҳам тўрт ой – Муҳаррам, Зулқаъда, Зулҳижжа ва Ражаб ойлари ҳаром ойлар эканлигини айтар эдилар. Ўша ойларда уруш тамоман тўхтар эди. Агар бирор киши шу ойларда отасини ўлдирган одамни учратиб қолса ҳам, унга тегмасди. Аммо бордию, урушни хоҳлаб қолсалар, аслида ҳаром бўлган ойнинг ҳаромлигини орқага суриб қўйиб, уруш қилаверар эдилар.

Мисол учун, муҳаррам ҳаром ой, аммо шу ойда уруш қилгилари келиб қолса, бу йил унинг ҳаромлигини сафар ойига сурдик, ўша ойда уруш қилмаймиз, деб муҳаррамда уруш қилар эдилар. Сафарда эса уруш қилишмасди. Янаги йили аксинча бўларди. Улар бир йилда тўрт ой урушмасак бўлди-да, қайси ойда бўлишининг нима фарқи бор, дегандек иш қилишар эди.

Исломдан олдинги жоҳилиятда ҳам жоҳилликнинг турли-туман кўринишлари мавжуд эди. Жумладан, турли ой ва кунларга оид масалаларда ҳам жоҳилиятнинг жоҳилликлари тўлиб-тошган эди. Ислом бошқа кўпгина нарсалар қатори ана шу нарсаларни ҳам муолажа қилди. Уларни қандоқ қилиб тўғри йўлга солишни тушунтирди.
Исломдан олдинги жоҳилият даврида сафар ойидан шумланиш одати ҳам бор эди. Улар сафар ойида янги иш бошлаб бўлмайди, никоҳ ақди қилиб бўлмайди, аёли билан бирга оилавий ҳаётни бошлаб бўлмайди, сафарга чиқиб бўлмайди каби бир қанча хурофотлар асосида бу ойдан шумланишар эди. Уларнинг фикрича, бу ой хосиятсиз бўлиб, унда турли ёмон мавжудотлар ер юзида тарқалар ва мазкур ишларни қилган одамларга зарар етказар эдилар.
Барча нотўғри эътиқодлар қатори динимиз бу каби хурофотдан иборат фикрларни ҳам тўғрилади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий  соллаллоҳу алайҳи васалам:«Касаллик юқиши йўқ, бойқуш йўқ, навъу йўқ ва сафар йўқ», дедилар». Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинаётган бу ҳадиси шарифда жоҳилиятнинг тўртта жоҳиллиги инкор қилинмоқда.

Жоҳилият аҳлида: хасталикларда ўзига яраша қувват бор, улар бир кишидан иккинчисига ўша қувват ила ўтади, деган эътиқод бор эди. Ҳозир ҳам худди шунга ўхшаш эътиқод бор. Ундоқ бўлса «хасталик юқиши йўқми?» деган савол берилиши турган гап. Бунга жавоб шуки, хасталик Аллоҳ ирода қилсагина, юқади. Худди шу маъно Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифларида ва бунга ўхшаш бошқа ҳадиси шарифлардаги «касаллик юқиши йўқ» деган гапларида мужассам бўлгандир.

Дунёдаги ҳар бир нарса фақатгина Аллоҳ таолонинг иродаси билан бўлади. Жумладан, хасталикюқишиҳам. Одамлардан жоҳилият эътиқодларини кетказиш учун шунга ўхшаш ҳассос нарсаларга алоҳида эътибор берилган.
«Навъу» жоҳилият аҳли ёмғир ёғдиради деб эътиқод қиладиган юлдуз. Улар ўзларича ёмғирни ўша юлдуз ёғдиради, деб айтишар эди. Албатта, бу ҳам нотўғри. Ёмғирни фақатгина Аллоҳ таолонинг Ўзи ёғдиради.

Жоҳилият аҳлининг сафар ойи тўғрисида ҳам бидъат-хурофотдан иборат ақидалари бор эди. У ойда сафар қилиб бўлмайди, у бўлмайди, бу бўлмайди, дейишар эди. Уларнинг бу ҳақдаги эътиқодларини юқорида айтиб ҳам ўтдик.

Ислом бундоқ бўлмағур эътиқодларни ҳам рад этди. Ойларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг ойлари, кунларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг кунлари эканини эълон этди.Бу ой мевалар ғарқ пишиб, барглар сарғайган вақтга тўғри келгани учун сафар, яъни сариқ ой деб номланган. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам  сафар ойидан шумланиш ноўрин эканлигининг исботи учун масжидларини сафар ойида қурганлар. Кизлари Фотимаи Заҳрони Али розияллоҳу анхуга сафар ойида никоҳлаганлар. Сафар ойида сафарга чиқиб, Хайбар қалъасини фатҳ қилганлар. Ўзлари бу ойга Сафару-л-хайр – яхшилик ойи деб ном берганлар.

Хозирги кунда тан олиш керакки, халқимиз орасида турли хил беъмани фикр ва ирим-сиримларга ишонувчилар кўпайиб кетди. Масалан: йўлда кетаётган одам олдидан бирдан қора мушук ўтиб қолса, бир фалокат юз беради деб тушунади. Баъзи бир инсонлар хатто аср вақтида қичқирган хўрозни бехосият деб хисоблаб, уни сўйиб юбориш керак деб ўйлайдилар. Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу каби иллат ва нотўғри фикрларнинг хар қандай кўринишини рад этдилар. Шумланиш борасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак хадиси шарифларида: “Уч нарсадан умматим хануз қутила олмайдилар. Бу хасад, бадгумонлик ва иримдир. Шу нарсалардан қутилиш йўли шуки, хасад қилсангиз, зулмга ўтманг. Гумону шубха қилсангиз, уни хақиқат хисоблаб, унга асосан иш тутманг. Бирор ирим қилинадиган нарсага дуч келсангиз, Аллоҳ таолога таваккул қилиб, йўлингизда ва ишингизда давом этиб кетаверинг” – деганлар. (Абу Яъло ривояти). Хадисда рад этилган ақидалардан яна бири сафар ойидан шумланишдир. Дархақиқат хеч бир инсон жорий йилнинг хозирги сафар ойидан соғ-саломат чиқиб кейинги ойда тўй-маросим, сафарга чиқиш ёки бошқа яхши амалларни адо қиламан деб кафолат бера олмайди. Шунинг учун хам Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам яхши амалларни кечиктирмасдан ўз вақтида ва эртароқ бажаришга буюрганлар.

Шариати исломияда ирим қилиш йўқ у жохилият қолдиқларидан бўлиб, мусулмонлар орасида тарқалган зарарли ақидадир. Вафот этган одамнинг рухи келиб, турли жониворлар шаклида чирқиллаб туриши хам йўқдир. Бой ўғли сайрашидан хеч кимга зарар йўқдир. Чунки одамлар ўйлагандек, бойўғли сайраганида ёки ин қурганда, дарахт қуриб, уйлар вайронага айланмайди, аксинча, бойўғли қуриган дарахтлар ва вайроналарни қидириб топиб, ўша жойларгагина ин қуради. Чунки унинг емиши бўлмиш сичқон ва каламушлар, одатда, худди ана шундай ерларда бўлади. Демак, билиб олдикки, сафар ойидан ирим қилиш, шумланиш нотўғри. Хар вақт ва хар бир амалда Аллоҳга таваккул этиш зарур. Зеро, мехрибон Роббимиз: “…Кимки Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) Ўзи унга кифоя қилар. Албатта, Аллоҳ Ўзи (хохлаган) ишига етувчидир. Аллоҳ барча нарса учун миқдор (меъёр ва муддатни тайин) қилиб қўйгандир” – деб мархамат қилган (Талоқ, 3-оят).

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак халқимиз ичида ханузгача бидъат-хурофот ва ирим сиримга берилиб, сафар ойида қилинадиган хайрли яхши ишларни ва амалларни бошқа ойларга кўчирадиган, бошқаларнинг хам фикрини чалғитиб соф Ислом таълимотидан йироқлаштириб қўяётган айрим кимсалар юқорида айтилган шариатимиз ҳукми бўлган оят ва хадислардан ўзларига тегишли хулоса чиқариб олсалар, айни муддао бўлур эди.

 

Х.Абдуллаев ЎМИ Хоразм вилояти вакили

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *