ФИТНАЛАРДАН ОГОҲ БЎЛАЙЛИК

Динимизда инсонга берилган неъматларга шукур қилиб унинг қадрига етишга тарғиб қилинади. Неъматнинг қадри шу неъмат берилмаган ёки лоқайдлик туфайли олиб қўйилган кишиларни кўриб улардан тўғри маънода ибрат олиш билан билинади.

Масалан соғлиги ва бойлиги бор одам бу неъматлар йўқ кишиларни кўрганида ўзида нималар борлигинию улар нималардан маҳрум эканлигини таққослаб кўрса,ўзида бор бу неъматларнинг қадрига етиш кераклиги ҳақида ҳулоса чиқара олсагина ибрат ола билган бўлади. Аммо бепарволик ва лоқайдлик эса қўлимизда бор неъматнинг ҳам заволига сабаб бўлиши тайин.Биз бугун бизда бор нарсаларни зиёда бўлишини имстасак ва бардавом бўлишини истасак унда уни йўқ бўлиб кетишига сабаб бўладиган  лоқайдликдан воз кечиб,огоҳлик йўлини тутишимиз керак.Аҳир ҳазрат Навоий бекорга  “Агар огоҳсан сен шоҳ сан сен” айтмаганлар. Чунки бугун глобаллашув жараёни қизғин кетаётган бир вақтда, ҳар хил қора кучлар, турли жозибадор шиорлар, ниқоблар, даъволар ортига беркиниб, ўзларининг ғаразли мақсадлари, бузуқ ғояларини илгари  сурмоқдалар.

Аллоҳ биз мўминларни ким нима деса шунга эргашиб кетмоқдан қайтариб.

Қуръони каримнинг Хужурот сураси 6- оятида  шундай марҳамат қилади.

Эй, иймон келтирганлар! Агар фосиқ ҳабар келтирса, аниқлаб қўринглар, бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар. дейди.  Пайғамбаримиз алайҳиссалом марҳамат қиладилар: Жарир разияллоҳу анҳудан: Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Бир киши  одамлар орасида юриб, гуноҳ ишларни қилсаю, улар уни қайтаришга қодир бўла туриб, қайтармасалар, Аллоҳ уларни ўлишларидан аввал жазога дучор қилади”. Ушбу ҳадисдан қодир бўлганларга огоҳ бўлиш, маъсиятни олдини олиш, жигарларини, дўстларини фитнадан огоҳлантириши  вожиблиги  келиб чиқади. Оммавий равишда яхшиликга чорлаш, ёмонликдан қайтаришни тарк этилса, фитна болалаб бутун жамиятни бошига балолар ёғилишидан огоҳлантирилмоқда. Халқимизда бир мақол бор: Овсару анқов душман учун яхши ов.

Бизнинг ота боболаримиз овсар ҳам анқов ҳам бўлган эмаслар. Кўр кўрона бошқаларга эргашиб кетган эмаслар. Балким ҳар ишда етти ўлчаб бир кесганлар. Илму маърифат, караму шафқат  ила одамларни эзгулик сари эргаштирганлар. Мутаҳассисларнинг маълумотларига кўра бугун ахборот техналогиялари кенг имкониятлар бераётган бир вақтда, минг афсуслар бўлсинки бу имкониятлардан бузғунчилик, қабоҳат йўлида фойдаланаётганлар ҳам, кун сайин ортиб бормоқда. Бузуқ, ақидапараст оқимларнинг  чорловларини тарғиб қилишда интернет сайтлари асосий манбага айланди. Масалан ўн йил аввал бундай сайтлар 20та бўлган бўлса, бугун 7000дан ортиб кетган. Одам юрагини эзадиган жиҳати шулки, қанчадан қанча ёшларимиз билиб билмай шу сайтларга кириб, ундан маълумотларни  кўчириб олиб, ўз эътиқодларига путур етказмоқдалар. Унданда ачинарлиси калта бинларча қилиб қўйган нобокорликлари  етмагандай, яна камига бошқаларни ҳам йўлдан уришга уринаётганларидир. Бугун дунёда адолат, саодат, раҳмат дини бўлмиш ёш мусаффо динимиз Исломни ёмон отлиқ қилмоқчи бўлган, унга нисбатан одамларда нафрат туйғусини ўйғатмоқчи бўлган, ўта маккор, бадбин, шаккок кимсаларнинг, узоқни ўйлаб, чуқур режалаган фитналарининг самарасини кўриб турибмиз. Аллоҳ Қуръони каримнинг Бақара сурасининг 191-оятида марҳамат қилади.

Фитна қотилликдан ҳам ёмонроқдир дейди. Чунки қатлда маълум бир кимса қурбон бўлади. Фитнада эса минг минглаб, миллионлаб кимсалар каттаю кичик, ёшу қари, аёллару болалар қубон бўладилар. Обод юрту шаҳарлар вайронага, гўзал боғу бўстонлар ҳаробага айланади. Буни мисоли яқин шарқдаги Ироқ Сурия воқеаларида кўряпмиз. Бир неча бузуқ оқимлар бирлашмасидан ташкил топган тўдалар, парда ортида турган ҳомийларининг қўллаб қувватлаши эвазига, каттагина ҳудудни эгаллаб қанчадан қанча шафқатсизликларни, Ислом дини номидан қилмоқдалар.

Ал-Урс ал-Киндий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам:   “Агар ер юзида бир хато иш қилинса, унга бир киши гувоҳ бўла туриб ёмон кўрса, ҳудди у ерда бўлмагандек бўлади. Кимки у ерда бўлмаса ҳам, унга ҳайриҳоҳ бўлса, ҳудди ўша ерда гувоҳ бўлгандек бўлади” дедилар.

Демак гуноҳ ишга рози бўлиш, уни қилиш билан баробардир. Бунда ҳа менга нима, ўзи билади деб бўлмайди. Чунки ўзимизга яхши кўрганни ўзгага ҳам яхши кўрмагунча иймонимиз комил бўлмайди. Ҳалқимизда бир гап бор бирники мингга, мингники  туманга деган. Огоҳ бўлайлик, биримиз адашсаю унга бепарво бўлсак, унинг зарари  касофати кўпчиликка ураркан.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадилар:Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом:  “Қачон гуноҳ яширилса, у ўз эгасигагина зарар қилади. Агар гуноҳ ошкор бўлиб ўзгартирилмаса, барчага зарар қилур” дедилар. Жамиятда бир гуноҳдан қўрқилса, унинг оқибати ёмон бўлишидан ҳайиқилса, мазкур гуноҳ содир этилганда одамлар  унинг касофати урмаса эди дея хавфда қоладиган бўлсалар, бу жамиятнинг виждони тирик эканлигининг аломатидир. Шунда гуноҳнинг касофати фақат уни содир этган гуноҳкорнинг ўзигагина уради. Аммо разолат очиқ ойдин қилинадиган бўлса, кенг тарқалиб кетса, уни қилмаганлар ҳам бепарво бўлсалар, у ҳолда мазкур разолатнинг касофати фақат уни содир этганга эмас, барчага баробар уради.  Бу холат жамиятни халокатга олиб бориши мумкин.

 

Р.Эрназаров

Боғот тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *