ОТАДАН УЛУҒ ЗОТ

Отадан улуғсиз, шак-шубха йўқдир,

Сизлар бор,таълимдан кўнгиллар тўқдир,

Шукр,йўлиқтирмиш сизни бу тақдир,

Сизни эслагайман Жаноб Муаллим!

   Таълим-тарбия жамиятимиз ривожи учун муҳим аҳамиятга эга. Мана шу оғир юк таълим иши билан бевосита шуғулланадиган муаллимлар зиммасига тушади. Динимизда устознинг қадри ва фазли улуғдир. Чунки айнан ўша зотлар келажак авлоднинг шаклланишида катта ўрин тутади. Ўқитувчиларнинг машаққатли меҳнатлари эвазига ёш авлоднинг илмига илм, одобига одоб қўшилади. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қуйидаги сўзлари ўқитувчиларнинг фазилати учун етарли ҳисобланади:

 “Албатта, Аллоҳ таоло, фаришталар, осмонлар ва ерлардаги зотлар, ҳатто инидаги чумолилар ва (сувдаги) балиқлар ҳам одамларга яхшиликни ўргатувчи кишиларга раҳмат йўллайди ва истиғфор айтади”  (Имом Термизий ривоятлари).

Ўқитувчилик касби вакиллари жамиятга сув ва ҳаводек зарур. Бу муҳтарам зотларни қуёшга ўхшатиш мумкин. Қуёш нуридан барча бирдай манфаат кўрганидек, устозларнинг маърифати бутун башариятга наф келтиради. Бежиз Абдураҳмон Жомий ҳазратлари:

Устоз, мураббийсиз қолганда замон,

Зулумотдан қора бўларди жаҳон, демаган.

Ҳар йили 1 октябрь – Устоз ва мураббийлар куни юртимизда кенг нишонланади. Қадимдан диёримизда устозга бўлган чуқур ҳурмат сақланиб қолган. “Домла”, “Муаллим”, “Устоз” каби улуғ номлар билан уларни эҳтиром қилишган. Дунёда касблар жуда кўп, ҳар бирининг ҳаётда ўз ўрни ва аҳамияти бор. Лекин улар орасида бир улуғ касб-ўқитувчилик касби борки, бошқа барча касблар унинг негизида шаклланади ва тараққий этади.Бугунги кунда йилдан йилга устозларимизга бўлган эътибор, эҳтиром ошиб бормоқда. Куни кеча Президентимиз устоз ва мураббийларга йўллаган байрам табригида “Жамиятимизда боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, олийгоҳларнинг профессор-ўқитувчилари ва илмий-ижодий зиёлиларни бугун биз интилаётган Учинчи Ренессанснинг тўрт таянч устуни деб эътироф этмоқдамиз. Шундан келиб чиқиб, уларнинг ҳурмат-эътиборини ошириш, хусусан, муаллим ва устозларнинг қадри, шаъни ва ғурурини тиклаш, машаққатли ва шарафли меҳнатини моддий ва маънавий рағбатлантириш бўйича бошлаган ишларимизни албатта янги поғонага кўтарамиз” деб эътироф этдилар.

Аллоҳ таоло барчаларимизни илм ўрганадиган, илм ўргатадиган маърифатли бандаларидан айласин, устозларимизга дунё ва охиратда улкан савоб ва мукофотларини ато этсин, барчаларимизга икки дунё саодатига эришини муяссар қилсин!

Интернет материаллари асосида Қўшкўпир тумани “Хазрати эшон бобо” жоме масжиди имом-хатиби У.Машарипов тайёрлади

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *