Ушбу мақоламиз орқали сиз азизларга муқаддас динимизда ғулувга кетишликнинг хатарлари тўғрисида оят ва хадислар орқали раддия бериб ўтамиз.
Мустақил мамлакатимизда Ислом дини омилидан, унинг бой маънавий ва маданий қадрият сифатидаги катта имкониятларидан унумли фойдаланиш мақсадида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Динимизга берилган эмин-эркинлик, масжид-мадрасаларнинг обод қилиниши, буюк алломаларимизнинг таваллуд саналари нишонланиши, уларнинг харобага айланиб қолган абадий қўним топган масканлари муқаддас зиёратгоҳларга айлантирилиши халқимиз ва ҳукуматимизнинг Ислом динига бўлган меҳр-муҳаббати, ҳурмат ва эҳтиромининг яққол тасдиғидир.
Ислом дини – эзгулик манбаи. У – табиат, жамият, инсон ва унинг онги, яшашдан мақсади ҳамда тақдири инсониятни бевосита қуршаб олган атроф-муҳитдан ташқарида бўлган, уни яратган, айни замонда инсонларга бирдан-бир тўғри, ҳақиқий, одил ҳаёт йўлини кўрсатадиган ва ўргатадиган илоҳий қудратга ишонишни ифода этадиган таълимотдир. Шунингдек, тинчлик тушунчаси мақаддас Қуръони каримнинг бош мавзуларидан бири ҳамдир. Аллоҳ таоло бу ҳақда ўз каломи шарифида шундай марҳамат қилади: «Эй, имон келтирган бандалар! Барчангиз тамомила тинчлик ва итоат йўлига киринглар!» «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг, гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг».
Инсон зиммасидаги энг олий мажбуриятни адо этмоқлиги учун унга, албатта, тинч ва осуда шароит зарур. Ислом дини тинчлик тушунчасини ўзининг бош ғояси ва муҳим шиорига айлантирган. «Ислом» сўзининг ўзи ҳам «тинчлик» деган маънони англатади. Демак, Ислом дини тинчлик ва дўстлик динидир. Афсуски, ҳозирда динни ниқоб қилиб ўзларининг манфур ниятларини амалга оширмоқчи бўлаётган оқим аъзолари жиддий можароларни, зиддиятларни келтириб чиқариши, барқарорлик ва хавфсизликка таҳдид солиши мумкинлиги инсониятни чўчитаяпти. Ўзбекистоннинг мустақилигини мустаҳкамлаш, унинг хавфсизлигини таъминлаш зарурлиги нуқтаи назаридан қараганда, бу ҳодисалар бизда ҳам жиддий ташвиш туғдирмоқда.
Диний экстремизм ва фундаментализмнинг минтақамиз учун хавф-хатарларни бевосита таҳлил қилишга киришишдан аввал эътиборни одамларнинг диний эътиқодлари билан боғлиқ муаммо ғоят нозик эканлигига, муайян кучлар кўзлаётган, динга алоқаси бўлмаган сиёсий ва бошқа тажовузкор мақсадлар ўртасидаги фарқни тушуниб олишларига эришиш зарурлигига қаратишни истардик. Зеро, Биринчи Президентимиз И.А.Каримов таъкидлаганларидек: “Ислом динини сиёсатга айлантираётган, ёвузлик ва террорчилик мафкурасини яратаётган кўплаб радикал ва экстремистик марказларнинг, биринчи навбатда, ёшлар онгини заҳарлаб, зомбига айлантириб, улардан террорчилар тайёрлаш бўйича конвейер ташкил этаётган, халифалик тузишдек турли хом-хаёлларни амалга оширишга уринаётган қабиҳ кучларнинг илдизини қирқиб ташлаш керак”. Юртдошларимиз бундай бузғунчи оқимларнинг келиб чиқиш тарихи, уларнинг ғоявий мақсадлари ҳақида яхши билишлари ва уларнинг ғаразли ғояларига алданиб қолмасликлари лозим.
Ҳозирги вазиятда мамлакат аҳолисининг руҳий-маънавий покланиши, мустақил фикрлаши, ўз тақдири ва фарзандлари истиқболи ҳақида қайғуриши жуда муҳим. Бу вазифа барчамизнинг, жумладан, дин аҳлининг ҳам муқаддас бурчидир. Қачонки киши ўзлигини англамаса, ўз виждони билан юзма-юз турмаса, имон ва эътиқод олдида ҳисоб бермаса, қўшниси, маҳалласи, жамият, Ватан олдидаги масъулиятини тўла ҳис этмайди ва бундай одам инсонлик шарафига муносиб эмасдир.
Кейинги пайтларда ёшларимиз бошқа давлатларга чиқиб ишлаб келмоқдалар, албатта, ўз оиласига моддий манфаат келтирган яхши, аммо бугун чет элларда сарсон-саргардон бўлиб юрганлар қанча. Уларнинг кўрган моддий фойдаларидан кўра маънавий зарарлари кўпроқ бўлмоқда. Баъзи бир аёллар ўзга юртларда фоҳишалик қилиб юрганлари бу миллатимиз учун айни исноддир. Бундан ҳам ачинарлиси баъзи юртдошларимиз эстремистик оқимларга қўшилиб кетаётганлиги ҳар бир виждонли кишини ташвишга солади. Озгина маблағ эвазига ватанини ўз юртини сотиб кетаётган кишилар бизнинг келажагимиз бўлган ёшларни йўлдан уриб ўз юртига қурол кўтарадиган манқуртлар қилиб тайёрлашига йўл қўймаслигимиз керак. Фарзандларимизда маънавий ҳимояни кучайтиришимиз, динимизнинг тинчлик ва меҳр-оқибат дини эканлигини уларнинг онгига чуқур сингдиришимиз керак.
Аввало, яхши билмоғимиз керакки, террористлар, турли кўринишдаги экстремистлар юрт тараққиётига, муқаддас динимизга путур етказмоқчи бўлган ғаламис, беватан, динсиз кимсалардир. Бизлар лоқайд бўлмаслигимиз керак. Бунга ҳаққимиз ҳам йўқ. Биринчи Президентимиз И.А.Каримов таъкидлаганларидек, «Ислом дини номидан қўпорувчилик қилаётган кимсаларни жиловлаб қўйиш ҳар бир иймонли кишининг, ҳар бир мусулмоннинг муқаддас бурчидир».
Х.Юсупов
Урганч тумани “Жон Хараш бобо” масжиди имом-хатиби