ИСРОФГАРЧИЛИК ЁМОН ИЛЛАТДИР

Афсуски, бугунки кунда баьзи кишилар еб-ичишнинг хилма-хил ва кўп бўлишини ҳаётнинг асосий мезони деб билишади. Баъзи одамлар озиқ-овқатни исроф қилиш деганда уни емай ташлаб юборишни тушунадилар. Аммо шуни ҳам билиш керакки, керагидан ортиқ емоқ ва ичмоқ хам исрофдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида марҳамат қилиб айтадилар: “Одам боласи тўлдирадиган идишларнинг энг ёмони қориндир. Одам боласига қаддини турғизадиган емаклар етади” деганлар.
Бугунги кунда озиқ-овқатни исроф даражасида ортиқча истеъмол қилишнинг соғлиққа зарари яққол намоён бўляпти. Ҳозирги даврнинг кўпгина хасталикларига мана шундай исрофгарчиликлар сабаб бўлмоқда. Аллоҳ таоло Қурьони каримда марҳамат қилади: “Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки, Аллоҳ исроф қилувчиларни севмас” (Аъроф сураси 31-оят) Ушбу ояти каримадан билиб олсак бўладики, Аллох таолонинг ҳалол қилиб берган нозу-неъматларини еб-ичишлик гуноҳ эмас, балки уларни аксинча, исроф қилиш гуноҳ ҳисобланади. Хонадонларимизда ортиб колган таомлар ташлаб юборилмокда. Ахлат уюмлари орасида энг азиз неъмат булмиш нон ҳам пайдо бўлгани ачинарли бир холатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Нонни эъзозланг, чунки у Аллоҳ таолонинг осмон баракотларидан бўлиши билан бирга, ернинг баракотли неъматларидан ҳам ҳисобланади”, деб марҳамат қилдилар.
Зиёфат ва маросимларни бошқаларникидан кўра бир неча баробар дабдабали, серчиқим килиш ҳам халкимиз орасидаги исрофгарчиликнинг бир кўринишларидан десак муболаға бўлмайди. Тўйхоналаримизда ўтказадиган тўй-ҳашамларда дастурхонимизга тортиладиган нозу-неъматларнинг кўплигидан, ранг-баранглигидан, ҳамма ҳайратда қолади. Лекин ҳамма ишда ҳам меъёр яхши. Менга бойлик берилди деб уни ҳар томонга сочавериш яхши иш эмас. Бунинг ўрнига маҳаллаларимизда ночор яшаётган, кам таъминланган оиланинг кам-кўстини килиб бериш, шу билан биргаликда шартнома асосида олийгоҳларда таълим олаётган талабаларга ёрдам бериб юбориш, ўғлини уйлантириш учун маблағ топа олмаётган бир оиланинг мушкулини осон килиш мумкинку. Мана шундай хайрли ишларни қиладиган бўлсак улуғ савобларга эришган бўламиз, шу билан биргаликда энг асосийси Аллоҳнинг розилигини топган бўламиз.

Ҳ. Қиличов
Ҳазорасп туман Питнак шаҳар “Аҳтам Сооҳоба” масжиди имоми

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *