ИСРОФ АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ ҒАЗАБИНИ КЕЛТИРАДИГАН АМАЛЛАРДАНДИР!

Шариатимизда ҳар бир нарсани меъёрида қилиш тавсия этилади. Бир нарсани жуда ошириб ҳам юборилмайди ва аксинча, жуда йўқ даражага ҳам тушуриб қўйилмайди. Балки ўрта меъёрида адо этилади. Меъёрдан ошириб юбориш исроф, деб қаралади.

Қуръони каримда бу ҳақда ҳам баёнот келгандир. Аллоҳ таоло Исро сурасида марҳамат қилади: “(Бахиллик қилиб) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. (Исрофгарчилик қилиш билан) уни бутунлай ёйиб ҳам юборманг! Акс ҳолда, маломат ва маҳрумликда ўтириб қолурсиз” (Исро сураси, 29-оят).

Ўртача, мўътадил туриб, хасислик ҳам қилмасдан, исроф ҳам қилмасдан молини Аллоҳ таоло айтганидек, шариат кўрсатганидек тасарруф қилса, Аллоҳ таоло унинг садақаси, хайр-эҳсонининг ўрнига бандаси кутмаган томондан яна бошқа неъматлар ато этиб, баракасини беради.

Молни зое қилиш, исроф қилиб, беҳуда кетказиш Аллоҳ таолонинг ғазабини келтирадиган амаллардан ҳисобланади.

Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Албатта Аллоҳ сизлар учун қийлу-қолни, кўп саволни ва молни зое қилишни ёмон кўрди” (Имом Муслим ва Имом Аҳмад ривояти).

Исрофгарчиликга йўл қўймаслик кишининг дунё ва охиратдаги ҳасрат-надоматларидан сақловчи омиллардан биридир. Абу Барза асламийдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Қиёмат куни ҳар бир инсон (тўрт нарса ҳақида) сўралмагунигача жойидан жилмайди: Умрини қандай ўтказгани, илмига қандай амал қилгани, молини қаердан топгани ва қаерларга сарфлагани, жисмини нима билан қаритгани» (Имом Термизий ривояти).

Хонадонимизда ортиб қолган таомларни ташлаб юборилиши, зиёфат ва маросимларни дабдабали, сер чиқим қилиш ҳам айни пайтдаги исрофнинг кўринишларидан биридир. Бунинг ўрнига маҳалладаги ночор яшаётган бир фақир оиланинг кам-кўстини қилиб бериш, ўқиш пулини тўлай олмаётган бир талабага ёрдам бериш, ўғлини уйлантириш учун маблағ топа олмаган бир оилани мушкулини осон қилиш, қарзини тўлай олмаётган бир танишни қўллаб юбориш мумкин.

Бугунги кунда тўй маросимларимизда ҳаддан ташқари дабдабабозлик, манманлик ва исрофгарчиликлар авж олмоқда. Манашу нарса аксар оилавий можаролар, уруш-жанжаллар, ажралишлар, қудалар ўртасидаги совуқчилик ваҳоказо салбий оқибитларни келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.

Энг ёмони, айрим пул топиб ақл топмаган, маънавий савияси паст кимсалар тўй-ҳашамлар, маъракаларни ўтказиш бўйича мусобақа ўйнаб, турли-туман янги одатларни ўйлаб топяпти. Буларни эшитиб, баъзан одам ҳайратдан ёқасини ушлаб қолади.

Тўй-маърака — бу фақат шахсий иш эмас, балки ижтимоий масала ҳисобланади. Шундай экан, бу борада ўзбошимчалик қилиш, пулни ўзим топдимми, уни хоҳлаганча сарфлайман дейиш жамоатчиликкка нисбатан ҳурматсизлик ёки уларни назар писан қилмаслик саналади.

Исломда никоҳ тўйи зиёфати ва умуман бировга таом бериш маросимларидан асосий мақсад ҳожатманд кишиларни таомлантириш, уларнинг кўнглини кўтаришдир.

Юқорида айтиб ўтилганлардан маълум бўлмоқдаки, исрофгарчилик якка шахслар учун ҳам, оилалар учун ҳам ўта зарарли ижтимоий иллат экан. Унинг зарари бу дунё билан чегараланиб қолмай, охиратга ҳам ўтар экан.

Шунинг учун исрофгарчиликка қарши биргаликда курашишимиз ҳамда якка ҳолда оила даврасида ва жамият билан бирга исрофга қарши туриш бурчимиз эканини англаб етишимиз ҳамда унга амал қилишимиз лозимдир.

Н.Шожонов

Янгиариқ тумани “Хожи бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *