“САЛАФИЙЛАР”МИ? ЁКИ МАЗҲАБСИЗЛАРМИ?

Барчамизга маълумки ислом уммати барча даврларда қуръон ва суннатга амал қилиб,ўзидан олдиги солиҳ зотлар,саҳобалар,тобеъинлар ва табаъа тобеъинлар йўлини тутиб келган.Ҳеч қачон зарррача бу йўлдан айро тушмаган.

Аммо кейинги икки асрда ўзларини “салафийлар”миз деб атаётган тоифалар чиқиб,баъзи ёшларимизнинг эътиқодига дахл қилмоқдалар.Яна ўзларидан бошқаларни адашганликда айблашиб,ҳақиқий содиқ салафларга эргашган ва шуларнинг мазҳабини тутган мазҳаб бошиларимизга таъна дашном тошларини отмоқдалар.

Ҳўш салафи солиҳлар кимлар ўзи?

“Салаф” сўзи луғатда – “аввал яшаб ўтганлар”, “аждодлар”, “ўтмишдошлар” деган маъноларни англатади. Шаръий истилоҳда “салаф” сўзи муайян бир давр билан боғлиқ маънони англатади.

Салафи солиҳлар—Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом тарафдан мақталган, илк ҳижрий уч аср авлодларидир. Шу  даврда яшаб ўтган саҳоба, тобеъин ва табаъа тобеинлардан иборат олиму фузалолар, мужтаҳидларни “салафи солиҳлар” атамаси мутлақ ўз ичига олади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар:

 “Инсонларнинг энг яхшиси менинг асрдошларим. Сўнгра уларга яқин бўлган (тобеъин)лар. Сўнгра, уларга яқин бўлган (табаъа тобеъин)лардир. Улардан кейин ёлғончилик тарқалиб кетади. Ҳатто бирор кишики, ундан гувоҳлик сўралмасада (ёлғондан) гувоҳлик бераверади, ундан қасам ичиш сўралмасада (ноўрин) қасам ичаверади”.

Шу ҳадисга асосан Ислом динининг дастлабки уч асрига мансуб авлодлари энг яхши солиҳ инсонлар, деб эътироф этилади. Бугунги кунда машҳур тўрт фиқҳий мазҳаб—Ҳанафий, Моликий, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаби муассислари ва уларнинг асҳоблари айни юқоридаги ҳадисда мақтаб ўтилган авлод вакилларидан ҳисобланадилар. Улардан кейинги давр—ҳижрий тўртинчи асрдан кейинги барча давр вакилларидан иборат халаф олимлари, фозил-у авлиёларга ҳам “салафи солиҳ”, “салафий”, деган атамани ишлатилмайди.

Энди эса ўзларини “Салафийлар” миз деб даво қилаётганлар кимлар эканлигини билиб олайлик.

Салафийлар—ҳижрий еттинчи асрнинг охирларида Аҳмад ибн Таймия ал-Ҳарраний (661-728 ҳ.) бошчилигида, асосан аҳли сунна имоми—имом Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳ томондан талқин қилинган ақоидий ислоҳотларни рад қилиш билан ўртага чиққан тоифадир. Аҳмад ибн Таймия ва унинг яқинларидан иборат саноқли шахсларнинг фикрича, имом Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳ таълимотида аҳли ҳадислар ақоидига зид бўлган мафкура ва қарашлар мавжуд бўлган. Ибн Таймия имом Ашъарий ўз таълимотида, Аллоҳнинг исм ва сифатлари масаласида зарурат юзасидан қўллаган таъвил услубини инкор этади, оят ва ҳадисларнинг зоҳирига биноъан ҳукм қилиш лозимлигини таъкидлаб, насслардаги мажозни рад этади. Шу йўл билан у гўёки, аҳли ҳадислар  ақоидини қайта  жонлантирмоқчи, таҳриф ва табдилларни йўқ қилмоқчи эканини иддао қилади.

Ибн Таймия ўз йўналишини “Манҳажу салафис-солиҳ” (салафи солиҳлар йўли), деган ном билан атайди. Ва ана шу манҳаж асосида ҳаёт кечириш кераклигини такидлайди. Натижада у асос солган оқимни унинг тарғиботчилари томондан “САЛАФИЙЯ”, деб танитила бошланди. Нимагаки, унда Ислом аҳкомлари замон талабига  эмас, балки салафи солиҳлар даври—ҳижрий сананинг дастлабки уч асрига мос тарзда ижро этилишига жиддий аҳамият берилар ва шундай йўл тутишга тарғиб қилинар эди. Уларнинг айтишича, “салафийлик” йўли фақат китоб (Қуръони карим) ва суннати набавия асосига барпо қилинган бўлиб, унда Ислом дини аҳкомлари қайта жонлантирилади, унутилган ва ўзгартилган ҳукмлар асл ҳолига қайтарилади. Ислом бидъат ва ҳурофотлардан тозаланади, куфр ва ширкий ақидаларга барҳам берилади. Мана шу ғоя “салафийлик”нинг бошқа диний гуруҳлардан ажратиб турувчи энг асосий ғоясидир.

Ибн Таймия тарафдан “Исломни қайта жонлантириш, салафлар йўлига қайтиш” шиорлари остида, унга қадар бутун мусулмон умматида бўлмаган янги фикрлар, мужтаҳидлар ижмоъсига хилоф қарашлар, тўрт мазҳаб уламоларининг на фиқҳий ва на ақидавий асосларига мос бўлган ҳукмлар ошкор қилина бошлади. Тарихчиларга кўра, Ибн Таймиянинг ақидавий ва фиқҳий масалаларда мужтаҳидлар кенгаши—ижмоъга хилоф назариётлари умумий ҳисобда олтмишга яқин масалада бўлган. (Ижмоъга хилоф фикр билдириш—бу ҳаракат аҳли сунна уламолари томондан баъзи ўринларда куфр, баъзи ўринларда бидъат-залолат, деб баҳоланади ва исломда қаттиқ қораланади).

Уларнинг қарашлари асосан 18-асрнинг ўрталарида яшаб ўтган наждлик Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобнинг мутаассибона ғоялари устига қурилгандир. Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобнинг қарашлари эса Ислом динида биринчи бўлинишга сабаб бўлган Хаворижлар ақидаси билан йўғирилган.

Салафийлик ғояси тарафдорларининг асосий мақсадлари Қуръон ва суннатни ўзларича маҳкам тутиш ва қарийб 13 асрдирки Ислом умматининг бирдамлигини таъминлаб келаётган фиқҳий мазҳабларни йўқ қилиб, уларни илдизи билан қўпориб ташлашдан иборат. Уларнинг даъвосига кўра, гўё мусулмонларнинг ихтилофдан нажот топиши фақат Қуръон ва ҳадисни қаттиқ ушлаш билан бўлади, мазҳаблар мавжуд бўлар экан, Қуръон ва ҳадисни маҳкам ушлаш амри маҳол эмиш.

Воқеъликда эса, улар мазҳаблар орасидаги жузъий ихтилофларни қоралаган ҳолда, ҳаммани мазҳабни ташлашга ҳамда Қуръон ва ҳадисларни ўрганиб, тушунганича уларга амал қилишга, бошқача қилиб айтганда, ҳаммани ўзи ижтиҳод қилишга чақирадилар. Бу эса, шубҳасиз, янада ихтилофлар ва қарама-қарши фикрларнинг кўпайишига олиб келади. Агар мазҳаблар орасидаги ихтилофлар маълум чегара билан чекланган бўлса, мазҳабсизликнинг бу даъвати эса чексиз ихтилофларга сабаб бўлади ва мусулмонлар ҳаётида  даҳшатли фалокатларни келтириб чиқаради.

Қолаверса, асрлар давомида барча мусулмонлар амал қилиб келган анъанавий мазҳабларни ва унга эргашган мўмин-мусулмонларни адашганлик ва залолатда айблашнинг ўзи улкан бўхтондир. Бу Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатига ҳам тўғри келмайди. Зеро у Зот: яъни “Аллоҳ умматимни бирор залолатга жамламас”, — дея марҳамат қилганлар (Имом ибн Можа ва Имом Табароний ривоятлари). Машҳур саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу шундай дейдилар:

Мусулмонлар яхши деб билган нарса Аллоҳнинг ҳузуруда ҳам яхшидир” (Имом Аҳмад ривоятлари).марҳум Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “салафийлар” деб атаётганларга раддия сифатида “Салафийлик исломий мазҳаб эмас, балки у муборак давр босқичидир” номли асарларида жумладан шундай дейдилар: “Ислом динининг ўтаган ўн тўрт асрлик тарихи давомида бирор мўътабар имом ёки уламодан эшитмаганмизки, мусулмонларнинг ҳидоятда бўлишларининг ҳужжати “салафийлар” деб номлаган гуруҳга мансуб бўлиш ҳисобланса. Балки, “салафийлик” деган гуруҳга мансуб бўлишнинг ўзи айни бидъатдир” (231-232-бетлар).

Хулоса қилиб айтганда ота-боболаримиз, минг йиллик муъмин-мусулмонлар барчаси аҳли сунна вал-жамоа таълимотида бўлиб келишган. Бирок, йигирманчи мелодий асрнинг ўрталарига келиб, аҳли сунна вал-жамоадан оғишган ваҳҳобийлик оқими тизимидан сизиб, янги ва сохта салафийлик юзага келди. Асрлар давомида Ислом уламолари томонидан ёзилган асарлар ва орттирилган малака, эришилган ютуқларни рад этиб, фақатгина “салафи солиҳлар” даврини эътиборга олиш даъвосида бўлиш сохта салафийликнинг тор моҳиятини намоён этади.

Қ.Искандаров

Боғот тумани “Абдол бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.