Аввал ўтган салаф зотларни биз ҳурмат қилишимиз лозим бўлади. Чунки улар саҳобалар замонидан кейин келган замонларнинг энг яхшисидир. Уларнинг эҳтироми тутган йўлларида уларга эргашиш билан бўлади. Лекин фикрий (ижтиҳодий) йўналишларида эса ҳамма нарсада уларни лозим тутиш (эргашиш) шарт эмас. Биз биламизки салаф ва халаф уламоларининг Аллоҳ таоло хусусида “яд”, “айн”, каби сифатларни исбот қилган муташобиҳ оятларга нисбатан тутган ўринлари ҳар-хилдир. Салаф уламолари, Аллоҳ таолога ўхшаш нарса йўқдир деган эътиқод билан бирга муташобиҳ оятларни ўз зоҳирича қолдириб (таъвил қилмай) имон келтирадилар. Халаф уламолари эса мазкур сифатларни “қудрат”, “иноят” маъноларига, яъни манашу маъноларни ўз ичига оладиган мазмумнга таъвил қиладилар. Калом уламолари наздида бу борада бир сўз айтилади : “салафларнинг мазҳаби саломатлироқдир, халафларнинг мазҳаби мустаҳкамроқдир” .
Ислом дини бирор бир фикрга нисбатан, модомики унга хилоф келадиган фикр бўлар экан мутаассиблик қилишга йўл қўймайди. Манашу умумий суратда ижтиҳодий фикрлар борасида амал қилиниши керак бўлган ишдир. Ақийда саломат турар экан, фаръий масалаларда маълум ва машҳур бўлган мазҳабларнинг бирортасига эргашишнинг зарари йўқ.
Шу ўринда эслатиб ўтиш лозимки пайдо бўлган фирқаларнинг кўпчилиги мазмун жиҳатдан бир хил ёки бир бирига яқин бўлган турли туман ном ва атамалар билан бош кўтариб чиқишди. Шу билан бирга уларнинг ҳаммаси ўзини “нажот топувчи фирқа ” деб даъво қилмоқда. Гоҳида бирор фирқа ўзидан бошқа фирқаларни “ нажот топишга лойиқ эмас” деб очиқ ойдин айтмоқдалар. Аллоҳ таолождан барчага ҳидоят насиб этишини тилаймиз. Токи душманларнинг ёвуз тадбир ва макрларига ёрдамчи бўлиб қолмасинлар.
М.Мансуров
Қўшкўпир тумани бош имом-хатиби