МАЗҲАБСИЗЛИК ДАЪВОСИНИ ЁЙИШНИНГ ЎЗИ ИХТИЛОФДИР

Бугунги кунда Ислом динига нисбатан бутун дунёда қизиқиш ва интилиш кучайиб, унинг шуҳрати  янада  кенг  ёйилаётганлиги ҳаммага маълум. Аммо буни кўра олмайдиганлар томонидан бунга қарши турли найранглар ўйлаб топилаётганлиги ҳеч кимга сир бўлмай қолди. Мусулмонлар орасида фитна қўзғаб, ўзаро келишмовчиликларни келтириб чиқариш ва жамият ҳаётида барқарорликни издан чиқаришда Исломни нотўғри талқин қилиб, унинг номидан турли нотўғри ғоя ва оқимларни пайдо қилиш энг  сермаҳсул қуролга айланиб қолди. Айни шу асосда мазҳабсизлик муаммоси ҳам пайдо бўлганлиги эҳтимолдан холи эмас.

Холбуки Аллоҳ таоло ўзининг китоби бўлмиш Қуръони Каримда мўмин бандаларига хитоб қилиб: «Аллохнинг арқонини махкам ушланг ва тафриқаларга бўлинманг», деган!

Шу тариқа утган ота-боболаримиз  ислом динининг гўзал таълимоти  бизгача етиб келишида асосий восита бўлган Абу Ханифа мазхабини махкам ушлаганлар. Тафриқаларга бўлинмаганлар.

Мазҳабсизлик ва  ғоялари эса  асрлар давомида ўтган минглаб олимларнинг қилган меҳнатларини бекорга чиқаради. Асрлар давомида барча мусулмонлар амал қилиб келган анъана нотўғри, шунча мусулмон адашган экан, деган хулосани келтириб  чиқаради. Бундай бўлиши мумкин эмас, буни тилга олишнинг ўзи қийин.

Бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатига ҳам тўғри келмайди, зеро у киши шундай марҳамат қилади: «Аллоҳ умматимни бирор залолатга жамламас».

Бошқа бир ҳадисда «Мусулмонлар яхши деб билган нарса Аллоҳнинг ҳузуруда ҳам яхшидир», – дейилган.

ХХ аср сўнггида мусулмон оламида ислом ниқоби остидаги ақидапарастлик гуруҳларидан ташқари яна бир таҳдиднинг янги қатлами намоён бўлди. У ҳам бўлса юқорида айтганимиздек мазҳабсизликка чақирувчилар тоифалардир. Бу ҳаракат тарафдорларининг даъвосича, Исломда унга эътиқод қилувчи шахс учун суннийликдаги тўрт ёки ундан бошқа фиқҳий мазҳабларнинг бирига эргашишлик шартмас дейишади ва шу тариқа уммат ичига фитна уруғини сочишади.

Аслида, мазҳабсизлик даъвосини ёйишнинг ўзи ихтилоф манбаи бўлиб, Ислом дини, хусусан мусулмонлар бирлигига улкан таҳдид туғдирадиган омил эканлигига шубҳа йўқ. Улар ўзларини мазҳабсиз деб даъво қиладилару, аслида ўзлари ҳам намоз ва бошқа ибодатларда ўша тўртта машҳур мазҳаб имомларидан бирига эргашади. Мазҳабга эргашиш аслида залолатдан узоқ бўлмоқ демакдир. Мазҳабсизлик эса айни залолатдир.

Бугунги кундаги Мутаассиб, мазҳабпараст сўзлари одатан салбий маънода қўлланувчи сўзлар бўлиб, нотўғри нарсага кўр-кўрона ишониш, шу нарсада қайсарлик билан оёқ тираб олиш, ноҳақ душманлик қилишга айтилади. Тўғри йўлда ёки тўғри фикрда мустаҳкам турганларни мазҳабпараст ё мутаассиб эмас, аксинча ҳақ устида собитқадам дейилади. Динимиз ҳам аслида шунга амр қилади. Нотўғри йўлда, ишда ва фикрда оёқ тираб туриб олганларга эга «мутаассиб», «қайсар» ва «кўркўрона эргашиб кетувчи гумроҳ» дейилади. Аслида бу лақаблар тўрт ҳақ фиқҳий мазҳаблардан бирортасида собитликни хушламайдиган, ўзларича амал қилувчи ўзбошимча мусулмонларга қўлланса тўғрироқ ва мосроқ бўлади.

Аслида, эса “бемазҳаб” атамаси аҳли суннанинг сўзи эътиборли олимлари томонидан тўрт ҳақ мазҳабдан бирида собитликни инкор этиб, ижтиҳод даъвоси билан ўртага чиққан ва оммани ҳам шунга ундовчи кишиларнинг “биз мазҳабга қарамаймиз, мазҳабни бидъат деймиз,  ўзимиз Қуръон ва ҳадисдан ижтиҳод қиламиз, мазҳаб аҳлидан эмасмиз, биз саҳобалар давридаги каби ибодат қиламиз“ деб жар солувчи бемазҳабларга нисбатан айтилган ҳукмдир!

Улар тўрт мазҳабдан бошқа мазҳабда эканликларини даъво қилсалар ва сизга уларнинг бу жим-жимадор сўзларига алданиб қолмасликни маслаҳат берамиз. Негаки, биринчидан, улар “мазҳаббош”лари ким эканликларини очиқ айтишмайди.

Иккинчидан, уларнинг “мазҳаббош” раҳнамоларини бирор аҳли сунна  олимлари тарафдан эътироф этилмаган.

Учинчидан, фаразан бешинчи мазҳабни ташкил этсалар, тўрт мазҳабдан  ижтиҳод борасида устун эканликларини ҳали бирор йўналишда исбот қила олишмаган.

Тўртинчидан, эътирофли тўрт мазҳабни рад этиш орқали қанча-қанча ояту ҳадисни тан олмаслик ҳаракатида бўлишади ва баъзилари шуни тескари таъвил қилишга уринишади. Тўрт мазҳаб вакиллари эса ҳамма ояту ҳадисни бир хил кўришади. Илмлари кучли бўлмаганлиги юзасидан, қайси оят ёки  ҳадис носих мансухлигини англашга, улардан ҳукм чиқаришга ожизлиги, ҳавою нафсларига мослаб ҳукм чиқариб олмасликлари учун бутун дунё тан олган улуғ мужтаҳидларга эргашишликни афзал билишади. Зеро бугунги кунда бу мазҳаббоши имомлардай илм ва тақво соҳибига айланиш, фақат орзу эканлиги ҳаммага маълум ва машҳурдир.

А.Рахимов

Ҳазорасп тумани “Сулаймон Боқирғоний” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *