ЕТИМЛАРГА ҒАМХЎРЛИК-УЛУҒ САВОБ

Муқаддас ислом динимизда жамиятнинг ҳар бир аъзосига алоҳида эътибор билан қаралади. Катта ёки кичик бўлсин, ҳар бир инсон ҳурмат-эҳтиромга лойиқдир. Инсоният яралибдики, турли тоифадаги одамлар, ёшлигидами ёки қарилигидами бошқа бировларнинг моддий ва маънавий кўмагига муҳтож ва меҳр-оқибатга ташна бўлишлигини Аллоҳ таоло ер юзида жорий қилиб қўйган. Хусусан, етим болалар айнан ёрдам ва эътиборга лойиқ жамият аъзоларидир. Меҳр-мурувватга ташна, моддий-маънавий кўмак ва ҳимояга муҳтож бўлганлар, ота-онасидан айрилганлар-етимлардир. Динимиз таълимотида инсониятни ўзаро бир-бирларига яхшилик қилишга, муҳтожларга ёрдам кўрсатишга буюрилар экан, унда етимлар масаласига аҳамият берилган. Зеро, етимпарвар ҳар бир жамиятда меҳр-оқибат, барака ҳамда хотиржамлик ҳукм суради. Аллоҳ таоло баъзи бандалари тақдирига етим бўлишликни битиб қўйиб, жамиятдаги бошқа шахсларнинг етимларга бўладиган муносабати, уларнинг мол-мулкларига оид ҳукмларни ҳам Қуръони каримда ва Ўз Пайғамбари Муҳаммад с.а.в.нинг ҳадиси шарифлари орқали баён қилиб берган.

Етимларнинг ҳақ-ҳуқуқларига риоя этмаслик, уларнинг молларини зулм ила ейишлик оғир окибатларга олиб келади. Бу хакда Аллох таоло шундай деб мархамат қилади:

«Албатта, етимларнинг молини зулм ила еганлар қоринларида оловни еган бўлурлар. Ва, шубҳасиз, дўзахга кирурлар» («Нисо» сураси, 10-оят).

Ояти кариманинг услуби ғоятда таъсирчанлиги кўриниб турибди. Аввало, ким етимларнинг мол­ларини зулм ила еса, қоринларидаги у нарса қиёматда оловга айланади. Демак, етимнинг молини ноҳақ еган одам ичию ташидан ўт азобига гирифтор қилинади. Нақадар даҳшатли хол! Накадар аламли!

Бу ояти каримада келган маънони таъкидловчи, шарҳловчи кўпгина ҳадиси шарифлар бор. Имом Бухорий Абу Хурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий алайхиссалом: «Халок этувчи етти нарсадан четда бўлинглар», — дедилар. «Улар нималар, ё Расулуллоҳ?» — деб сўралди. Ул зот: «Аллоҳга ширк келтириш, сеҳргарлик, Аллоҳ манъ қилган жонни ўлдириш, рибохўрлик, етимнинг мо­лини ейиш, уруш куни қочиш, покиза мўмина аёлларни зинода тухмат қилиш», — деб жавоб бердилар.

Машҳур тафсирчилардан ас-Суддий: «Қиёмат куни етимнинг молини еган одам оғзидан, қулоқларидан, бурнидан ва кўзларидан олов чиқиб турган холда тирилтирилади. Ҳар бир кўрган одам у етимнинг молини еганини билиб олади», деган.

Етимлар жамиятнинг энг ожиз ва ҳимоясиз қатламидир. Шунинг учун ислом динида уларга ғамхўрлик қилиш, яхши муносабатда бўлиш, уларни тарбиялаш ва молларини омонат билиб тасарруф қилиш савобли амаллардан саналади. Етим вояга етгунича унинг мол-мулкини авайлаб сақлаш, унга хиёнат қилмаслик, ҳалол йўл билан уларни кўпайтириб бориш чораларини кўриш мусулмонларнинг бурчидир. Аксинча, етимнинг ҳимоясизлигидан фойдаланиб, унинг молини ўзлаштириб олиш ёки унинг молидан ўринсиз жойларга сарфлаш ёки йўқолишига йўл қўйиш айни гуноҳ ишлардандир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳам етимлар борасида жуда кўп ҳадислар ривоят қилинган. Мазкур ҳадисларда етимларга адолат ва меҳрибонлик билан муносабатда бўлиш, уларнинг ҳаққига тажовуз қилмаслик, етим қолган болаларни қарамоғига олиб, уларга чиройли тарбия бериш каби мусулмонларга хос сифатлар ибрат ўлароқ келтирилган.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўз етимини ёки бегонанинг етимини кафолатига олган, агар Аллоҳга тақво қилса, мен билан жаннатда мана бундай бўлади», — деб икки бармоқларига ишора қилдилар».

Етимни ўз қарамоғига олиб, уни кийдириб, едириб-ичириб, тарбиялаб вояга етказган одам жаннатда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида бирга туришга мушарраф бўлади. Бу жуда олий мақом. Шунинг учун, мўмин-мусулмонлар етимларнинг холидан хабар олишга, уларга ёрдам бериш, тарбиялашга катта ахамият беришлари керак.

Мана шундай буюк шараф ваъда қилинган ҳадисларга амал қилган холда бу масала мусулмон умматида қадимдан ниҳоятда яхши йўлга қўйилган эди: етимларга вақфлар қилинган, уларга тарбия берилган, беэътибор қолдирилмаган.

Динимизнинг қанчалик етимпарварлигини ушбу ҳадислардан ҳам билиб оламиз.

Абдуллоҳ ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: яъни: «Қайси мусулмон бир етимни тарбиялаб, ўзи егани-ичганига шерик қилса, агар кечирилмас гуноҳи бўлмаса, Аллоҳ таоло уни жаннатга киритади», деганлар (Имом Термизий ривояти).

Шу боис барчаларимиз атрофимиздаги етимларга мусулмонларга хос меҳрибонлик, раҳм-шафқат кўрсатайлик, уларнинг аҳволидан ҳамиша хабардор бўлайлик, уларга қўлимиздан келганича ёрдам ва шафқат кўрсатайлик. Аллоҳ таоло барчаларимизни етимлар борасидаги динимиз таълимотларига оғишмай риоя қилишни ва етим қолганлардан шафқат, ҳиммат ва саховатимизни аямай, икки дунё саодатини қўлга киритишимизни насиб айласин.

Х.Аҳмедов

Шовот тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *