Исломда Ватанга муҳаббат бу – туғилиб ўсган юртини эъзозлаш, унинг равнақи учун бор имкониятини сарф қилишдир! Мусулмон киши Ватанини севади! Унинг иқболи учун ҳаракат қилади, уни ҳимоя қилади, хурсанд бўлса – хурсанд, хафалик етса – қайғуради.
Шунинг учун ҳам киши ўз юртидан узоқлашганда, уни қумсайди ва соғинади. Ислом тарихидан маълумки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ватанлари Маккаи мукаррамани яхши кўрар эдилар. У Зот ёлғиз Аллоҳга имон келтиришга даъват қила бошлаганларидан сўнг Макка мушрикларининг зулмлари ҳаддан ошиб, Расулуллоҳнинг жонларига қасд қилиш даражасига борганларидан сўнгина Аллоҳнинг буйруғига биноан, Маккадан чиқиб кетишга мажбур бўлдилар. Чиқиш вақти келганида, кўзларига ёш олдилар, кўнгиллари бўшаб, Маккага қараб шундай дедилар:
“(Эй Макка), сендан кўра менга севимлироқ ва суюклироқ шаҳар йўқ! Агар қавмим мени сендан чиқармаганида, асло сендан бошқа жойни макон тутмасдим” (Имом Термизий ривоятлари).
Инсоннинг ўз Ватани олдида бир неча вазифалари бўлиб, уларнинг энг муҳимлари учтадир:
- Ватаннинг ҳаққига дуо қилиш. Чунки пайғамбарлар ўз ватанлари ҳаққига дуо қилганлар.
- Ватан ободлиги учун моддий ва маънавий ҳисса қўшиш.
“Қиёмат қоим бўлиб қолса-ю, бирингизнинг қўлида кўчат бўлса, у қоим бўлгунича экишга улгурса, экиб қўйсин” (Имом Бухорий ривоятлари).
Ҳадиси шарифда инсон ўз ҳаётининг охирги лаҳзасини ҳам ғанимат билиб, яшаб турган жойини обод қилиш, уни гуллаб-яшнатишга тарғиб қилинмоқда.
- Ватанда фасод ва бузғунчилик ишлари билан машғул бўлмаслик.
Ҳар бир шахс ўзи яшаб турган жойини ардоқлаб, уни ҳимоя қилиши – ўз жони, моли, ота-онаси ва фарзандларини ҳимоя қилиш ҳисобланади.
Киши Ватанига хиёнат қилиши, ундаги ота-онаси, фарзандлари ва халқининг қадрига етмаслиги, уларни ўйламасдан Ватанга қарши қурол кўтариши – исломдаги энг оғир гуноҳ ва жуда катта жиноятдир!
Ватанни севишимизга бир қанча сабаблар бор. Жумладан, Аллоҳ таоло тақдиримизни шу ерга битди. Шу Ватанда туғилиб ўсдик, тарбия топдик. Бу Ватанда энг севимли қариндошларимиз, яқинларимиз яшашади. Бунинг зиёдасига бу заминни сон-саноқсиз улуғ зотлар, Аллоҳнинг дўстлари ватан тутишган.
Афсуски, айрим Ватан қадрига етмаган кимсалар, гўёки “ҳижрат қилиш фарз” деган сохта даъволарни қилиб, оиласи бағрида тинч, осуда ҳаёт кечираётган мусулмонларни ўзга юртларга чиқиб кетишга даъват қилмоқда. Аммо бугунги кунда турли сиёсий кучларнинг қўлида қўғирчоқ бўлаётганлар дунёнинг нотинчлик ҳукм сурган ва ўзлари қўним топган минтақаларига таассубга берилган шахсларни бир жойга жамлаш ва шу орқали хомийларининг режалаштирилган сиёсий мақсадлари йўлида ҳаракатланишмоқда.
Хусусан, улар илм-маърифатдан йироқ, жоҳил кимсаларни ўз атрофларига тўплашга интилиб, ислом диёри бўлган, азон айтиладиган, жума ва ҳайит намозлари бемалол ўқиладиган, хуллас, исломнинг беш арконлари эмин-эркин адо этилиб, мусулмончилик амалда бўлган ва ўзлари тинчлик-хотиржамликда ҳаёт кечираётган ватанларини тарк этишга тарғиб қилмоқдалар.
Бунинг оқибатлари эса ҳаммамизга аён. Шундай экан, ҳар биримиз Ватанимиз тинчлигини қадрига етиб, унинг ободлиги ва ривожланиши йўлида ўз ҳиссамизни қўшишимиз, кундан-кунга кўпайиб бораётган ислоҳот ва ютуқларига шукр қилиб, ҳар хил ёвуз ниятдаги кимсалардан уни кўз қорачиғимиздек асраб-авайлашимиз, Ватан равнақи йўлида хизмат қилаётган раҳбар ва юртдошларимизнинг ҳақларига дуолар қилиб, ибодатларимизни ўз вақтида бажариб, умргузаронлик қилишимиз мақсадга мувофиқдир.
Х.Адамбаев
Янгибозор тумани бош имом хатиби