Бугун мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган шароит ва имкониятлар кўлами чегара билмайди. Мустақил фикрлайдиган, замонавий илм-фан ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, ўз юрти ва халқига фидойи, аждодларимиз бошлаб берган ишни давом эттиришга қодир бўлган, ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни енгиб бўладими, деган саволни олдимизга қўйсак, албатта, йўқ, деб жавоб бера оламиз. Киши ўз фарзандларини уларнинг гўдаклик чоғларидан бошлаб тарбиялаши, одоб бериши лозим. Маълум ёшга етгач, баъзи нарсаларни болага қабул қилдириш қийин бўлади. Оила бошлиғи оила аъзоларининг баъзи айбларини кечириши, уларни қўрқитиб тарбиялашдан кўра кечириб юбориш йўли билан тарбиялаши керак бўлади.Аллоҳ таоло ота-оналарга қарата хитоб қилиб: “Ей, имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангиз”, дейди. Бинобарин, Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ҳар бирингиз мутасаддидир ва ҳар бирингиз қўл остидагилари учун масъулдир. Имом мутасаддидир ва қўл остидагилари учун масъулдир. Эркак ўз оиласида мутасаддидир ва қўл остидагилари учун масъулдир. Аёл эрининг уйида мутасаддидир ва қўл остидагилари учун масъулдир. Ходим ўз хожасининг мол-мулкида мутасаддидир ва қўл остидагилари учун масъулдир”. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти.
Юқоридаги оят ва ҳадисда, ҳар бир шахснинг жамият олдидаги масъулияти, ҳар бир эркакнинг ўз аҳли аёли олдидаги масъулияти, ҳар бир аёлнинг ўз эрининг хонадонидаги масъулияти ва барча инсонларнинг бошқа кишилар олдидаги масъулиятини баён қилиб берди.Гўзал хулқ инсондаги барча фазилатларнинг энг олий ва афзалидир. Чунки одоб ва гўзал ахлоқ эгаси бўлган кишилардан доимо яхшилик кутилади. Ўзига, оиласига, жамиятига ва бутун атроф-муҳитга ундан фақат манфаат етади. Ёшлар ҳар бир давлатнинг келажагини, салоҳиятини белгиловчи муҳим ижтимоий қатлам саналади. Зеро, ҳар бир жамиятнинг ҳолати, тақдири ва истиқболи унда яшаётган ёшларнинг салмоғи, маънавияти ва онглилиги даражаси билан белгиланади.Ёшлар жамиятнинг эртанги келажаги, унинг фаол аъзоси, таъбир жоиз бўлса жамият эртасининг муносиб ворисларидир. Энг муҳими, замонавий билим ва тафаккурга, соғлом дунёқарашга эга, ривожланган давлатлардаги тенгдошлари билан барча жабҳаларда беллашишга тайёр, кўзи ёниб турадиган навқирон авлодимиз катта ишонч билан ҳаётга дадил кириб келаётгани барчамизни қувонтиради. Шунинг учун ҳам ана шу қувончнинг бардавомлиги йўлида масъулиятни ҳис этган ҳолда ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратамиз. Зеро, Ўзбекистон келажаги — соғлом ва баркамол авлод қўлидадир.
У.Машарипов
Қўшкўпир тумани “Ҳазрати эшон бобо” масжиди имом-хатиби